Фитнадан сақланайлик

24-09-2024, 14:00 admin Мақолалар 93

Фитнадан сақланайлик
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Динимизда жамиятдаги меҳр-мурувват, ўзаро тотувлик, бирдамлик, инсоф-диёнат каби ҳислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади. Одамлар орасида фитна чиқариш, бир бирига қарши гижгижлаш, уларни тўғри йулдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади. Диний манбаларда фитна одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ жамият аьзолари орасида фитна чиқариш, одамлар орасида фитна чиқариш, бир-бирларига нисбатан қайраш, фитна орқали оға-иниларни бир-бирларига чап қилиб қўйиш орқали кўп ўлимларга, оммавий қирғинларга биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликка сабаб бўлади. Жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз. Фитна йўли билан жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўядилар.
Фитнани ёмон томони шундаки, кўпчилик уни асл моҳиятини англамайди. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: яьни “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бу дунё токи қотил нима учун ўлдираётганини, мақтул нима учун ўлдирилаётганини билмайдиган кун келмагунча фитна йўқ бўлмайди”.
- “Бу қандай рўй беради?” - дейилди.
“Харж (фитна аралашган уруш бўлади), ўлдирган ҳам, ўлдирилган хам дўзахда!” дедилар (Имом Муслим) ривояти.
Бир мунча муддат мусулмонларнинг бошига турли кулфатларни ёғдирган ИШИД балоси ҳам ана шундай фитналардир. Фитнанинг яна бир мудҳиш жиҳати шундан иборатки, унинг жамиятда урчиши янада каттароқ инқирозларга олиб келмаслиги учун ҳар бир ўзини билган давлат қонун доирасида қатьий чоралар кўради.
Шундай экан, шу юртда яшовчи ҳар бир инсон миллати, ижтимоий мавқеи, касб-коридан қатьий назар фитналарга муросасиз қарши туриши лозим. Зеро оммавий балога сабабчи бўладиган фитнага оммавий равишда қарши туриш билангина бас келиш мумкин. Ҳозирги кунимизда ҳам одамлар орасида минг йиллардан бери амал қилинаётган мазҳабларни ташлаб бемазҳабликка даъват этадилар. Бу ўзларига эргашганларнинг гуноҳларини ҳам бўйниларига оладилар. Ҳадиси шарифда шундай дейдилар: “Ким ҳидоятга чақирса, унга (ўз ажри билан бирга) эргашувчиларнинг ажрича ажр бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг савобини камайтирмайди. Ким залолатга чақирса, (ўз гуноҳи билан бирга) эргашувчиларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг гуноҳини камайтирмайди” (Имом Муслим ривояти).
Бундай фитнадан сақланишнинг йўли, ислом уммати қабул қилган, тўғрилигига ижмо қилган фиқҳий мазҳабларга амал қилишдир.
Фитнадан қочишнинг яна бир чораси билмаган нарсаларини ишончли, мазҳабни маҳкам тутган аҳли суннат олимларидан сўраб олишдир. “Пайғамбаримиз (с.а.в): яьни: “Билимсизликнинг давоси сўрашдир” дедилар.
Фитналар қаршисида ҳар кимнинг асл қиёфаси фош бўлади. Давлатимиз энди мустақилликни қўлга киритган пайтларда ёш давлатимизга турли сиёсий, иқтисодий ва диний фитналар уюштирилди. Ўша фитналарга аралашганларнинг кўпи жазога тортилди. Лекин давлатимиз доим кечиримлилик йўлини тутиб келди. Кейинги йилларда юртбошимиз томонидан кетма-кет афвлар эълон қилинмоқда. Минглаб кишилар оила-аъзолари бағрига қайтиб, ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишлари учун ҳар томонлама ёрдам берилди. Зеро динимиз кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таолло марҳамат қилади. Яьни: “Уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”
Бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз эса бу фитналарга алданмаслигимиз керак.
Ҳалқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга биз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам кунларимизга шукур қилишни тарғиб қилишимиз керак. Шукур ва сабр бандани Аллоҳ таоло олдида мартабасини кўпайтирадиган амаллардандир. Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин. Юртимизни турли хил фитна-фасод ва бало-ю офатлардан, яратган эгам ўз ҳифзу-ҳимоясига олсин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётда ўз йулидан адаштирмасин, қалбимизни иймон ва ислом нури билан мунаввар қилсин! ОМИН!



Кармана тумани “Дўстлик” МФЙ отинойиси Г.Нафасова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш