Сўзлашиш Аллоҳ таолонинг инсониятга берган улуғ неъматларидан биридир. Чунки сўз билан инсонлар ўзларининг хоҳиш истаклари, мақсадлари, тилакларини билдиришади. Киши ўзи ҳақидаги, нарсалар ҳақидаги ҳақиқатни баён қилади. Сўз билан ўзининг розилиги ёки норозилигини изҳор қилади. У билан кишининг ақли иймони кўринади. Сўз билан инсонлар юксалади ёки ҳар-хил балоларга дучор бўлади. Сўз билан киши мақталади ёки ёмонланади. Сўз қалбнинг таржимони, инсон ички дунёсининг кўзгуси. Сўз инсон иқтидори, фикрлаши, билимининг ҳосиласи. Сўз билан инсон Роббисига итоат қилади ёки осий бўлади. Сўз билан инсон нажот топади ёки абадий ҳалокатга учрайди .
Азизлар ислом шариатида ҳам инсон ҳаётидаги энг муҳим неъматлардан биттаси сўз ҳақида ҳам албатта, таълим берган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида у ҳақида муҳим кўрсатмалар бериб ўтган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади.“Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпайади”.
Ҳакимлардан биридан: “Сизни бунчалик ҳикматга нима етказди?” деб сўралганда, “Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман”, деб жавоб берган экан.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадиганингиз”, дедилар”.
Албатта маърузачиларнинг қофиясини келиштириб гузал гапиришлари бу жумлага кирмайди.Чунки улар диний таълимотларни кишиларга етказиши учун одамларга таъсир қиладиган қилиб гапирмоғи лозим.
Росулуллоҳ соллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисда айтадики “Кишининг гўзаллиги унинг нутқидадир”, дедилар.
Азизлар барчамиз сўзлашда сўзимизга етибор беришимиз беҳуда гапиришдан ўзимизни сақлашлигимиз лозим .
Хатирчи тумани “Ислом Нури” масжиди имом хатиби: А.Рахмонбердиев