Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?
Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.
Эркин Воҳидов - Ўзбекистон халқ шоири.
Юқоридаги мисраларда камтарлик улуғланиб кибр ва риёда бўлмаслик таъкидланган. Ҳаёт йўлларида турли инсонларни учратасиз, шундай инсонлар борки, камтаринлик гўзал чеҳраларида нур бўлиб порласа, шундай инсонлар борки кибрлари баландлигидан улар билан ҳатто суҳбатинг татимайди… Кибр сўзининг асл маъно-моҳиятига эътибор қаратсак Кибр, такаббур, кибриё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради. Қайсидир маънода мансаб-мартабасидан, ҳусн-чиройидан, молу-мулкидан кибрланиш инсонлар орасида учраб туради. Динимиз ҳам мусулмонларни кибрли бўлмасликка буюради. Қуръони Каримда: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” дейилади. (Исро сураси, 37-оят). Аллоҳ таоло кибрли бандани севмайди. Бу ҳақида Роббимиз муборак каломи шарифида: “Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” дейди. (Нисо сураси, 36-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида заррача кибри бўлса, жаннатга кирмайди” дейдилар. Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига насиҳат қилиб шундай деган эканлар: “Эй фарзанд, зинҳор қадрингга етмайдиганларнинг олдига борма. Ота-она хизматини қил. Камтарни таҳқирлама, кибрга берилма. Аллоҳ таоло Рофиъ ва Ҳофиз ( улуғлагувчи ва пасайтирувчи)дир. Зеро, у камтарни азиз, қулни подшоҳ айлайди. Хоҳласа, кибрли кишини хор, бойни эса фақир қилади”. Имом Заҳабий ва бошқа уламолар кибрни гуноҳи кабира эканини таъкидлаганлар. Аллоҳ таоло “Бақара”сурасида: “Эсла, фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!”деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди”, дейилган. (34 – оят)
Демакки, кибр салбий иллатларни ўзида мужассамлаштирган одат экан, кибрга берилмоқликдан сақланайлик!
Демакки, кибр салбий иллатларни ўзида мужассамлаштирган одат экан, кибрга берилмоқликдан сақланайлик!
Қизилтепа шаҳри отинойиси: Равшанова Ойдин Амриллоевна