Сиздан озод ва обод ватан қолди!
Бугун мамлакатимизнинг гуллаб яшнашида жонбозлик кўрсатган, жамиятнинг ҳар бир соҳасида ислоҳотлар амалга оширган, дунёда Ўзбекистон деб аталган юртнинг мустаҳкам ўрнини яратган, бутун миллат суяниб қолган, марҳум Юртбошимиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд кунларидир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори барча Ватандошларимизни қувонтирди.
Юртимиздаги кўплаб муассасалар, ташкилотлар, масжид, дорилфунунлар, иншоотлар ва кўчаларга у кишининг номлари қўйилиши ҳам ана шу ҳақли эътирофнинг бир намунасидир. Аммо юрт фарзанди учун энг улуғ хотира – халқнинг қалбидан ўрин олиш, Ватанининг тарихида яхши ном қолдиришдир.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, қатъияти ва матонати, олижаноб инсоний фазилатлари билан Мустақил Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди, ёрқин буюк шахс ва давлат арбоби сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юксак ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлди.
Мустақил давлатимизнинг биринчи раҳнамоси марҳум Юртбошимиз боқий дунёга риҳлат қилган бўлсаларда, жамиятимизда ўзимизга хос ва мос тизимни, йўналишни жорий қилиб кетдилар. Давлатимиз ҳар томонлама кучли ва жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган давлатга айланди. Албатта мана шу тинчлик ва ривожланишда давом этаверади. Шунинг учун келажагимиз ҳақида фақатгина эзгу умидларда бўлишимиз ва бу йўлда холисона хизмат қилишимиз лозим бўлади.
Жафокаш халқимизнинг бошига кўп мусибатлар тушган. Зеро, Аллоҳ таоло суйган бандасига турли синовлар, имтиҳонлар юбориб, унинг иймонини, иродасини пўлатни ўтда тоблагандек тоблаб турар экан. Ўзбек халқи ҳам сўнгги асрлар давомида, айниқса, кўп заҳматлар чекди, мустабид тузумнинг асоратида қолди. Бироқ, эрксевар халқнинг метин иродасини, порлоқ келажакка, ҳурриятга бўлган ишончини ҳеч нарса синдира олмади. Парвардигоримизнинг инояти ила халқимиз ичидан буюк ўғлонлар, асл қаҳрамонлар етишиб чиқиб, Ватан озодлиги, юрт ободлиги йўлида улкан ишлар қилиб, исмлари тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолди.
Ҳуррият тонги отиб, истиқлол қуёши чарақлагандан буён юртимизда иқтисодий юксалиш, диний эркинлик, бағрикенглик, ўзликни англаш, тикланиш тамойиллари мустаҳкамланди.
Юрт ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан обод бўлди: Ватанимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошди, иқтисодиётда қатор тармоқлар ривожланди, янгиларига асос солинди, кўплаб саноат объектлари барпо этилиб, ишга туширилди.
Мустақилликнинг чорак асрлик солномаси минг-минглаб бино ва иншоотлар, янги йўллар, кўприклар ва бошқа кўплаб қурилиш объектлари билан тўлиб-тошди. Шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон дунёда иқтисодиёти энг жадал суръатлар билан ривожланаётган бешта давлат қаторидан жой олди, юрт ободлиги, Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, халқ ҳаётининг тинчлиги, турмуш фаровонлиги таъминланди.
Шу йиллар давомида Ўзбекистон тинчликпарвар, халқпарвар ташқи сиёсат олиб борувчи, барқарорликни, ҳар қандай можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишни ёқловчи кучли давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.
Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов чорак аср “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деган умид ва ишончни намуналарини кўрсатиб улгурдилар ва ўргатдилар. Зеро, Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таьло Қуръони кариймда ваъда бериб, “Албатта бир қовм ўзларини (яхшиликка ёки ёмонликка) ўзгартирмаса, Аллоҳ уларни (яхшиликка ёки ёмонликка) ўзгартирмайди. (Раъд сураси, 11 оят). Яъни, қайсики халқ ўзи ёмонликка юз тутса, бадгумонлари кўпайса, ҳар хил фисқу фасодларга ишониб кетаверишса Аллоҳ уларга шу ёмонликни беради. Аксинча, қайси халқ яхшиликка юз тутса ва яхши умид ва ишончда яшаса, албатта яхшиликка етказади.
Халқимизнинг ана шу гўзал қадрияти бугун яна бир бор намоён бўлмоқда. Истиқлолимиз раҳнамоси, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот қилгандан буён у кишининг қабрини зиёрат қилиб, у кишининг ҳаққига тиловат қилиб, дуо қилаётганларнинг кети узилмаяпти. Ҳар куни мамлакатимизнинг турли бурчакларидан, хорижий давлатлардан зиёратчилар келиб, азиз юртбошимиз хотирасига ўз ҳурмат-эҳтиромларини билдирмоқда. Кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ушбу масканни зиёрат қилиб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган буюк сиёсатчи бўлганини таъкидламоқда. Умуман, бугун Самарқандга келаётган ҳар бир инсон зиёратни ушбу маскандан бошламоқда. Марҳум юртбошимизнинг халқ учун, эл-юрт фаровонлиги учун қилган ҳар бир хайрли иши эътироф этилиб, миннатдорлик билан ёдга олинмоқда.
Уламоларимиз “Исломда ватанга муҳаббат бу – “асабият” эмас, яъни инсон ўзини бошқалардан устун қўйиш, адоват қилиш, нафратланиш, бошқаларга ҳийла найранг ўтказиш дегани эмас. Худди шунингдек, тафриқа ёки тарафкашлик дегани ҳам эмас. Балки туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир” деганлар.
Демак, мусулмон киши ватанини севади. Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади. Инсон Ватан менга нима берди, деб эмас, балки мен ватанимга нима қилдим, деган олий туйғу билан яшамоғи лозим.
Ишонамизки, юртимиз узра истиқлол қуёши мангу порлагай, халқимиз ўзи танлаган порлоқ истиқбол йўлидан дадил қадам ташлагай ва бу йўлга асос солган, бу йўлдан бизларни бошлаб борган марҳум Юртбошимизнинг руҳини шод айлагай!
Т.Рўзиев
Вилоят бош имом хатиби