Рамазон – ажру мукофот куни!

15-06-2018, 00:07 muslim Мақолалар 1 010

Бир ой давомида чин ихлос билан тутилган рўза, кунлик қийинчиликларга сабр қилиб қоим турилган таровеҳ намозлари ва хатми қуръонларнинг ажиб интиҳоси бўлмиш Рамазон Ҳайити севинч ва хурсандчилик, тақдирдан ризолик ва мамнуният кунидир. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келган пайтларида уларнинг ўйин-кулги қилишадиган икки байрамлари бор эди. Бу байрамлар ҳақида улардан сўраганлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар: “Аллоҳ таоло сизларга буларни бунданам яхшилари: Қурбонлик ва фитр (Рамазон) ҳайитларига алмаштириб берди”. Демак, бу икки байрам мусулмонларнинг қадрли байрамларидан ҳисобланади.
Ҳайит мусулмонлар наздида доимо муқаддас ва ардоқли ҳисобланиб, буюк ишларга эришиш, улкан савоблар ва кўп ютуқларни қўлга киритиш билан боғлиқ бўлиб келган. Ҳайитларимиз бандаларни Аллоҳга яқин этадиган ва Унинг розилигини жалб қиладиган охират амалларига боғлиқдир.
Масалан, мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини тугаллаганларидан ва у тўғридаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этганларидан кейин, Аллоҳ уларга бу кунни ҳайит ва байрам қилиб берди. Бу кунда улар улкан ютуқлар ва катта муваффақиятларга эришганларини сурур ва севинчларини, розилик ва мамнунликларини изҳор этиб, байрам қилишади.
Шунинг учун ҳам бу кун “Мукофотлаш куни” ҳам дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳайит куни бўлганда фаришталар ерга тушишади ва кўчаларнинг бошига туриб олишади. Ва инсу жиндан иборат барча халойиқ эшитадиган овоз билан нидо қилишади: “Карамли Роббингиз томон чиқинг. У сизга катта яхшиликлар беради ва гуноҳларни мағфират қилади!”
Агар улар намозгоҳларида кўринишса, Аллоҳ азза ва жалла фаришталарига: “Ишчи ишини қилиб бўлгандан кейин нимага ҳақли бўлади?” дейди. Улар: “Илоҳимиз ва хожамиз, уларнинг ажрини тўлиқ қилиб берасан!” дея жавоб қилишади. Шунда Аллоҳ уларга дейди: “Сизларни гувоҳ қиламанки, уларнинг сиём ва қиёмларига савобни, Ўзимнинг розилигим ва мағфиратим қилдим! Сизлар кечирилган ҳолда қайтингиз!”
Ҳофиз Абу Муҳаммад ибн Асокирнинг “Мусаннаф”ларида шундай келади: “(Фаришталар) айтадилар: “Сизларга буюрди, рўза тутдинглар. Роббингизга итоат этдинглар. Энди мукофотларингизни қабул қилинглар!” Бу ҳадисни муҳаддислар “Ҳайит – мукофотлаш куни” ҳадиси деб аташади.
Барча ибодатларимизда биз учун энг гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олганимиздек, ҳайит куни қиладиган амалларимизни ҳам у Зот қилганларидек қилишга ҳаракат қилайлик. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни эрталаб ғусл қилар эдилар. Сўнгра чиройли кийимларини кияр ва хушбўйланар эдилар. Намозгоҳга чиқишларидан аввал бир нечта хурмо ердилар. Хурмони тоқ ердилар. Агар хурмо топа олмасангиз, бирор ширинлик енг. Намозгоҳга пиёда юриб, бир йўлдан борсалар, бошқасидан қайтиб келардилар. Ҳайитдан олдинги куни қуёш ботишидан бошлаб то ҳайит намози ўқигунларича, такбир айтар эдилар. Қуръони Каримнинг Бақара сураси 185-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат деди: “Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир”
Такбирлари: “Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, ла илаҳа иллаллоҳу, Валлоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар ва лиллаҳил-ҳамд” эди. Бу такбирни уйда ҳам, кўчада ҳам айтиш суннатдир.
Намозгоҳга боришда ҳам, келишда ҳам шошмасдан, виқор билан, бировларга озор бермасдан юринг. Ҳаром нарсаларга қарашдан кўзингизни сақланг. Масжидга эртароқ бориб, аввалги сафларда намоз ўқишга ҳаракат қилинг. Намоз бошлангунига қадар такбир айтишда астойдил бўлинг.
Намоздан сўнг имомнинг хутбасига қулоқ тутинг, хутба тугагач, ён-атрофингиздаги мусулмон биродарларни “Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам тоатларни қабул айласин”, деб муборакбод этинг. Бу кунда ота-она, қариндош-уруғ ва ёр-биродарларни зиёрат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳайитни чиройли қилиб, шод-хуррамлик билан ўтказиб олганингиздан кейин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки Рамазон рўзасига шавволдан олти кунни эргаштириб рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деган сўзларига биноан, шаввол ойидан олти кун рўза тутинг. Бу рўзани тезроқ тутиб қўймоқчи бўлсангиз, ҳайитнинг иккинчи кунидан бошлаб тутишингиз мумкин. Биринчи ҳайит куни рўза тутиш ҳаромдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар икки ҳайитнинг биринчи кунларида рўза тутишдан қайтарганлар. Бу олти кунни шавволнинг кейинги кунларида тутилса ҳам бўлади. Уни тутишда пайдар-пайлик шарт эмас. Рамазон рўзасидан қарзи бор опа-сингилларимиз, аввало, қарзларини тутиб, кейин шаввол рўзасини тутганлари яхши.
Аммо қазоларини тутишлари сабабли шаввол тугаб қолиш эҳтимоли бўлса, қазоларини кечиктириб, шавволнинг олти кунини тутишлари афзал. Чунки шаввол рўзаси фақат шавволда тутилади, уни қазо қилиб бўлмайди. Рамазоннинг қазосини келгуси Рамазонгача тутиб берсалар бўлаверади.
Парвардигоримиз Аллоҳдан бу улуғ айёмларни келгуси йилларда ҳам баракотлари ила бизларга қайтаришини, ҳаммаларимизни келгуси Рамазонга соғ-саломат, мустаҳкам иймон-ла етказишини ёлбориб сўраймиз. Барчамизга Рамазон Ҳайити барака ва шодлик олиб келсин!

Комилжон Шодмонов,
“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш