Ватанни севиш ҳикмати

12-02-2024, 14:42 admin Мақолалар 131

Ватанни севиш ҳикмати
Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғи, маҳалласи ва қишлоғи билан таърифланади. Ватан сўзи араб тилида туғилиб ўсган жой, она юрт маъносини англатади. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилат. Бу борада: «Ватанни севмоқ имондандир» ҳикматини эсга олишнинг ўзи кифоядир.
Бизга маълумки, Ватанга бўлган муҳаббат жой, макон ва вақт танламайди. Ватан музликларда, саҳроларда, чангалзорларда бўлиши мумкин. Бу туйғу инсон туғилиши билан вужудга келиб, вафот этиши билан ўз поёнига етади. Ватанга меҳр эса, она сути билан қалбга цингади.
Шу ўринда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Қаффол Шоший, Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, каби буюк алломаларимиз Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли кўплаб асарларини юрт номи билан боғлаганлари тарихдан маълум.
Буюк аждодларимиз Нажмиддин Кубро ватан ҳимоячиси қандай бўлишига ёрқин мисол бўла олади. Минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб келганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Бироқ Ватанини ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киришади, лашкарларни олға чорлаб бораётганида шаҳид бўлади.
Жалолиддин Мангубердининг эса моҳир лашкарбошилиги, жасорати ва мардлиги мўғул империяси ҳукмдори Чингизхонни лол қолдиргани тарих саҳифаларидан маълум. У Жалолиддиннинг шаънига мақтов сўзларини изҳор этиб: «Отадан дунёда ҳали бундай ўғил туғилмаган. У саҳрода шер каби ғолиб жангчи, дарёда эса наҳанг (акула) каби ботирдир», дейди ва ўғилларига юзланиб: «Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб – олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олади», деб таърифлаши унинг мардлигини тан олганини англатади.
Бир сўз билан айтганда, минг йиллар давомида юртимизни истило қилганлар оз бўлмаган. Бироқ барча замонларда ҳам ўз юртини ҳимоялаш мақсадида босқинчиларга қарши озодлик байроғини баланд кўтарган ватанпарвар йўлбошчилар, миллат қаҳрамонлари ҳалқимиз душманлари билан тинимсиз кураш олиб борган.
Шу сабабли, Ватанни севиш уни ҳимоя қилиш нақадар савобли иш эканлиги, Ватанга хиёнат қилиш эса кечирилмайдиган катта гуноҳлигини кўришимиз мумкин.
Аммо айрим кишилар ўз Ватанини ташлаб ўзга юртларда ватангадолик қилиб юрганликлари ҳеч кимга сир эмас. Боболаримиздан мерос бўлиб келаётган «Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингнинг гадоси бўл» деган ҳикматли сўзга кўра, бу инсонларда на ватан, на инсонийлик, на ота-онага бўлган ҳурмат, ака-ука, опа-сингилга бўлган меҳр, қавму қариндош ва қўни қўшничиликка нисбатан оқибатни акс этмаганини кўришимиз мумкин. Уларнинг айримлари эса турли радикал диний экстремистик ташкилот ва оқимларга қўшилиб кетаётгани кишини ажаблантиради. Улар ўзга айрим манфаатдор ёвуз кишиларнинг найрангига учиб ўз ватанидан, оиласидан ҳатто ота-онасидан ҳам воз кечиб кетмоқда… Бундай хислат инсонийлик мезонига ҳам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз Ватани равнақи учун фидоийлик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр бўлиши лозимдир.
Ватанни севиш ва айниқса, бу севгини амалда намоён қилиш унчалик осон иш эмас. Бу инсондан жуда катта жасоратни, бардошни, чидамни талаб қилади. Қизиғи шундаки, Ватан ўз фарзандларидан ҳар бир лаҳза жон фидо қилишини талаб қилмайди. Бу йўлда содир бўладиган фидоийлик энг юксак жасорат бўлиб, у кутилмаган ҳолларда рўй беради.
Лекин Ватан севгиси инсондан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, инсоннинг оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади.
Донишмандлардан бирининг айтишича: «Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғармаклари даркордир...»
Ўзини ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон бутун тану жони билан юрак қони ила ватан боғини яшнатиш учун хизмат қилиши керак.
«Ватан остонадан бошланади», деганларидек Ватан ҳар бир кишининг ўз қалбидан виждонидан бошланади. Яъни, ҳар кишининг қалбида Ватаннинг жажжи қиёфаси яшайди. Ватан – биз нафас олаётган ҳаводир. Ватаннинг бир зарраси эканини англамоқ киши учун ифтихор ва шарафдир. Шу сабабли ватанни севмоқ, қадрламоқ ва равнақи ҳамда шону шарафи учун хизмат этмоқ керак.





Хатирчи тумани
Бинокор мфй отинойиси
Турсуной Барнаева.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш