Ногиронлиги бор бўлган, кўнгли ярим ва мухтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, мусулмонларнинг улуғ вазифаларидан ҳисобланади. Аслида ногиронлар соғлом инсонлар учун ибрат ва ҳикмат ўлароқ яратилган бўлиб, уларнинг дуоси Аллоҳ таоло ҳузурида мустажобдир.
"Вақф" хайрия жамоат фонди ҳам юртимиздаги ногиронлиги бор бўлган шахслар учун кўплаб йирик хайрия тадбирларини амалга ошириб келмоқда. Мана шундай савобли тадбирлардан бири жорий йилнинг 31 июль куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида амалга оширилди. Тадбирда вилоят ва туман ногиронлар жамияти аъзолари ва ходимлари ҳамда ногиронлиги бор бўлган шахслар, имконияти чекланган оилалар ва мухтож ватандошларимиз иштирок этишди.
Тадбир давомида 20 дона ногиронлар аравачаси, кийим-кечаклар, диний-маърифий китоблар, анжомлар ва бошқа ҳадялар ўз эгаларига тақдим этилиб кўнгилларига қувонч улашилди. Ҳурматли саховатпеша ватандошлар "Вақф" фонди сиз азизларни кўмакка мухтож ночор инсонлар қалбига қувонч улашиш учун ҳамкорликка чорлайди. Унутманг ҳар бир яхшиликнинг мукофоти албатта яхшиликдир!
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати