Исломда Ватанга муҳаббат.

14-06-2022, 09:08 admin Мақолалар 441

Исломда Ватанга муҳаббат.

Ислом – инсонпарвар дин. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва кишиларни шунга ўргатади. Мана шундай туйғулардан бири меҳр-оқибат, соғинч ва муҳаббатдир. Улар, аввало, ота-она, ака-ука, ёр-биродарлар билан боғлиқ. Бошқача айтганда, уларнинг барчаси инсон туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, бир сўз билан айтганда Ватан деган тушунчада мужассамлашган.
“Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади.
У кенг маънода бирор халқ вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади. Тор маънода киши туғилиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилади. Ибн Халдун “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, – деб таъриф берган.
Бир инсонни ўз ватанидан бадарға қилиш, мажбурлаб чиқариб юбориш оғир гуноҳлиги муқаддас китобларда таъкидланади. Жумладан, Қуръони каримда: “Эсланг, сизлардан “Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”, – деган аҳдингизни олган эдик”, – дейилади (Бақара, 84). Кўринадики, Ватандан бадарға қилиш қатл қилишдан кейинги энг оғир гуноҳлардан экан.
Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида орқаларига қараб: “Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим”, – дея ноиложликдан кўчиб кетаётганларини изҳор қилганлар.
Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” тўпламида келтирилган бир ҳадисда шундай дейилади: “Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Абу Бакр билан Билол иситмалаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: “Эй, падари бузруквор (яъни Абу Бакр), эй Билол, ўзингизни қандай ҳис қилмоқдасизлар?”, – деб сўрадим.
Абу Бакр иситма зўриққанда:
Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал,
Пойабзал ипидин яқиндир ажал, – дер, Билол эса иситма бироз пасайганда, йиғлаб:
Тақдирим не эрур, билмасман, э воҳ,
Бошимга ажалдан келурму сипоҳ?
Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,
Қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ!
Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин,
Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ! – дер эдилар. Мен бу ҳақда жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб айтганимда, У зот: “Ё Аллоҳ! Бизга Мадинани Макка сингари ёқимли, ундан ҳам ортиқроқ маҳбуб этғил! Ё Аллоҳ, унинг тошу-тарозисига барака ато этғил, уни (аҳлини) ҳамиша бардаму соғлом қил, мана буларнинг безгагини эса Жуҳфага кўчирғил!”, – дедилар”.
Кўриниб турибдики, икки улуғ саҳоба – Абу Бакр ва Билол ҳам Пайғамбаримиз билан бирга “Саодат асри”да яшаб, кундалик нозил бўлаётган ваҳийдан баҳраманд бўлишдек бахтга муяссар бўлсалар-да, ўз туғилиб ўсган Ватан соғинчида яшаганлар.
Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватанни қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик ва қудратли давлатларидан бири – Ҳиндистондек мамлакат ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи иси уфуриб туради.
Келтирилган оят, ҳадис ва ибратли мисоллардан маълум бўладики, Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган туйғу, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.
Конимех тумани бош имом хатиби: Р.Яндашев.

https://t.me/joinchat/AAAAAFLpIinp9zqmIIhY-w
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш