Аллоҳ таоло савдо-тижоратни, яъни олди-сотдини ҳалол қилган ва инсонлар ҳаётий муносабатларининг муҳим шарти сифатида савдо-тижорат билан шуғулланишни бандаларига буюрган. Тижоратнинг шариатга киритилишига Қуръони карим оятларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бир қанча далиллар бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”(Нисо сураси 29-оят).
Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада савдо-сотиқ, тижорат ҳалол экани, судхўрлик, яъни “рибо” ҳаром эканини хабарини беради:
“...Ҳолбуки Аллоҳ байъни (савдони) ҳалол ва судхўрликни (рибони эса) ҳаром қилган...” (Бақара сураси 275-оят).
Чунки тижоратда фойда кўриш ҳам, бор-будидан ажраб куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тожир киши савдо қилиш учун ўзининг меҳнати, маҳорати, моддий имкониятларини сарфлайди. Судхўр эса ҳеч нарса қилмай, ҳеч нарса сарфламай жойида ўтириб, мўмай пул топади, уни зарар кўриш, куйиб қолиш каби хавотирлар безовта қилмайди. Мазкур ва бундан бошқа сабабларга кўра тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло савдогарларни ўлчаб ва тарозида тортиб беришда харидор ҳақидан уриб қолмасликка чақиради, тожирларнинг бу қилмишлари дўзахда азобланишларига сабаб бўлиши хабарини беради:
“(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутоффифин сураси 1-6 оятлар).
Юқоридаги оятларда кишилар ҳаққидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилган. Улар тарозими, литрми ёки бошқача ўлчовми, бари бир кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ ва ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда, кам берадилар. Уларнинг бу иши қиёматдан қўрқмаслик белгисидир. Лекин, охиратда аниқ ҳисоб китоб бўлиши билан огоҳлантирилмоқда.
«Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор: бири – «ҳолига вой», иккинчиси – «Вайл» дўзахнинг номларидан бири, яъни, ўлчовдан уриб қолувчиларга «Вайл дўзахи» бўлсин, дегани.
Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Шунда у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: «Эй тожир(тижоратчи)лар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарашди. Шунда у зот: «Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлардан бўлиб қайта тирилтирилади. Фақат Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилганлар бундан мустасно», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиб савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти. Имом Муслимнинг ривоятида: «Савдода кўп қасам ичишдан сақланинглар, чунки у (молни) ўтказади ва (баракасини) кетказади», дейилган).
Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўй, омонатдор тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло томонидан тижоратнинг Ислом шариатига киритилиши, Қуръонда унинг ҳукми баён қилиниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уни ҳаётга татбиқ қилишлари ва кўплаб ҳадислар айтиб йўл-йўриқлар кўрсатишлари бежизга эмас. Чунки савдо-тижорат инсонларнинг дунё ҳаётида бир-бирлари билан ўзаро муомала ва муносабатларида асосий омиллардан бири ҳисобланади. У тўғри йўлга қўйилмаса, илоҳий низомга солинмаса, инсоннинг ижтимоий ҳаётини тартибга солиб бўлмайди.
Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бировнинг молини ноҳақ йўл билан ейишдан қайтарилиши баробарида ўзаро рози бўлинган ҳолда тижорат қилишга рағбатлантириш бор. Ўзганинг молини ноҳақ ейишга эса рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, савдода нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради. Ҳалол қилинган тижоратда энг муҳим омиллардан бири – тижорат икки тарафнинг ўзаро розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда эркин, ўз йўлига кетаверади, унга шуни оласан, деб мажбурланмайди.
Мўмин-мусулмонлар ўртасида молиявий муносабатлар, иқтисодий муомалотлар одобига амал қилинмаса, адолат билан иш тутилмаса, жамиятда ўзаро ишончсизлик, зулмкорлик, ҳақсизлик ва ихтилоф-зиддиятлар юзага келади. Бу борадаги илоҳий кўрсатмаларда ҳалоллик, ўзаро ишонч ва адолат ҳукм суради. Энг муҳими, бу муомалалар ибодатга айланади, дунё ҳаётида топилган ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда эса шунга яраша ажру савоб, мақому мартабага эришилади, иншааллоҳ.
Ҳа, тожирликда ҳам шариат кўрсатмаларига амал қилинса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, ўзлари яшаб турган жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширишади. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилишади. Ушбу касб билан баъзи пайғамбарлар ҳам шуғулланишган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тижорат қилганлар.
Аммо шу билан бирга алоҳида таъкидлаш лозимки, тижорат, савдо фақат ҳалол йўллар билан, икки томоннинг розилигига биноан амалга оширилгандагина ибодат саналади, шундагина тожирга савоб келтиради. Аммо тожир қилаётган савдосида илоҳий амрларга риоя қилмаса, савдосига ҳаром аралаштирса, ёлғон қўшса, ўзгаларни алдаса, ўлчов ва тарозидан уриб қолса, молининг айбини беркитиб сотса, у ҳеч қандай савоб-мукофотга сазовор бўлмайди, аксинча гуноҳга ботади, қилмишлари учун охиратда Аллоҳ таолонинг ғазабига учрайди.
Сотувчи ва олувчи молнинг (ёки хизматнинг) нархига келишганларидан сўнг сотувчининг «сотдим», олувчининг «олдим» сўзлари каби ҳар икки томоннинг розилигини ифодаловчи барча мувофиқ сўзлар билан савдо амалга ошган ҳисобланади. Агар тарафлардан бирортаси рози бўлмаса, савдо ҳалол бўлмайди.
Сотувчи ҳам, олувчи ҳам ақлли бўлишлари керак, телба-жинни кишилар ва фойда-зарарни билмайдиган ёш болалар билан савдо қилинмайди. Сотувчи «сотдим» десаю, аммо харидор ҳали «олдим» демаган бўлса, сотувчи «йўқ, сотмайман» дейишга ҳақли. Олувчи ҳам молнинг сифати қониқтирмай қолса ёки нархи ёқмаса, савдони бузиш ҳуқуқига эга. Эҳтикор (монополия), яъни бирор тур молни кейин катта фойдасига сотиш мақсадида босиб қўйиш, савдога чиқармаслик ҳам шариатимизда қораланган.
Сотилаётган нарса мавжуд ва олувчига уни топшириш мумкин бўлиши керак. Йўқ нарсани, йўқ бўлиши хавфи бор нарсани сотиб бўлмайди. Яна сотилаётган нарса сотувчининг мулки бўлиши ёки уни сотишга сотувчининг ваколати бўлиши керак. Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз сотиш мумкин эмас. Сотилаётган нарса ва унга тўланадиган пул миқдори аниқ бўлиши, савдони бузувчи шартлар қўйилмаслиги, савдога икки тараф ҳам рози бўлиши, мол насияга сотилганида пулини тўлаш куни аниқ белгиланиши, кўчмас мулкдан бошқа молларни харидор қабул қилиб олиши лозим. Агар юқорида саналган шартлардан бирортаси бўлмаса, бу савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.
Сотувчи молнинг нави, жинси, масдари, харажатлари ҳақида ёлғон аралаштирмай, ҳақиқий сифати билан харидорларга айтиши керак.
Қарз олди-бердисида, насияга мол берганда қарзни ёзиб қўйиш, қарз олди-бердисига гувоҳларни шоҳид қилиш ҳам савдо одобларидандир. Сотувчи ҳам, олувчи ҳам ўзаро муомалада бағрикенг бўлишлари лозим. Яъни, сотувчи молнинг нархидан тушиб бериши, олувчи ошиқроқ тўлаб ҳиммат кўрсатиши керак.
Сотувчиларнинг тарозидан (метр ва бошқа ўлчовлардан) уриб қолишлари қаттиқ хато – гуноҳ ҳисобланади. Агар унинг кам тортиб ёки ўлчаб бераётганини кўрсангиз, «тўғри тортинг» деб танбеҳ берасиз, агар кўнмаса, бошқа ҳалол сотувчидан харид қиласиз, танбеҳни қабул қилиб, тўғри тортиб берса, пулини тўлаб молни оласиз. Агар кам тортганини кейин билиб қолсангиз, етмаган миқдорнинг ҳақини сотувчидан талаб қиласиз, истасангиз молини бериб, тўлаган пулингизнинг ҳаммасини қайтариб оласиз.
Қуйидаги нарсаларнинг савдоси дуруст (ҳалол) бўлмайди: ҳаром ўлган ва истеъмоли тақиқланган нарсалар (қон, ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, хамр, чўчқа ва унинг гўшти кабилар) савдоси; савдоси мумкин молнинг мумкин бўлмаган молга қўшиб сотиш, масалан ҳалол сўйилган молнинг гўштини ҳаром ўлган мол гўштига қўшиб сотиш (бунда ҳар иккаласининг ҳам савдоси бузилади); ҳалол молни ҳаром мол эвазига сотиш ёки айрбошлаш, масалан, газмол бериб чўчқа гўшти олиш ёки аксинча; сувдаги балиқни, осмонда учиб юрган парранда-қушларни тутиб олмай, тоғдаги ўтинни териб-тўпламасдан илгари сотиш; алданмоқ эҳтимоли бор нарсаларни (масалан, урғочи ҳайвон қорнидаги боласини) сотиш; аниқ бўлмаганидан жанжалга сабаб бўладиган нарсани (масалан, қўй устидаги жунни қирқмай) сотиш; дарахтдаги мевани териб олмай туриб ундан узиб қуритилган мевага чамалаб сотиш; одам аъзоларини (масалан, сочи, сути кабиларни) сотиш; ҳаром ўлган мол-қўйларнинг терисини ошламай (ҳўлини кеткизмай) сотиш; сотган нарсасини пулини тўламай, сотган нархидан арзонга сотиб олиш мумкин эмас.
Турли жинсли молларни айрбошлашда бир-бирига тенг қилиб, нақд (яъни бир жойда) айрбошлаш лозим. Агар бири иккинчисидан ошиқ ёки насия бўлса, рибо (судхўрлик) бўлади. Масалан, юз кило гуручни бир юз ўн кило гуручга, рўпарада турган арпани насия буғдойга алмаштириб бўлмайди, бу рибо ҳисобланади.
Харидорга дағаллик қилмай мулойим гапириш, молни ҳадеб мақтамаслик, молнинг айбини яшириб, қалбаки-сифатсизини сотмаслик, агар харидор молни қайтариб келса, унга зарар етмаган бўлса, савдо битимини бузиш, харидор ҳақидан уриб қолмаслик, мўътабар одамнинг пули етмай қолса насияга бериш, бозор талабидан ошириб сотмаслик нарса сотишнинг одобларидандир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни инсофли, адолатли бандаларидан айлаб, Аллоҳ таоло касбларнинг энг фазилатлиси деб хабар берган савдо-тижорат билан шуғулланувчи мусулмонларимизга фақат ҳалоллик, адолат, инсоф ва хушмуомалада савдо қилишни насиб этсин!
“Сўфи Оллоёр” жоме масжиди имом хатиби Қ. Аннақулов