МУСУЛМОНЛАР ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ

5-09-2021, 00:30 admin Мақолалар 454

МУСУЛМОНЛАР ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ
  Динимизда инсоф-диёнат, ўзаро тотувлик, жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна ва ихтилоф чиқариш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади.
Тинчликни фаровонлик ва тараққиётнинг бош мезони деб билган ҳар қандай давлат жамиятда фитна оралашига қаршилик қилади, бунга йўл қўймайди, фитначилар билан ҳеч қачон муросага бормайди. Инсоният тарихининг илк кунлариданоқ ҳолат шу. Душман қаерни эгалламоқчи бўлса, қайси заминнинг бойликларини таламоқчи, халқини қул қилмоқчи бўлса, албатта ўша ерда фитна уруғини экишга ҳаракат қилган, маҳаллий фитначиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган.
Бунга тарихдан мисол келтирсак! Мадина шаҳрида яшаган Авс ва Хазраж қабилалари доим бир-бири билан адоват қиларди. Ислом келганидан кейин улар дўст-биродар бўлиб яшай бошладилар. Уларнинг бу дўстлигини кўра олмаганлар уларга қизғин жанг бўлган “Буос” кунини эслатди. Ўша кунги жанглар, қаҳрамонликлардан бошланган гап, низога айланиб, охири икки қабила ўзаро жанг қилишмоқчи бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу воқеанинг хабари етгач, асҳоблари ҳамроҳлигида улар ёнига чиқиб бордилар. Тўпланиб туришган жойга етиб боргач:
“Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқсангиз бўлмайдими?! Мен ҳали орангизда бўла туриб сизлар жоҳилият чақириқларига чорлайсизми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоятлаб қўйганидан ва у билан сизларни мукаррам қилганидан, у сабабли сизлардан барча жоҳилият ишларини узиб ташлаганидан, у сабабли сизларни куфрдан қутқариб, дилларингизни бир-бирига ошно қилганидан сўнг-а?!”, дедилар. Шундагина қавм ўзларига келиб, душман макрига алданиб қолганликларини англаб етдилар, иккала қабила аъзолари қучоқлашиб, бир-бирларидан кечирим сўрадилар (“Ас-Сийратун набавия” китобидан).
“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “синаш”, “имтиҳон қилиш”, “оловда тоблаш” маъноларини билдиради.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда эса “фитна” сўзи бир неча маъноларда келган. Масалан, “синов, имтиҳон”, “ҳақ йўлдан тўсиш”, “оловда азоблаш”, “ширк, куфр келтириш”, “ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш”, “залолатга кетказиш”, “одамларни қатл қилиш ва асир олиш”, “одамлар ўртасидаги келишмовчилик” маъноларини учратиш мумкин.
Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.
 “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят).
Диний манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз.
Фитнанинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу-фасод қўзғаш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик унинг асл моҳиятини англамайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
  “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бу дунё, токи қотил нима учун ўлдираётганини, мақтул нима учун ўлдирилаётганини билмайдиган кун келмагунча, йўқ бўлмайди”. “Бу қандай рўй беради?” – дейилди. “Ҳарж (фитна аралашган уруш бўлади), ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахда!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).
 Афсуски, дунёдаги нотинч ҳудудлар ҳақида фикр қилган киши бу ҳудудлар аксар ҳолларда мусулмон диёрлари эканини англайди. Маълумотларга кўра, ўтган йилларда терроризм балосидан энг кўп азият чеккан дунёнинг 10 та мамлакатидан 8 таси мусулмон диёрлар экани аниқланган. Бу ерларда мусулмон мусулмоннинг қонини тўкмоқда, ўлдирмоқда. Ўлдираётган нима учун ўлдирмоқда, ўлдирилган нима учун қатл қилингани сўралса, тайинли жавоб йўқ, ҳеч бири билмайди.
“Жиҳод”, “Ислом давлати қуриш” каби ниқоблардаги урушлар, хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетди. Ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда чет элдаги гумашталарининг “фатво”лари билан фитнани оқламоқчи бўладилар.
Мусулмонларнинг бошига турли кулфатларни ёғдирган “ИШИД” террорчи ташкилоти ҳам замонамизнинг ана шундай фитналаридан биридир. Бинобарин, бу машъум ташкилот сабаб 13 миллиондан ошиқ тинч аҳоли ўз уйини ташлаб, қочоқликка маҳкум бўлди. Миллионлаб ёшлар мактабга боролмай қолди. Қанчадан-қанча аёллар бева, норасида гўдаклар эса етим қолди. Обод юртлар хонавайрон бўлди... Фикр, мушоҳада қилган киши борки, бу фитналар мусулмонлар бошига фақат кулфат ва аччиқ азоб келтиришини англаб етади. Шундан кейин ҳам баъзи ёшларнинг “жиҳод” қиламан деб, ўзини олов домига ташлаши, мусулмонларга қарши қурол кўтаришини қандай тушуниш мумкин?!
Абу Идрис ал-Хавалоний Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... жаҳаннам дарвозасига даъват қилувчилар пайдо бўлади, кимки уларнинг даъватига жавоб қилса, уни жаҳаннам қаърига улоқтирадилар”, - дедилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули, ўша кишиларни бизга тавсифлаб беринг!” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар ўз уруғимиздан бўлиб, бизнинг тилимизда сўйлайдилар”, - дедилар. Мен: “Агар мен ўша даврда ҳаёт бўлсам, нима қилишимни буюрасиз?” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонлар жамоасидан айрилмагин, уларнинг имомларига эргашгин!”, - дедилар. Мен: “Башарти, ўша замонда на мусулмонлар жамоаси на имомлари бўлмаса-чи?” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гарчи дарахт томирини кемириб кун кўришингга тўғри келса ҳам сени сабр қилишга даъват қилувчи Аллоҳни қалбингга маҳкам тугиб олгин-да, ўла-ўлгунингча ўша замон фитначиларидан йироқ бўлгин!” -  деб айтдилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат қилганлар:
     “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Диққат қилинса, фитна ҳақидаги ҳадисларда унга аралашмаслик, ўзини четга олиш тавсия қилинади. Ҳадиси шарифдаги “Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига тортади” жумласининг тасдиғини ҳам ҳаётда кўрдик. “ИШИД” террорчи ташкилоти ёки жиҳодий жамоалар даъватчиларининг тарғиботини мунтазам эшитиб юрган кўпчилик ёшлар, минг афсуски, унинг тўрига илиниб қолдилар.Биз ёши улуғлар ва зиёлилар фарзандларимизни бу иллатлардан огоҳ этиб оқу-қорани ажратишда кўмак бериб, доим уларга насиҳат қилишда давомли бўлишимиз лозим.
Аллоҳ юртимизни тинч айлаб хақимзни хонадонларига баракот берсин, келажак авлодларимизга манфаъатли илм ўрганиб, улуғ бобокалонларимизнинг изларидан бориб, дунё ва охиратда саодатманд бўлишларини насиб айласин.
Яқинлашиб келаятган жонажон ватанимизнинг 30 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш бахтини барча ватандошларимизга насиб этсин.
(Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси фатво ҳайъати маърузалар тўплами асосида тайёрланди).

“Хон Хўжа Эшон Бобо ” жомеъ масжиди имом хатиби: Қ.Ибрагимов.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш