САВОБИМНИ БАҒИШЛАСАМ, ЎЗИМГА ҲАМ ҚОЛАДИМИ?

12-12-2019, 05:19 admin Ислом олами / Савол-жавоб 920

Савол: - Умрини ибодат билан ўтказган одам ўз савобларини ўз яқинига бағишласа бўладими? Унинг ўзида савоб амали қоладими ё йўқ?

Жавоб: – Агар савобингизни бағишлаган киши марҳум бўлса, унинг ҳаққига қилинган дуо, жаноза намози ва садақаларнинг манфаати етади. Бу жумҳур фуқаҳо ҳанафий, моликий ҳанбалий ва баъзи шофиъийларнинг қавлидир. Бунга Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан етарли далиллар бор.
Аллоҳ таоло айтади: "Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар"
("Ҳашр" сураси, 10-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биродарингизга мағфират сўранг! Ҳозир у (қабрда) саволга тутилади", дедилар. Имом Абу Довуд ривояти.
Ибн Обидийн Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ ўз "Ҳошия"ларида шундай дейдилар: "Уламоларимиз "Бошқа номидан ҳаж қилиш" бобида сариҳ айтадилар: "Инсон ўзининг амалини, у намоз, рўза, садақа ва бошқалар бўлишидан қатъий назар, савобини ўзгага бағишлаши мумкин".
Одатда тирик одамга савоб бағишлаш нияти ундан яхшилик кўргандан кейин пайдо бўлади. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қилишга эса ислом шариати тарғиб этади. Аллоҳ таоло айтади: "Эҳсоннинг (яхшиликнинг) мукофоти, фақат эҳсондир" ("Раҳмон" сураси, 60-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким сизга яхшилик қилса, уни мукофотланг (яъни яхшилигига тенг яхшилик қилинг)", деганлар. Яна: "Кимга яхшилик қилинса, яхшилик қилганга: "Жазакаллоҳу хойрон", яъни "Аллоҳ сизни яхшилик ила мукофотласин", десин. Шунда у санони мукаммал қилган бўлади", деганлар. (Имомлар Термизий, Насаий ривоятлари). Бу ҳадисда яхшиликка жавоб ўлароқ дуо қилиш кераклиги айтилмоқда.
Энди унинг ўзида савоби қоладими, деган саволга келсак, китоблардан бунга очиқ жавоб топа олмадик. Ибн Қаййимнинг "Руҳ" китобида "Солиҳ амаллар бажарган кишининг мулкидир. Хоҳласа савобининг ҳаммасини, хоҳласа бир қисмини бағишлайди" деган сўзларида савоб мулк ўлароқ бошқага ўтиши ва ўзида қолмаслигига ишорани кўришимиз мумкин. Аммо "Бир мусулмон биродарига ғойибдан дуо қилса, фаришта: "Сенга ҳам шунақа бўлсин!" деб туради" (Имом Муслим ривояти) ҳадиси биродарига қилган дуоси қадар ўзига ҳам шунча фойда бўлишини билдириб турибди.
Бу тўғрида хулоса шуки, савоб, дуо каби ишлар Аллоҳ билан банда ўртасидаги муносабат ҳисобланади. Табиий, Аллоҳ таоло Қодир, Раҳим зот. Банданинг яхшилигини албатта қуруқ қолдирмайди. Биздан ҳар амалимизни ихлос билан бажариш талаб этилади холос.
Аллоҳ янада билувчидир.

Мубашшир Аҳмад

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш