Намознинг инсон ҳаётидаги аҳамияти

9-01-2017, 09:22 Istamjon Khamrayev Янгиликлар 2 007

Маълумки инсон руҳ ва танадан ташкил топган. Инсон танаси куч-қувват берадиган, саломатлигини сақлаб турадиган етарлича озуқага эҳтиёжманд бўлгани каби, руҳи ҳам соғлом ва қувватли бўлиши учун маълум бир озуқаларга муҳтож бўлади.
Инсонларни яратган Зот уларнинг таналарига озуқа бўладиган нарсаларни ҳозирлаб қўйганидек, руҳларининг озуқаларини ҳам ҳозирлаб қўйган. Руҳ озуқаларининг энг аҳамиятлиси намоз ибодати ҳисобланади.
Намозни фақиҳ уламолар шундай таърифлаганлар: "Намоз – сўз ва феълдан иборат бўлиб, Аллоҳни улуғлайдиган, "Аллоҳу акбар" лафзи билан бошланиб, барча бандаларга салом бериб, "Ассалому алайкум" лафзи билан якунланадиган ибодатдир.
Аллоҳ таоло бандаларнинг маънавий покланишлари ва дунё-ю охиратларига манфаатли фазилатларни эгаллашлари учун намоз ибодатини фарз қилган. Шунга кўра инсон намоз сабабли руҳияти саломат бўлишига ва ўзида комил инсон сифатларини мужассам этишга эришади.
Инсон танаси соғлом бўлиб, яхши ишлаши учун маълум миқдорда иссиқлик ҳароратига муҳтож бўлгани каби руҳининг соғлом бўлиши ҳам муайян ададдаги намозга муҳтождир.
Намознинг нақадар муҳим ибодат экани уни бошқа фарз ибодатлар билан солиштириб кўрилганда яққол намоён бўлади:
1. Рўза ибодати бир йил давомида фақат бир ой, Рамазон ойида, муқим, рўза тутишга қодир кишиларга фарз қилиб белгиланган.
2. Ҳаж ибодати умр давомида бир марта йўл очиқ бўлганда ҳаж қилишга етарли маблағи бўлган, ўзи юра оладиган кишига фарз қилиб белгиланган.
3. Закот ибодати эса моли нисобга етгандан кейин бир йил ўтгандан сўнг адо қилиш фарз бўлади.
4. Ушр ибодатини адо этиш эса ҳосил йиғимига боғлаб қўйилган.
Аммо намоз ибодати инсоннинг соғлом ё касаллигидан, бой ё камбағаллигидан, мусофир ё муқимлигидан қатъий назар, бир йилда эмас, бир ойда эмас, маълум бир мавсумда эмас, балки ҳар куни беш марта адо этиш фарз қилиб қўйилган.
Намознинг муҳимлиги шу даражадаки, тик туришга қодир бўлмаса, ўтириб ўқиши керак, ўтириб ўқишга қодир бўлмаса, ётиб имо-ишора билан ўқиши лозим. Баъзи уламолар: имо-ишорага ҳам қодир бўлмаса, кўз қараши билан рукуъ сажда қилади, ҳатто қалбидан намоз амалларини ўтказиб бўлса ҳам ўқийди, деганлар. Субҳаналлоҳ, бу дегани балоғатга етган мусулмон киши учун мадомики танасида жони бор экан, ақл ҳуши жойида экан албатта намоз ўқиши шарт деганидир.
Ҳатто шариатимизда уруш пайтида душман таҳлика солиб, инсоннинг ҳаёти хавф остида турган ҳолатда намознинг қандай ўқилиш тартиблари бирма-бир баён қилиб қўйилган.
Мусулмон кишининг ҳаётидаги намознинг ўрнига эътибор берадиган бўлсак, унинг туғилишидан то вафот этгунига қадар ҳаёти доимо намозга боғлиқ бўлиб ўтишини кўрамиз. Туғилганида қулоғига "Аллоҳу акбар" такбири айтилади, ёшлигидан намоз ўқишга ўргатилади, вояга етгач ҳар куни беш маҳал намоз ўқийди, ҳаётида бирор хурсандчиликка эришса, шукронасига намоз ўқишга ўтади, мусибатга учраса, уларни намоз билан енгишга уринади, бирор ишга иккиланиб қолса, намоз ўқиб хайрлисини топишга ҳаракат қилади ва ниҳоят вафот этганида ҳам унга жаноза намозини ўқишиб сўнги манзилига кузатишади.
Ҳа, шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг аҳамиятини баён қилиб: "Намоз диннинг устунидир" деганлар.
Тарихдан маълумки, намоз маълум вақт, ўн олти ё ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб ўқилган, сўнгра яна Каъбага қараб ўқиладиган бўлган. Шунда дин душманлари: "Буларнинг қибласи Каъба бўлса, унда олдин Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозлари нима бўлди", деган фитнали гапларни тарқатишган. Шунда бу гапларга жавобан: "Аллоҳ иймонингизни зое қилмас" ояти нозил қилинган. Эътибор бериладиган бўлса, фитначиларнинг "намозлари нима бўлди" деган сўзларига "Аллоҳ намозингизни зое қилмас" деб эмас, балки, "Аллоҳ иймонингизни зое қилмас" деган жавоб бўлган. Бу сўздан Аллоҳ ҳузурида намоз иймондан, иймон намоздан экани яққол намоён бўлади.
Намоз ибодатининг аҳамияти нақадар улуғ экани унинг қандай фарз қилинганидан ҳам билиниб туради. Бошқа фарз ибодатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил фаришта воситасида билдирилган бўлса, намоз ибодати ҳеч бир воситасиз, тўғридан-тўғри ўзларига билдирилган. Бунинг фарқини оддий мисол ёрдамида янада яхшироқ тушунишимиз мумкин: " Раҳбар ходимига бирор вазифани юклар экан, ўша вазифани хат орқали хабар бериши ҳам, ёки телефон орқали билдириб қўйиши ҳам мумкин. Аммо вазифа ўта муҳим бўлса уни ҳузурига чақириб, шахсан ўзи тегишли кўрсатмаларни беради".
Ҳа, Аллоҳ таоло намоз ибодатини ўртага ҳеч кимни восита қилмасдан, меърожда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғридан-тўғри фарз қилган. Чунки намоз ибодати, ҳар бир банданинг ўз Роббисини ёдга олиши, У билан боғланиши, бир сўз билан айтганда инсон бўлиб яратилишининг мажбуриятидир. Зеро инсонларни яратган Зот: "Мен жин ва инсни фақат ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим", деган.
Намоз банданинг Роббисини зикр қилишидир. Бу зикр узлуксиз бетўхтов давом этиб туради. Яъни, бир банда бомдодни ўқиётган пайтда, бошқаси пешинни, ундан бошқаси асрни, яна бири шомни, яна бирови эса хуфтонни ўқиётган бўлади. Бунда ҳам бирови қиёмда турган пайтда, бошқаси рукуъда, яна бошқаси саждада турган бўлади. Бири "Бисмиллаҳ"ни ўқиётган бўлса, бошқаси "Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн"ни ўқиётган бўлади. Бир сўз билан айтганда дунёда намоз ибодати тўхтовсиз доимий давом этиб туради.
Банда намозда итоатли туриш кўринишида қиёмда турар экан, одобли ўтириш кўринишида қаъдада ўтирар экан, бўйин эгиш, қуллигини изҳор қилиш кўринишида рукуъ ва саждада турар экан, Роббисига тўлиқ итоат билан: "Биз бажараётган барча солиҳ амаллар ёлғиз Сен учундир, эй улуғ Роббимиз!", дея илтижо қилаётган бўлади.
Инсон намознинг қадри нақадар юксаклигини ҳис этиш ва ундан лаззат туйиш учун шарт бўлган икки муҳим жиҳат бор:
Ақлий жиҳат: Намоз ўқувчи айтаётган калималарининг маъноларини, Роббисига қайси сўзлар билан муножот қилаётганини билиши ақлий жиҳат ҳисобланади. Ақлий жиҳат намознинг руҳияти бўлиб, бусиз ўқилган намоз фақат зиммадан фарзни соқит қилишгагина сабаб бўлади ва унинг намози жонсиз тана каби бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг ақлий жиҳатига урғу бериб: "Кишининг намозидан фақатгина тушуниб ўқигани (намоз)дир", деганлар. Шунинг учун банда ўқиётган намози унинг ҳаётига таъсирини ўтказиши учун ўқиётганларини тушуниб, маъноларини ҳис этиб ўқиши лозим. Баъзи машойихлар намозхон намозда нимани ўқиётганини ҳис қилиб турсин, ҳатто унинг ақли ҳам дунё билан маст бўлмасин, деганлар.
Қалбий жиҳат: Намоз ўқувчи ўзининг заиф, ожиз эканини ҳис қилиб, адо этаётган ушбу намозини Роббиси қабул қилмаслигидан хавф қилиб, мақбул бўлишидан умидвор бўлиб, ихлос билан намоз ўқиши, қалбий жиҳат ҳисобланади.
Қайси бир намозда ақлий ва қалбий жиҳатлар жамланса, бундай намоз банданинг хато ва гуноҳларини ўчирадиган, нафсини иллатлардан поклайдиган намозга айланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилганлар: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Айтинглар-чи, агар бирортангизнинг эшиги олдида анҳор бўлиб, унда ҳар куни беш марта чўмилса, унинг баданидаги кирдан бирор нарса қоладими?, деганларини эшитдим. (Улар): Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Худди шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз билан хатоларни ўчиради, дедилар.
Намознинг ҳар бир инсон ва ҳар бир жамият учун энг муҳим фойдаларидан бири намоз бандани гуноҳ қилишдан, ҳатто гуноҳга яқин боришдан ҳам қайтаради. Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи кафолатлаб қўйган: “Албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур”. Анкабут-46.
Шунингдек, инсон намозда турар экан, ўзини бутун борлиқнинг эгаси ҳузурида турганини, Унинг барча нарсага қодир эканини, ўзининг эса Унинг ожиз бир бандаси эканини тан олади ва қалбидан Унга ёлвориб дуо қилади.
Нобел мукофоти совриндори Алексис Каррель ўзининг "Инсон – бу тўлиқ ўрганилмаган шахс" номли китобида қуйидагиларни айтган: "Бугунги кунгача инсонни энг тетик қилувчи, унга куч берувчи деб аниқланган нарса – намоздир. Ўзимнинг шифокорлик тажрибамда кўп касалларга дориворлар натижа бермаганини, тиббиёт эса даволашдан ожиз қолиб, таслим бўлиб икки қўлини кўтарганида, уларнинг ҳаётига намоз кириб шифо топганига гувоҳ бўлганман".
Шундай экан қилаётган касбу-коримизу, машғулотларимиз намоздан чалғитиб қўймаслиги, балки, намоз ёрдамида уларга куч-қувват топишимиз лозим. Динимиз кўрсатмаларига риоя қилишни муқаддам қўйишимиз билан абадий саодатни қўлга киритамиз.

Эргашев Муҳаммад
Хатирчи тумани “Имом Аъзам” жоме масжиди имом хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш