Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Аллоҳнинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам”, – дедилар» (Бухорий ривояти).
Динимизда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва оилавий тотувликка катта эътибор берилади. Аҳиллик аввало бир-бирини тушунишдан бошланади. Парокандалик эса ўзини устун қўйиш, бошқаларни менсимаслик оқибатида келиб чиқади.
Ҳадиси шарифларда мусулмон кишининг уч кундан ортиқ аразлашиб юриши қаттиқ қораланган.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриш ҳалол эмас. Учрашиб қолса, бу ҳам юз ўгириб кетади, у ҳам юз ўгириб кетади. Иккисидан яхшиси эса аввал салом берганидир», – дедилар» (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг мўмин билан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Уч кун ўтган бўлса, учрашиб, салом берсин. Агар у бунинг саломига алик қайтарса, иккови ҳам ажрда шерик бўлади. Агар саломга алик қайтармаса, гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади», – дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Афсус билан айтишимиз мумкинки, бугунги кунда айрим эр-хотинлар, ака-ука, опа-сингил, қалин дўстлар ва ҳатто ота-болаларнинг бир-бирларини тушунмасдан, орага совуқчилик тушаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу эса масъулиятни ҳис қилмай, ҳуда-беҳудага жанжал чиқаравериш натижасидир. Сабабини сўрасангиз, ҳамма ўзининг ҳақлигини исботлашга уринади. Бу айни хатодир. Динимиз бундай ҳолатларда икки тарафни тинглаш ва тўғри хулоса чиқаришга буюради. Аммо ҳамма ҳам бунга бирдек қулоқ солавермайди. Агар улар аразлаб юришнинг улкан гуноҳлигини билганларида борми, ўша заҳоти ярашишга интилган бўлишарди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон одамнинг ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Ким бундан ортиқ аразлаб юриб, ўлиб қолса, дўзахга киради», – дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Абу Хирош Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким ўз биродари билан бир йил аразлашиб юрган бўлса, унинг қонини тўккан билан баробардир», – деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).
Халқимизда «Бир кун уруш бўлган уйдан қирқ кун барака кўтарилади», деган ибратли сўз бор. Адоват нафақат оилага, балки бутун жамиятга салбий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас.
Бахтиёр ва комил инсон бўлишни истаган киши аввало бошқаларнинг ҳаққини адо этиш хислатини ўзида мужассам қилмоғи керак.
Яқинларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улардан марҳаматини аямаслик муҳим вазифалардан биридир. Ўз навбатида бунинг аксини тутганлар асло обрў топмайди.
Донишмандлар томонидан айтилган «Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар» мақоли ҳам асрлар оша ўз мавқеини сақлаб келмоқда.
Улуғлардан бири укасига: «Дўст жафо билан душманга айланади, душман эса яхшилик билан дўстга!» – деб насиҳат қилган экан.
Қариндошлардан, дўстлардан алоқа узиш дунё лаззатларидан, охират савобларидан кўз юмишдир. Шариатда ҳам, жамиятда ҳам ҳар кимнинг ҳақ-ҳуқуқи белгилаб берилган. Киши ўз масъулиятини ҳис этиши ва бунинг учун жавобгар бўлиши тайин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирингизни ёмон кўрманглар. Ўзаро рақобат қилманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», – дедилар» (Бухорий ривояти).
Демак, нафс амрига бўйсунмасдан, ўзимизга бино қўймасдан, илоҳий оят ва ҳадиси шарифларда айтилган кўрсатмаларга амал қилсак, ота-боболаримизнинг сўзларига қулоқ тутсак, жамиятда фаровонлик, оилада осойишталик ҳукм сураверади.
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси