Муборак ой шукуҳи

15-12-2016, 14:00 Istamjon Khamrayev Ислом олами / Рўза / Ислом дини ҳақида 2 348

Муборак ой шукуҳи
Яратганга беадад шукроналар бўлсинки, жонажон ватанимиз истиқлол неъматига эришгач, ўзлигимиз, ота-боболаримизнинг бой меъроси ва аньаналаримиз ўзимизга қайтди. Муқаддас динимиз ва унинг инсонпарварлик, меҳр шафқат ва барча улуғ хулқларни ўзида мужассамлаштирган таълимотларига амал қилиш қонун билан кафолатлаб қўйилди.
Муборак Рамазон ойи яқинлашиб қолганда, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни бу муборак ойнинг рўзасига маънавий тайёрлаш учун бир қанча улуғ ҳадисларни айтиб хушхабар беришни бошлар эканлар.
Шунга мувофиқ биз ҳам яқинлашиб келаётган Рамазон ойи бу йил ҳам кундузи узун, туни қисқа иссиқ кунларга тўғри келаётганини эътиборга олиб, илгарироқдан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва уламоларимизнинг хушхабарларидан баъзиларинигина сиз азизларимизнинг эътиборларингизга ҳавола қиламиз.
Рамазон арабча “ар-рамад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. “Ар-рамдо” эса, қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради.
Бу ҳақда Имом Замахшарий мана бундай деганлар:
“Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги билан ёки ўзига хос хусусият билан номига аҳамият қилганлар. Рамазон ойи эса кўпинча йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келган. Шунинг учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида рамазон деб атаганлар”. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг иймон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду иймон нурини зиёда қилиб олиши зарур. Зеро, ҳар қандай одам ҳам йил мобайнида нафсоний эҳтиёжларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таъсирланиши натижасида унинг нури иймони хиралашиб, эътиқоди ҳам заифлашиб қолади.
Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, иймон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара,183).
Салмони Форсий розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой келмоқда.
У ойда бир кеча борки, у минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечаси намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У хайр-эҳсон улашиладиган ой. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади.
Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “ Эй Расулаллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку” –дедик. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ”Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга Ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди” – дедилар.
Рамазон шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир.
Қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор киши оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушканбарнинг ҳидидан ҳушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири - ифтор вақтида, иккинчиси - Парвардигорга йўлиққанида”-дедилар. (Бешовлари ривоят қилган). Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, жаннатда “Раййон” номли эшик бордир. У эшикдан қиёмат кунида рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди.
- Қаерда рўзадорлар? деб нидо қилинади. Сўнг рўзадорлар ўринларидан турадилар ва у эшикдан жаннатга кирадилар. Улар кириб бўлганларидан сўнг у эшик ёпилади, улардан бошқа кимса у эшикдан кирмайди”.
Бу ой Парвардигори оламнинг абадий туганмас неъмати бўлмиш жаннатига етишишимиз учун берилган улкан бир неъматдир. Рамазонда рўза тутишлик фарздир. У врач томонидан белгиланмайди. Миянинг гипоталум қисмида "липостат" деб номланувчи марказ мавжуд. У инсон танасини барча қисмини назорат қилиб туради. Тўлиқ ва қисман очлик даврдаги парҳезда вазн сезиларли даражада камаяди, бунга эса марказ фожиага қарагандек жавоб беради ва организмни парҳез тугаганидан сўнг яна ўз ҳолига келиши учун дастурлайди. Шундай қилиб, озишнинг ягона маъқул йўли аста-секинлик билан назорат остида босқичма-босқич озуқани камайтиришдир. Рамазон – бу ўз-ўзини назорат қилиш ва тарбиялаш ойидир. Бу эса озиқланиш феъл – атворида лопостатнинг дастурига ижобий таъсир қилади. Ислом шариати озуқани чекламайди (яъни фақат оқсил, углевод, сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш). Саҳар вақтида енгил нонушта қилинади, ифтор вақтида бирор ширинлик масалан, хурмо, мевалар, шарбатлар билан оғиз очилади. Бу эса кейинроқ истеъмол қилинадиган кучли овқат пайдо қиладиган гипоглиценлардан фориғ бўлишга олиб келади.
Ифтордан кейин озуқадаги моддалар алмашинувига ёрдам берувчи қўшимча намоз (таровеҳ) ўқилади. Калорияларни сар-ҳисоб қилиш ёрдамида Таровеҳ намозида таҳминан 200 калория энергияни емирилишини ҳисобланган. Ислом ибодатларидан бўлмиш "намоз" мушаклар учун машқ билан калорияларни тарқалишида юмшоқ жисмоний тарбия машқларини ўзида боғлайди.
Ўз-ўзидан Рамазон ўзини тарбиялаш машқи ҳисобланади. Чекувчилар, ширинхўрлар, кофени севувчилар учун бу одатларни камайтириш учун яхши машқ ҳисобланди ва албатта рамазондан кейин ҳам буни давом эттиришни умид қилиш керак. Мусулмонлар рўзада руҳий натижани яхшилинишига гувоҳлик беришган. Улар Рамазон хотиржамлик ва тинчлик ҳиссиётини беришини айтишади. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам айтади: "Бирортангиз рўза тутаётган экансиз, асло лоф ва ёмон сўзламанг, бақириб-чақирманг ҳам. Борди-ю, биров уни сўкса ёки бўлмаса у билан ғавғо қилмоқчи бўлса, унга "Мен рўзадорман" десину, сўз айтмасин", шунингдек, Рамазон ойида бировга душманлик қилиш энг кичик қийматда бўлади. Бу ойда мусулмонларнинг қўрқуви жиноятларнинг кескин камайишга олиб келади. Ислом шариатига кўра балоғатга етмаган, касал, сафардагилар, ҳайз кўрган ёки эмизикли аёлларлар рўза тутишликдан озод қилинадилар. Рўзадорлар эса фақатгина еб-ичишдан тийилмай, балки ёмон одатлардан ҳам тийилишлари зарур.
Рамазон ойида кўпгина савобли ишларни қилиш, ибодатни кўпайтириш, Қуръон тилoват қилиш, эҳсонларни кўпайтириш тавсия этилади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “Кимки Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.(Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса, дўзахдан нажотдир”.
Аллоҳнинг рахмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, барокотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик ҳукмронлик қилади.

ЎМИ Навоий вилоят вакили
Т.Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш