Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Қутурган сел

13-01-2024, 14:56 admin Мақолалар 176

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу
Қутурган сел
Макка мушриклари Ислом динига кириб, Муҳаммад алайҳиссаломга эргашганларга шаҳарда асло тинчлик бермай қўйишди. Кўча-кўйда учратиб қолишса, ҳақоратлашар, гоҳо калтаклашар, гоҳ итга талатишарди. Бошларидан хамр қуйиб юборишарди. Ахлат ва мағзаваларни сочиб кетишарди. Болаларини мусулмонларнинг болаларига қарши гижгижлашарди. Хуллас, мушриклар Исломга кирганларнинг бошига ит кунини солаётган аламли, хўрлик кунлари эди. Бу ишда, айниқса, Макканинг обрўли, гапи бутун акобирларидан Абу Суфён, Амр ибн Ҳишом, Умар ибн Хаттоб кабилар роса қутуриб, дуч келгандан аламини олаётган, заҳрини хоҳлаганга сочаётган фожиали кунлар эди.
Амр ибн Робиа ҳам хотини Лайло билан кўп мусибат, хўрлик-камситишларга дучор бўлишди. Охири кўч-кўронларини йиғиштириб, қанча йиллар яшаган ҳовли-жойлар, хеш-ақраболарини ташлаб, Ҳабаш юртига ҳижрат қилишга қарор қилишди. Уларнинг йўл тадоригига тушиб қолганини кўрган Умар Лайлонинг йўлини тўсиб чиқди:
-Йўл бўлсин, Абдуллоҳнинг онаси, Маккани тарк этиб, сафарга кетмоқчимисизлар?
Лайло Умар билан гап талашиши бефойдалигини ҳис этиб, ўзини қўлга олди-да, ҳаяжонини яшириб оҳиста деди:
-Ҳа, Умар, бу юртдан бош олиб кетмоқчимиз. Аллоҳнинг даргоҳи кенг, шунча хўрланганимиз, азоб-ситамларга қолганимиз етар! Ахир сизлар кун бермай қўйдингизлар-ку, аёвсиз хўрлаб, камситиб, азоблаб ташладингизлар-ку! Ҳа, Умар, Аллоҳнинг ери бепаён, карами кенг, бирор жойдан тинчроқ, эркинроқ яшаш имкони чиқиб қолар....
-Яхши ўйлабсизлар, Худойингиз сизларга йўлдош бўлсин!
Эр-хотин гапни чувалаштирмаслик учун эшакларини ниқташди. Умар уларнинг ортидан маъюс тикилганича қолди. Лайло буни сезди. Ҳатто Умарнинг товушида аллақандай синиқлик, ачиниш оҳангларини илғагандай бўлди. Ё ўзининг ҳозирги ҳолати жуда ғамгин бўлгани, йиғлаб юбормаслик учун лабларини қаттиқ қимтиб олгани учунми, унга шундай туюлган бўлиши мумкин эди. Ҳарқалай, туғилиб ўсган жойингни, ватанингни, қавму қариндошларингни ташлаб кетиш осон иш эмасди. Аммо бундай қилмасликнинг иложи ҳам йўқ эди. Чунки тарозининг нариги палласига эр-хотиннинг дини-имони қўйилган эди.
Бир оз юришгач, Лайло эри Амирга қалбини кемираётган шубҳаларини сўзлаб берди. Аммо у хотинининг кузатишларига унча аҳамият бермади:
-Нима, Умар ҳам мусулмон бўлади, деб ўйлаяпсанми?
-Аниқ айтолмайман-у, аммо шунақага ўхшайди. Гапларидан қилган зулмларига пушамон бўлаётгани сезилгандай туюлди.
-Э, бунга асло ақлим етмайди. Хаттобнинг эшаги мусулмон бўлишига ишониш мумкиндир, аммо Умарнинг Исломга киришига ишониш қийин.
Ҳижратга отланиб, ватанини тарк этаётган Амир билан Лайло золим ва тошбағир Умарнинг қалбида ҳозир нелар кечаётганини, нималар туғён ураётганини қаёқдан билсинлар? Гўёки жиловсиз сел каби куч-шижоати вужудига сиғмаётган Умар, кечагина учраганга заҳрини сочиб ёки текканга тегиб, тегмаганга тош отиб, дилини оғритиб юрган Умар, айниқса, Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиб, имон ва Ислом неъматига мушарраф бўлган мусулмонларни қон қақшатаётган Умар бугун сал бошқачороқ бўлиб қолаётганди. Қутурган, ваҳшатли, даҳшатли, йўлида учраган ҳамма нарсани, жонзот ва жонсизни суриб, йиқитиб, янчиб бораётган сел оқимини тўғри тўғонга йўллаб қўйилса, сокин бўлиб, тинчланиб қолгани каби жаҳолат ва ғазаб, қайсарлик ва шафқатсизлик уя қурган Умарнинг қалбига бугун имон нурлари, Аллоҳнинг нури тажаллиси ўзига йўл ахтараётганди.
Аҳмад Муҳамаднинг “Ашараи мубашшара”китобидан.
Зарафшон шаҳар “Геолог” ва “Баҳор”МФЙ отинойиси Х.Худжиярова.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш