Бугунги кунда такфир, жиҳод орқали халифалик тузуми остидаги давлат барпо этишни мақсад қилиш аксарият экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг асосий белгиларидан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ, “халифалик” барпо этиш йўлида мусулмонларни куфрда айблаб, уларни ўлдириш Ислом ақидасига зиддир.
Улар ўз ғояларини тасдиқлаш учун Қуръони каримнинг баъзи оятларини зоҳиран талқин қилишлари, айрим ҳадисларни ўз манфаатлари йўлида қўллашлари бундай гуруҳларнинг янада адашганлигининг исботи бўлмоқда.
Ислом шунчалар бағрикенг динки, нафақат мусулмонлар ҳуқуқини балки бошқа дин ва миллат вакилларини ҳам тинчлик ва сулҳда, ҳатто урушдан сўнг асир тушганларнинг ҳам обрўси, моли ва жонини ҳимоя қилади.
Зеро, Аллоҳ таоло: “Сизлар аҳли китоблар билан фақат чиройли услубда мунозара қилингиз” (“Анкабут” сураси, 46)
Оятида айнан шунга буюрган.
Абдурраҳмон ибн Аби Лайло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтирганларида, ёнларидан тобут олиб ўтилди. Уларга: “бу шу ерлик, яъни аҳли зиммаку?!”, дейилди. Улар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларидан ўлик олиб кетилаётганда, уларга бу яҳудийку?!”, деб айтилганда, улар: “Ахир у инсон эмасми?!”, деб айтган эдилар”, - дейишди” (“Саҳиҳи Имом Бухорий”, 1312).
Эътибор беринг, ҳадисда биргина бошқа эътиқодда вафот этган шахснинг обрўси қанчалик бўлиши кераклигини Пайғамбаримизнинг ўзлари ибрат қилиб кўрсатиб кетганлар. Ҳозирги мутаассиб шахсларда бундай юксак хулқдан асорат ҳам йўқ.Чунки уларнинг қалбларидан мусулмон кишида бўлиши лозим бўлган раҳмат, меҳр-шафқат олиб қўйилган.
Халифаликни тиклаш ғояси билан чиқувчи гуруҳлар нафақат бошқа дин вакилларига балки бў йўлда мусулмонларга ҳам шафқат қилмаяптилар. Бугун дунёнинг кўпгина давлатларида юз бераётган воқеалар, борган сари авжига чиқмоқда, бу эса энг катта фитнадир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Фитналар бўлади, (ўша пайтда) ўтирган тургандан афзал, турган юргандан афзал, юрган югургандан афзал. Кимда ким унга яқинлашса, у (фитна) уни тортиб кетади, кимда ким бошпана топса, ундан қутулиб қолади”, дедилар (“Саҳиҳи Имом Бухорий”, 7081).
ИШИД ва унга ўхшаш жангари тўдалар эълон қилган сохта халифалик эса ботил ғоялари билан залолатда эканлиги аниқ. Бу каби фирқалар Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиган қуйидаги ҳадисни ўз ғаразлари йўлида кўп ишлатадилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлар пайғамбарликда (яшаяпсизлар), у Аллоҳ истаганича бўлади, кейин У уни олиб қўяди. Кейин пайғамбарлик йўлидаги халифалик бўлади, у Аллоҳ истаганича бўлади, кейин У уни олиб қўяди. Кейин адолатсиз подшоҳлик бўлади, у Аллоҳ истаганича бўлади, кейин У уни олиб қўяди. Кейин золим ҳукмронлик бўлади, у Аллоҳ истаганича бўлади, кейин У уни олиб қўяди. Кейин яна пайғамбарлик йўлидаги халифалик бўлади”, деб сукут сақладилар
(“Муснади Имом Аҳмад”, 18046; “Муснади Аби ат-Тоялисий”, 439).
Юқорида келтирилган ҳадиснинг саҳиҳлиги борасида кўпчилик олимлар шубҳа билдиришган. Ҳадиснинг ровийлари силсиласидаги Ҳабиб ибн Салим ишончсиз шахс деб топилган. Имом Бухорий бу ровий шахсияти ҳақида кескин фикрлардан қочиб, унга ишора қилган ҳолда, ёлғон ҳадис тўқишнинг оқибати жаҳаннам экани тўғрисидаги ҳадисларни эслатиб ўтган (“Ат-Тарих ал-Кабир”, Имом ал-Бухорий, 2/318).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони каримни ўқиб, халқумларидан (пастга) ўтмайдиган ёшлар пайдо бўлади. Уларнинг ҳаммаси ҳар асрда чиқади ва қирилади”. У (ибн Умар розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дан: “Уларнинг ҳаммаси ҳар асрда чиқади ва қирилади” жумласини то “Ҳатто улар орасидан Дажжол чиққунича”, деб айтгунларича, 20 мартадан зиёд қайтарганларини эшитдим” деди (“Сунани ибн Можа”, 179).
ИШИД ва унга ўхшаш такфирчи гуруҳлар аввало мусулмонларни куфр ва мунофиқликда айблашдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Тоқати етмайдиган ишни бўйинларига юклаб, уларга мутлақо дахли бўлмаган “халифалик”ни даъво қилган ҳолда, жиҳодни мусулмонларга қарши ноўрин қўллаб, жуда катта фитнага сабаб бўлаётганларидан қўрқишсин.
Шундай экан соф эътиқодли мусулмон бугун бундай фитналардан узоқ бўлишга ва ер юзида тинчлик барқарор бўлиши учун бор имкониятидан фойдаланиб ҳаракат қилмоғи лозим.
Хатирчи тумани “Новжа”
жоме масжиди имом-хатиби Абдуллатиф Ҳакимов