“Улуғ зотлар эсланганда Аллоҳнинг раҳмати ёғилаверади”.
Алишер Навоий
Ҳар бир инсон қалбида улуғлар зиёратида бўлганида, ота-она қабри жойлашган қабристонларга борганида қалбида охиратнинг қайғуси, яхшилик, меҳр-оқибат туйғуси уйғониши аниқдир.
Зеро Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қабристонларни зиёрат қилиб туринглар, у сизларга охиратни эслатади” деб марҳамат қилганлар.
Ўтганларни, ота-оналарни зиёрат қилиш инсоннинг қалбидаги кибру ҳасад, гуноҳ ишларни кетишига сабаб бўлади. Халқимизда шундай нақл бор: Оч бўлсанг бозорга бор, тўқ бўлсанг мозорга.
Инсон нафсини бозорда қондирганидек, унинг борлиғи, руҳиятига қабристонга борганида, у ерда ётганлар бой-у камбағалнинг борар ери шу жой ўлим ҳак эканлиги ибрат бўлади.
Лекин ҳаётда шундай кимсалар борки, ота-она ҳаётлик чоғида хизматини қилишга ярамайди. Дунёдан ўтганларидан сўнг ҳам бир бор эсламайди.
Улуғ аждодларимиз Бухорийлар, Насафийлар, Хоразмийлар, Беруний, ибн Сино, Фаробийлар сингари алломалар дунёни ғафлат уйқусидан ўйғотаётганда, Европа ҳали кўз очишгада қуввати йўқ эди.
Ғарб тадқиқотчиси Ж.Сартон ўзининг “Илм тарихи” асарида ҳар бир асрни тақсимлаб илм фан эгалари номи билан боғлаб келтираркан, 750-1100 йиллар оралиғида бирорта ғайри мусулмон олим исмини келтиролмайди. Юртимиздан чиққан буюк алломалар номлари эса юқори ўринларда қайд этилади. Шубҳасиз, бизнинг аждодларимиз дунёга илм фан, зиё нурини сочган улуғ зотлар эдилар. Уларни номини зикр этиб ёд этганда қалбимизда фахр-ифтихор ҳиссини туямиз.
Юртимизда Истиқлолнинг илк даврида динимизга берилган эркинликлар қаторида улуғ аждодларимиз қадамжоларининг обод этилиши, меросларининг ўрганилиши уларнинг хотирасини абадийлаштириш асносида 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилиниши муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бир йигит она қадрига етмасди. Онаи зор кўз ёшлари унга таъсир этмасди. Бир кун онаи зор бешикни ўғлини олдига қўйиб деди:
“Эй ёшлик, чақалоқлик пайтини унутган болажоним! Мана бу бешикни кўраяпсанми? Гўдаклик пайтингда шу бешикка михланиб тунлари уйқуни ўзимга ҳаром қилдим.
Юзингга бирта пашша, чивин қўнса, қувишга имконинг бўлмай йиғлардинг, пашшалардан асраб бешигингни тебратардим. Йиғидан тўхтамасанг ечиб олиб бағримга босардим. Сени деб барча машаққатларга сабр қилдим. Ана энди катта бўлиб куч-қувватга тўлганингда, чақалоқлик, болалик, ёшлик пайтларингни унутиб қўйдинг.
Энди куч қувватим қолмаганида мени ранжитаяпсан. Бир кун келади дунёдан ўтасан, қабрнинг тубига қоронғиликка кирасан. Ўшанда Аллоҳнинг раҳмат нуридан ололмайсан....
Ҳар бир кунимизда улуғ аждодларимизни, ота-она, ўтган қариндош, яқинларимизни ёд этиб, уларни зиёратида бўлиб, қабрларини обод қилиб яхшиликларда бардавом бўлишлигимиз савобли амаллардандир.
Қабр зиёрати ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак; Қабристонган кирганда Салом бериб, қабрларни босмасдан шовқин солмасдан кириш лозим. Қабр қошига бориб “ёлғондан” дод солиб йиғлаш, бошига уриш, тиззасига муштлаш маййитга озор беради.
Тоҳиржон Рўзиев
ЎМИ Навоий вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби