Ҳозирги кунда ҳаж ё умрага борган баъзи кишилар кафанлик мато олиб уни замзам билан ювиб келаётганлари ва уни“келажаги” учун асраб қўяётганлари ёки борувчилардан ушбу ишни бажариб келишларини илтимос қилаётганлари ҳам сир эмас. Шу ўринда табиий равишда бу ишга шариат ҳукми нима деган савол кўндаланг бўлади. Бу саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар:
1. Қуръонда ҳам, суннатда ҳам кафанни замзам билан ювиш лозимлигига ёки фазилатли иш эканига далолат қиладиган бирорта ҳам далил келмаган;
2. Саҳобалар, тобеинлар ва улуғ олимлардан бирортасининг бу ишни қилгани ҳақида бирорта ҳам хабар йўқ. Агар бу ишда бирор манфаат бўлганида албатта улар буни қилган бўлишар эди;
3. Ҳадиси шарифда “Замзам очга таом, касалга шифодир”, дейилган. Демак, динимизда замзамни ичишга тарғиб қилинган, у билан кафанликни ювиб қўйишга эмас. Эътибор бериладиган бўлса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичганлар аммо уни бирор нарсани ювишга ишлатмаганлар. Шунга кўра кафанлигини замзам билан ювган киши бидъат ишни қилган бўлади;
4. Бу ишни қилган кимса авом халқ ўртасида “қабрдаги сўроқ-савол осон бўлишига замзам билан ювилган кафаннинг фойдаси бор” деган нотўғри тушунча пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун бу ишдан сақланиш лозим.
5. Баъзи уламолар тўғри эътиқоддаги киши табаррук ниятида кафанлигини замзам билан ювиб қўйишининг зарари йўқдир, деганлар. Яъни биров шариат ҳукмларини яхши тушунса ва бошқаларда нотўғри тушунча пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолиш хавфи ҳам бўлмаса, кафанлигини табаррук жиҳатидан замзам билан ювиб қўядими ё унга сепиб қўядими бирор зарари йўқдир, деганлар.
[center]Замзамни сотиш мумкинми?[/center]
Аслида дарёда ё қудуқда турган сувларни сотиб бўлмайди. Аммо биров улардан идишга олиб ўзининг мулкига айлантирган бўлса ўша идишдаги сувни сотиш жоиз бўлади. Шунга кўра замзамни ҳам қудуғида турган вақтда сотиб бўлмайди. Аммо ундан бирор идишга олиб ўзининг мулкига айлантирган киши уни сотиши жоиз бўлади. Шунинг учун замзамни турли шаҳарларга олиб бориб сотиш мумкин ҳисобланади.
[center]Замзамга сув қўшилса сувнинг барчаси замзамга айланадими?[/center]
Замзамга оддий сув қўшилса мазкур “аралашма” замзам ҳукмида бўлиши ё бўлмаслиги ҳақида уламолар шундай деганлар:
1. Замзам ер юзидаги энг муборак покиза сув бўлгани учун уни бошқа оддий сувларга аралаштирмасдан ичиш мутлақо афзалдир.
2. Замзам ичишга бўлган тарғиб умумийдир. Шунга кўра уни бошқа оддий сув, чой ва сут каби нарсаларга аралаштириб ичиш ҳам мутлақо жоиздир.
3. Агар замзам суви бошқа оддий сувга аралаштирилса, замзамнинг фазилати ва баракаси фақат замзамга хослангани учун мазкур “аралашма”да фақат ундаги замзам миқдорича фазилат бўлади. Шунга кўра “мазкур” аралашма” агарчи ундаги замзам жуда кам миқдорда бўлса ҳам замзам аралаштирилмаган бошқа оддий сувлардан афзал сув бўлади.
4. “Кўпроғининг ҳукми барчасига ҳукмдир” деган фиқҳий қоидага кўра замзамга оддий сув қўшилганда қайси тараф кўпроқ бўлса, ўша тарафнинг ҳукми собит бўлади. Масалан, 60% замзам, 40% оддий сув бўлса ҳам уни замзам деб аташ мумкин бўлади. Бунинг аксида эса“замзам аралаштирилган сув” деб аташ лозим бўлади. Аммо ичида оз бўлсада замзами бўлгани учун уни ичишда дуо қилиш ва шифо мақсадида ичиш тўғри бўлади.
[center]Замзам ичишда қандай одоблар бор?[/center]
Ҳаж ва умра қилувчилар замзам ичишлари мустаҳаб ҳисобланади. Замзам ичишда тўйиб-тўйиб ичиш суннат бўлади. Муҳаммад ибнАбдурроҳман ибн Абу Бакрдан ривоят қилинади: Ибн Аббоснинг ёнида эдим. Бир киши кириб келди. Ибн Аббос ундан: “қаердан келаяпсан” деб сўради. У : “замзамдан” деб жавоб берди. Шунда у зот: одобларига риоя қилиб ичдингми?” деб сўради. У: “унга қандай риоя қилинади” деди. У зот: замзам ичмоқчи бўлсанг Каъбага юзланасан, Аллоҳни зикр қиласан, учга бўлиб ичасан, тўйгунингча ичасан, ичиб бўлгач Аллоҳга ҳамд айтасан”, – деди.
Каъбанинг ёнида замзам ичаётган киши қуйидагиларга риоя қилади:
- Ҳар бир бўлиб ичиш орасида Каъбага қарайди;
- Замзамдан бошига, юзига ва кўксига қуяди;
- Ичиш чоғида имкон қадар кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилади;
- Ичиш олдидан қуйидаги дуони ўқийди: “Эй Аллоҳим, менга элчинг бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг: “Замзам нима учун ичилса, ўша учун бўлади”деганлари хабари етди, мен уни “ фалон нарса учун ичаман” (шу ўринда дунё ва охиратга тааллуқли нима мақсади бўлса ўшаларни айтади). Эй Аллоҳим, фазлинг билан мақсадларимга муваффақ қилгин.
- Шунингдек ичиш олдидан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу замзам ичиш олдидан ўқиган қуйидаги дуони ҳам ўқийди: “Эй Аллоҳим, Сендан манфаатли илм, кенг ризқ ва барча касалликлардан шифо сўрайман”.
Замзам ичишда бошқаларни ҳам дуо қилиш мумкинми?
Уламолар замзам ичишда бошқаларнинг ҳаққига дуо қилиб ичиш ҳам мумкин деганлар. Масалан фарзанди ё дўстининг ҳожати раво бўлишини дуо қилиб ичса ҳам жоиз бўлади.
[center]Замзам тик туриб ичиладими ёки ўтириб?[/center]
Замзамни тик туриб ё ўтириб ичиш афзаллиги ҳақида атрофлича баҳс-мунозаралар қилинган. Уларни умумий уч турга ажратиш мумкин:
1.Замзам тик турган ҳолда ичилади. Бу қарашни айтган уламолар қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир челакда замзам олиб келдим узот тик турган ҳолда ичдилар”.
“Саҳиҳу Бухорий”да қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Али розияллоҳу анҳу тик турган ҳолда ичиб: баъзи инсонлар тик турган ҳолда ичишни ёқтиришмайди ваҳоланки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг ҳозир қилганимни кўрганларингдек қилганларини кўрганман, – деди”.
Ушбу қарашни айтган уламоларнинг гаплари тик туриб ичиш иккита сувга замзам ва таҳоратдан ортиб қолган сувга хос эканига далолат қилади. Яъни замзам ва таҳоратдан ортиб қолган сувни ичишда уларнинг баракасини тана аъзоларига тўлиқ етказиш мақсадида тўйиб ичишга ҳаракат қилинади. Тик туриб ичиш эса мазкур мақсадга мувофиқ бўлади. Аммо бошқа сувлар ўтириб ичилади.
2. Бошқа сувлардаги сингари замзам ҳам ўтириб ичилади. Бу қарашни айтган уламолар имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ида келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тик туриб сув ичишдан қайтарганлари ҳақидаги ҳадисни далил қилиб келтирганлар. Ўзларининг тик туриб ичганлари ҳақидаги ривоятни қуйидагича тушунтирганлар:
а) Мазкур ривоятнинг бошқа лафзида Икрима розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳу сув берган кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туялари устида бўлганларини қасам ичиб айтган. Шунга кўра Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг وَهُوَ قَائِمٌ(тик турган ҳолда ичдилар)деган гапидан “туянинг устидан тушмасдан ичдилар” маъноси тушунилиши ҳам мумкин;
б) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқатан тик туриб ичганлари собит бўлган тақдирда ҳам, тиқилинч бўлгани ёки ўтиришга ноқулайлик туғдирган бирор узр сабабли бўлган бўлиши ҳам мумкин.
Шунга кўра Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замзамни тик турган ҳолда ичганлари тик туриб ичиш ҳам жоизлигини билдириб қўйиш учун бўлган, аслида замзамни ҳам бошқа сувларда бўлгани сингари ўтириб ичиш суннатдир, деганлар.
3. Тик турган ҳолда ичиш жоиз, ўтирган ҳолда ичиш афзал.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб сув ичишдан қайтарганлар. Мазкур қайтариқларимакруҳи таҳримийликни эмас, балки макруҳи танзиҳийликни ифодалайди, ўзларининг тик туриб ичганлари эса бу ишнинг жоизлигини билдиради, деганлар. Агар тик туриб ичиш макруҳ бўладиган бўлса Пайғамбаримизнинг тик туриб ичганларини қандай тушунамиз деган саволга қуйидагича жавоб берганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари агар унинг жоизлигини баён қилиш учун бўлган бўлса у макруҳ ишни қилиш бўлмайди, балки умматга билдириб қўйиш лозим бўлган ишни адо этиш ҳисобланади. Масалан у зот айрим ҳолларда аъзоларни бир мартадан ювиб ҳам таҳорат қилганлар ёки улов миниб ҳам тавоф қилганлар. Аммо уч мартадан ювиб таҳорат қилишда ва яёв тавоф қилишда бардавом бўлганлар. Шунга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим нарсаларнинг жоизлигини билдириб қўйиш учун бир ёки бир неча марта уни қилиб кўрсатганлар. Аммо ўша ишларнинг афзалини қилишда бардавом бўлганлар.
Шунинг учун замзамни тик туриб ичиш жоиз, ўтириб ичиш афзал ҳисобланади.
[center]Хулоса[/center]
Ушбу баҳслардан қуйидагича хулосага келиш мумкин:
– Агар замзам қудуғининг ёнида ичаётган бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тик туриб ичганларини кўз олдига келтириб, имкон қадар кўпроқ ичишга уриниб, ичаётган замзамини бутун баданига сингдириш мақсадида тик туриб ичса иншааллоҳ афзал ишни қилаётган бўлади.
– Агар замзам қудуғининг ёнида бўлмаса, яъни замзамдан кўпроқ ичиб олиш имконияти у ёқда турсин “оғзи тегиб қолганига хурсанд” бўладиган ўринда турган бўлса, тик туриб ичиши жоиз, ўтириб ичиши афзал бўлади. Энг муҳими ҳеч кимни “тарки суннат” қилганликда айблаб “илмий тўполон” қилмаслиги, асосий эътиборини сидқидилдан дуо қилишга қаратиши лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизга Каъба ёнида энг эзгу тилаклар билан туйиб-тўйиб замзам ичиш бахтига такрор-такрор муваффақ қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Пардаев