Луқмони ҳаким: “Неъмат ва давлатингиз бор пайтда шукр бажо келтириб, бошингизга қийинчилик тушган вақтда сабрни ўзингизга йўлдош қилинг. Сабр ҳар бир енгилликнинг очқичи бўлиб, неъматга шукр қилиш давлат ва осойишталикнинг кўпайишига сабаб бўлади”, деганлар. Одам Ато жон кириши билан аксириб, “Алҳамдулиллаҳ!” деганлар. Шукр айтиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос. Ҳофиз Шерозий шундай дейдилар:
“Ногаҳон ғам келса сенга, ўзни тут, бўлма тажанг,
Шукр қилғил, токи баттароғига бўлма дучор.
Сен ишонгил, ғам ема, сабр айла, э дил оқибат,
Шомдан тонг, кечадан кундуз келур, қишдан баҳор” .
“Йўқ нарсага қайғурмайдиган эмас, борига шукр қилувчи – донодир” дейди доно халқимиз.Бу каби ҳикматлар кўпчиликка маълум.Аммо, не ажабки, билатуриб ношукрлик қилаверамиз. Халқимизда яна “Еб туриб маърайди – я!” деган ҳикмат ҳам бор. Эътибор берсак, тўкин дастурхон атрофида ўтириб, уч – тўрт хил таомларни еб олиб, тирикчиликнинг қийинлашиб кетаётгани борасида нолий бошлайдилар. Бировда ўн–ўн беш, бошқада эллик–олтмиш сидра кийим–бош бор. Лекин униси ҳам, буниси ҳам қийинчиликдан нолийди. Бири кўйлагининг элликтага етмаганидан, бошқаси шимининг юзтага етмаганидан афсусда юрибди.
Ҳазрати Сўфи Оллоҳёрдан шукр келтиришлик борасида бир ўгит бор:
Кишиким, розилиқ томинда бўлса,
Қилур шукр аждаҳо коминда бўлса.
Демоқчиларки, Аллоҳ таолонинг ризолигини истамоқ завқида бўлса, аждаҳо комида туриб ҳам Тангри таолога шукр айтади, ҳамиша розилигини сўрайди. Билиб–билмай ношукрлик қилувчиларнинг хонадонига кўз ташласак, камида бир ҳафталик емак–ичмак ғамлаб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Автомобил, турфа гиламлар, биллур қандиллар, ишлатилмаса–да, жавонга териб қўйилган ажиб идишлар… Шундай хонадондан шукр ўрнига норизолик гаплари учиб туради:
- Фалон нарсани Хитойдан ҳам топа олишмабди.
- Фалон нарсанинг нархи ошиб кетибди…
- Тўйимга фалончи ашулачи келишини ният қилувдим, умидим ушалмади…
Аслида: Хитойда ҳам топилмаган ўша нарсасиз ҳам бахтли ҳаёт кечириш мумкин. Нархи ошган бўлса, ўз чўнтагига тушаётган даромади ҳам ошган – ку?Фалончи ашулачи келмаса ҳам тўйи ўтди – ку? Турли сабаблар билан тўйга етишолмай юрганлар озми? Кеча бойиб гердайган, бугун бойлиги қўлдан кетиб нола қилиб юрганлар ўйлаб кўрсинлар: бойлик берилганда қанча шукр қилишди экан? Шукр қилдилармикин ё: “бугун минг доллар фойда қилибман, ҳолбуки икки минг доллар фойда олсам ҳам бўларди”, деб ачинганмикинлар? Ношукрлик – ёшларга тез юқадиган хасталик. Уларга ҳар бирса камдай туюлаверади. Қизлар, келинлар бу борада анча пешқадамлар. Улар кўнгилларини ҳавасга бутунлай бўшатиб бериб, шукроналикка жой қолдирмайдилар. Оқибатда ўз кўнгилларини ўзлари синдириб, азобланиб юрадилар. Мол–мулк ва бойликлар ҳақидаги оятлар нозил бўлганда, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар
- Қандай турдаги нарсани мол қилай?
Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
- Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳ таолони зикр этувчи тилни ва унга шукр қилувчи қалбни мол қилингиз! Уйимиздаги қўша-қўша гиламу биллур қандиллар эмас, тилла, олмос, жавҳар безаклар эмас, зикр қилувчи тил ва шукр қилувчи қалб инсоннинг асосий бойлигидир. Тилла, биллурлар омонат бойлик. Кишига вафо қилмайдиган бойлик. Ҳатто дўзахга етаклаши мумкин бўлган бойлик. Зикр ва шукр билан банд бўлган тил ва қалб бойлиги садоқатлидир, омонат эмасдир, жаннат дарвозасининг калитидир. Бу калитни олишга интилмаслик ақлсизлик эмасми?
Инсон ҳамма орзусига етолмайди. Шунинг учун ўзига қараганда бечораҳолроқ бўлганларни кўриб, ўз аҳволига шукр қилиши ақллилик аломатидир. Шундай ривоят бор: Бир одам йўлда пиёда кетар экан, аҳволига ачиниб, ўз–ўзига:
- Бу ерда, бу саҳрои биёбонда мендан ожизроқ, бечорароқ, паришонроқ яна ким бор? – деб еғлади.
Шу яқиндан ўтиб бораётган, устига оғир юк ортилган эшак унинг нола – ю фиғонини эшитиб деди:
- Эй ақлсиз одам! Нега ҳолингдан бундай шикоят қиласан? Аллоҳга шукр айтиб йўлингда кетавер. Эшакка минмагансан, аммо мен каби юк остида эмассан – ку?! Ҳолингга шукр қилсанг – чи!
Ҳа, эшакнинг тили йўқ бўлганда эди, кўп ҳолларда, кўп кишиларга шундай хитоб қилиши аниқ эди. Худо унга тил берса–ку, айтар, лекин ношукр одам эшитиб, амал қилармикин? “Албатта, шукр қилувчилар кўп. Бироқ, бирон дардга йўлиққанда “Эй, Худо, қайси гуноҳларим эвазига мени бу касалга йўлиқтирдинг?” деган нола – ю фиғон билан ҳақ талашадиганлар ҳам учраб туради. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “Эй бандаларим, Мен бир мўмин бандамни бирон касалликка йўлиқтириб имтиҳон қилсам ва у зиёратга келганларга Менинг бу мубтало этганимдан шикоят қилмаса, Мен у бандамни асирлар қаторидан халос этаман”. “Асирлар” дейилганда икки маънони – “жаҳаннам асирлари”ни ҳамда касалликка асир бўлганларни англаш мумкин. Яъни: хасталикка сабр ва шукр қилганлар Қиёматда жаҳаннам азобидан озод этиладилар, бу дунёдаги заҳматлари эвазига жаннат роҳатига эришадилар. Унга қадар эса, дард асирлигидан ҳоли бўладилар. Англадингизми?Шукрнинг мукофоти ана шундай юқоридир” .
Агар дунёга илмий нуқтаи назардан қарасак, яъни барча нарсанинг нисбий эканини инобатга олсак, ношукрлик қилмаган бўлардик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Мол–дунё борасида сиздан устунроқ одамни кўрганингизда ўзингиздан қуйироқда бўлганга ҳам назар солинг!” .Дунё қайғуси ўй – хаёлини қамраган чоғда киши ўзидан ҳам ҳоли харобларни эслаб шукр қилиши керак. Ўз ҳолига шукр қилувчининг қалбида иймон нури порлайди. Инсон бу нур билан ҳузурга эришади. Неъматни билган – шукр қилувчи, билмаган – куфр қилувчи бўлади. Имом Ғаззолий ҳазратлари бу масалани тадқиқ этиб, янада чуқурлаштириб: “Аллоҳ таоло берган неъматларни Унинг йўлида сарфлаш шукр, Аллоҳ таоло севмаган ерга сарфлаш эса куфрони неъматдир”, деганлар.
Ҳазрати шайхул машойих Жунайд Бағдодий қоддасаллаҳу сирроҳу дедиларки: “Шукр улдирки, жаноби Ҳақнинг берган неъмати билан Унга осий бўлмагайсан. Ва Унинг неъматини маъсиятга (гуноҳ ишларга) сармоя қилмагайсан”.
Буни қандай тушуниш керак? Аллоҳ таоло бизга ақл неъматини/ шунга кўра илм неъматини берди.Биз ақлни илм олишга сарф этмасак, демак, шукр эмас, куфрони неъмат қилган бўламиз.Дейлик, ақл неъматига шукр қилиб, илм эгалладик.Лекин илмни керакли йўлга сарф этмадик.Кимёгарлик илмини эгаллаганимиз ҳолда бозорда сақич сотиб ўтирибмиз.
Ровийларнинг айтишича, пайғамбарлардан бири кичик бир тош кўрадилар.Кичкинагина тошдан мўл сув тошиб чиқаётган эди. Пайғамбар ажабланган онларида Аллоҳ таоло тошчани гапиртиради: Мен Аллоҳнинг:“Одамлар ва тошлар ўтин бўладиган кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг”оятини эшитгандан бери Аллоҳнинг марҳаматидан ажраб қолишдан қўрқиб еғлайман.
Пайғамбар бу тошчани дўзахдан қутқариш учун Аллоҳ таолога ёлборди.Аллоҳ таоло дуонинг мустажоб бўлгани, тошча дўзахдан халос этилганини билдирди.Лекин бир муддатдан кейин Пайғамбар шу ердан ўтаётганларида ўша тошчанинг яна еғлаётганини кўрдилар ва “энди нима учун еғлаяпсан?” деб сўрадилар. Тош жавоб берди:
- Олдингиси қўрқув кўзёшлари эди. Бу эса, севинч ва шукр кўзёшларидир. Инсоннинг қалби тош цингаридир. Ҳатто баъзан тошдан қаттиқ ва маъюсдир. Бу маъюсликни фақат тақво, шукр ва севинч кўзёшлари кеткиза олади. Шукр гўзал ахлоқларнинг бири ҳисобланади. Ғаззолий ҳазратлари айтганлар: “чакмон инсонга қанчалик ёқимли бўлса, ҳамд–шукр ҳам Аллоҳ таолога шунчалик ёқимлидир” .
Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга ваҳий йўли билан: “Мен комил бандаларимдан комиллиги эвазига фақат шукр олишга рози бўлдим”; “…ва агар Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангизлар, У зотнинг неъматларига шукр қилинглар” .
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай дедилар:
- Шукр иймоннинг ярми. Билки, шукр: қалб билан; тил билан; аъзолар билан изҳор этилади.
Қалб билан шукр қилиш – қалб билан яхши нарсаларни ният қилиш ва барча жонзотлар учун қалбда яхши фикрларни жо этиш демак. Тил билан шукр қилиш – шукрини далилловчи сўз ва жумлалар билан Аллоҳ таолога ҳамд айтмоқлик (яъни “Алҳамдулиллаҳ!”). Аъзолар билан шукр қилиш – Аллоҳ таолонинг неъматларини ибодат, итоат, ва яхшилик йўлларида ишлатиш, уларни Аллоҳ таолога исён йўлида ишлатишдан тийилишдир. Масалан, гап – сўз бўлиб турган ҳар турли гуноҳ ва айб нарсаларга қарашдан кўзларни олиб қочиш ва юмиш – кўзнинг шукри ҳисобланади. Тил билан шукр қилмоқ ҳам шу доирага киради. Юқоридаги таърифга қўшимча изоҳ келтирсак, тил воситаси ила Аллоҳ таолонинг ҳукмларига розиликни ифодаламоқ тилнинг шукридир. Зотан, тилга шу вазифа юкланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишидан сўрадилар:
- Тонггача тунинг қандай ўтди?
У киши жавоб берди:
- Яхши ўтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саволни яна такрорладилар. У киши ҳам айни жавобни берди. Савол учинчи марта такрорланганида, у киши хатосини англаб:
- Яхши! Алҳамдулиллаҳ! Ўзига минг қатла шукр! – деди.
Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мамнун бўлиб: “Сендан тилаган жавобим шу эди”, деб марҳамат қилдилар .
“Яхши ётиб – турдингизми?” ёки “Яхши бориб – келдингизми?” деган саволларга шукр ўрнига тўмтоқ жавобларни кўп эшитамиз. Эрталаб уйқудан уйғонганимизда тирик бандалар қаторида турғизгани учун шукр қилишимиз керак, ахир. Чунки уйқусида жон таслим қилувчилар ҳам бор. Эрталаб уйғониб, ота – онамиз, фарзандларимиз билан кўришганимиз учун ҳам шукр қилишимиз керак. “Уйқуга ётишдан олдин “яхши ётиб туринг”, деб хайрли тилак тилаб, тонгда яқинларининг жонсиз юзларини кўрганлар ҳам бор. Покланишимиз учун тайёр турган сув учун, дастурхонимиз устидаги бир тишлам нон учун… ҳамма – ҳаммаси учун шукр қилишимиз керак. “Шукр қилиб тановул қилгувчи – сабр қилиб рўза тутувчи янглиғдир” дедилар Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
Шукр қилувчи бўлайлик. Зеро, шукр қилишда қийинчилик йўқдир. Билъакс, шукр неъмат лаззатини оширади.Давомли бўлишини таъминлайди. Билайликки, шукр–қаноат, тежамкорлик, розилик, мамнуният билан, ношукрлик – ҳирс, исроф, қаноатсизлик, ҳалол–ҳаромни ажратмаслик билан бўлади.
Ёзувчилардан Улуғбек Ҳамдам “Мувозанат”аталмиш асарларида кишини ўйлантирадиган ота – ўғил баҳси баёнини берганлар. Ўғил дейди:
“Қийинчилик – Худонинг бандасига юборган бир синов.Дунё эса – синов майдони, шундай экан, ношукрлик ёмон.Намоз ўқиб, Худога ёлбориш керак. Ҳадеб, у йўқ, бу йўқ, эртага очарчилик бўлармиш, деб ваҳима қилиш ўрнига, борига шукр қилиб яшашни ўрганиш лозим. Нафсни қўйворса, у нима балоларга гирифтор этмайди. Пайғамбаримиз жуда фақир ҳаёт кечирганлар. Уйларида бир марта қозон қайнаган ё қайнамаган. Емишлари хурмо–ю сув бўлган. Биз–чи? Биз энг қийин даврларда ҳам ўша хурмоча емишга қаноат қилолмаймиз. Назаримда, одамларнинг кўзи оч. У йўқ, бу йўқ, бундан буён у нарса бўлмасмиш, деган гаплар оғизларидан тушмайди. Ўзлари талвасада. Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ…” Икки дунё саодатини топамаган, деган киши бир қўлида сабр таянчини, иккинчисида шукрни маҳкам ушлаганича ҳидоят йўлидан юраверса, гўзал манзилга етиб боради. Зотан, шукр ва сабр ила яшовчи халқ Аллоҳ назарида бўлажак. Биз келажак ёшларники, деган гапни кўп айтамиз. Келгуси наслларга биздан озод ва обод Ватан қолишини орзу қилиб яшаймиз. Барча эзгу ишларимиз замирида ана шу олийжаноб мақсад мужассам. Биз шу азиз диёрда нафақат фарзандларимиз, балки невара–чевараларимиз, йироқ–йироқ авлодларимиз ҳам тинч–омон, фаровон, бахтли–саодатли, маърифий ҳаёт кечиришини, Ўзбекистон деган юрт, ўзбек деган ном дунё тургунича туришини истаймиз”.
Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Саидхонбалова Робия