Ортимизда ким қоляпти?
“Солиҳ фарзанднинг ота-онаси учун қилган дуоси қабул бўлади ҳамда уни вояга етказган ота-онанинг амал дафтари ёпилмайди”.(Ҳадис).
Ҳамма жароҳат кундан-кунга кичрайиб, битиб боради. Аммо бир яра борки, йил сайин катталашиб, қонагандан-қонаб бораверади, оғриғи ортаверади! Бу етимлик доғидир. Ёш етим қолганларнинг аҳволоти бирмунча енгил бўлгич. Чунки хотираларида юк камроқ. Аммо ёшинг катта бўлганида айрилиш оғир етимликдир.
Инсончиликда бутун умринг кишилар билан мулоқотда ўтади. Бир бошинг билан минглаб одамлар карвонини ёнингдан ўтказасан. Лекин уларнинг ичида жонини гаровга қўйиб, сенга астойдил харидор бўлгани фақат онангдир, фақат отангдир! Харидор доимо молнинг яхшисини қидиради. Аммо бировлар хуш кўрмаган исмингни ҳам қўшиқдай суйиб айтувчи, яхши-ёмон туришингни кўзига тўтиё билувчи фақатгина онангдир, отангдир! Харидор олган молини яйраб ишлатади, обдон фойдаланади, бир куни эскиргач, бир четга суради. Аммо сени бир парча гўшт, ожиз ҳолатда қабул қилиб, жонини-ю борини сарфлаб, яроқлиларнинг яроқлисига айлантирадиган, сифату мағз бериб, яшнатиб қўядиган, ўзига эса ҳорғин ва сўлғин лошини қолдирадиган ғаниматларинг – фақат онаизоринг, фақат отангдир!
Бандаси тинмай симириб нафас олиб, ҳавонинг шукронасини айтмагани каби, офтоб қаёқдан чиқса, ўша ёққа юзланиб, нур эмиб яшаб, қуёшни қарздорлик билан эслаб қўймагани каби, ота-онани ҳам ҳамиша ёнимда шундай тураверади, дебми ва бу неъмат ҳаво каби ҳеч тугамайди, қуёш каби мутлақ ботиб кетмайди, деган туйғудами, бепарво юрасан киши. Бегоналарнинг кўнглини олиб, асосий вақтларингни бошқа нарсаларга сочиб, ота-она билан эса ҳамиша шошилиб гаплашиб, шошилиб хайрлашиб йилларни ўтказасан. Куни келиб, дод-вой билан уларни тупроққа топшириб келганингда ҳам ҳали оғриғинг унча бўлмайди. Қачонки, болаларинг тиззангдан тушиб, ўзи ясаниб, ўзи бежанадиган бўлиб, бир касби корнинг, бир рўзғорнинг изидан тушганда, бирдан тўрт тарафингдан елвизак ураётганини, ўрта йўлда қўрғонсиз қолганингни англаб қоласан. Ўзи билан ўзи овора болаларингдан эътибор кута бошлайсан. Сен уларга термуласан, уларнинг кўзи эса бошқа ёқда! Юрак тўла гапларингни бир айтиб ёзилай десанг, эвоҳ, улар ҳам худди ўзингдай доим қайгадир шошилиб туради! Қарабсанки, сендан ҳамма оладиганини олиб турибди, аммо сенинг дилинг сўраган нарса бу дунёда қолмай қолади! Ана ўшанда юрагингнинг нақ ўртаси омбир билан буралагандай бўлади, “Ўҳ, онам-а! дейсан, “вой, отажоним-а!” дея фарёд чекасан! Ҳақиқий етимлик мана шундай бошланади, деявер. Энди сенинг доимий машғулотинг – ўз ўзинг билан суҳбат! “Бу ҳолатимни онам кўрса, нима дер эди, отам бўлса, нима қилар эди?” дея бағринг уваланишга тушади. Сен зор бўлиб қидираётган ва бу ёруғ оламнинг барча муаттар бўйларидан тотлироқ бўлган нарса, онангнинг, отангнинг кўксига бош қўйгандаги ҳид экан. Мингта чаманни айлан, унингдай қувват бергувчи, унингдай овутувчи исни энди ҳаргиз тополмассан! Уларга айтган-қўйганларинг кино лентасидай кунда ёдингдан ўтаверади. Мурувватингдан кўра жабринг кўпроқ бўлганини борган сари тан олиб борасан, навбат келиб, жонингни ота-оналикнинг азиятлари ҳар бора тилганда, “оҳ, онам анови ишимга қандай чидаган экан?” дея ўз бошингга ўзинг уриб қоласан. Унинг устига, ёшлигингда фаҳминг етмай, ақлинг кирганда эса моддиятинг танглик қилиб, уларнинг кўнглини ололмаган бўлишинг мумкин. “Ота-онам тирик бўлса, ундоқ қилар эдим, бундоқ қилар эдим” деган аччиқ армон юрагингнинг ўртасига ёпишиб олган! Мана шу ўринда сенга ҳадиси шариф ёрдамга келмоқда.
Унда айтилишича, киши вафот этгач, унинг амал дафтари, яъни у дунёлик номаи аъмолига жамланадиган савоб ва гуноҳларни ҳисобга олиш тўхтайди. Аммо орқасида дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд қолдирган ота-онанинг амал дафтари ёпилмас экан. Бу дегани, то тириксан, Аллоҳга ёлвориб, ота-онангнинг у дунёлигини обод бўлишига ёрдамлашишинг мумкин. Биз солиҳлик билан дуо қилганимиз сари, дафтарларидаги савоб амаллар сони кўпаяверар экан.
Билсанг, бу – уммон-уммон гуноҳларимизни ювишга имкон берадиган буюк чора! Аммо ҳамманинг ҳам дуоси қондириладими? Бу ерда “солиҳ” деган сўз келтирилмоқда, унинг маъниси не?
Ота-онанг ниманики кўз қорачиғидай асраган бўлса, кимгаки ихлос қўйган бўлса, нимани орзулаган бўлса, (албатта, яхши нарсалар кўзда тутилмоқда) ўшанга садоқат кўрсатиш солиҳликдир. Ҳар ҳайитда мол сўйиб қурбонлик қилсанг-у, аммо аканг ё синглинг билан аразлашиб юрган бўлсанг ё ака-укангдан мерос талашиб, қозима-қози юкунсанг, ёки ота-онангнинг оға-иниларидан қолганларини йўқлашни унутсанг, дуоларинг ўтмагай, аксинча руҳлар қон йиғлайди! Ҳаттоки ота-оналаримиз тириклигида хатога йўл қўйиб, ўз оға-иниларига бепарволик кўрсатган бўлса,(бунинг азобини у ёқда тортиб туришибди, Аллоҳ уларни кечирсин!) биз ихлос билан уларнинг бу гуноҳларини енгиллатишимиз, яъни қавму қариндош билан меҳр-оқибатда яшашимиз, уларнинг розиликлари савобини ўтганларимизга бағишлашимиз керак экан.
Ҳалоллик ҳам солиҳликдир. Бировнинг ҳақидан қўрқмасанг, феълингда ҳаром амаллар бўлса, дуоинг ўтмагай!
Ёлғон ишлатган кишидан-да солиҳлик йўқ, демак, унинг ҳам дуоси бесамар бўлгай!
Аллоҳнинг яна бир мўъжизасини тамошо қилингки, ота-оналар ўзлари бу дунёдан ўтган бўлса-да, фарзандларини шу тарзда тарбиялашда давом этадилар. Бу дунёдаги савобларимиз кўпайишига сабабчилик қиладилар. Ота-она отлиқ гўзал неъматдан баҳраманд қилгани учун Яратганга шукрлар бўлсин! Ва ўзимизни-ю болаларимизни фарзанди солиҳ бўлиш мартабасига эриштирсин,омин!
“Ортимизда ким қоляпти?”китобидан.(Т.Содиқова).
Зарафшон шаҳар “Баҳор” ва “Геолог”МФЙ отинойиси Х.Худжиярова.