Қўшничилик ҳаққи

8-01-2024, 14:11 admin Мақолалар 193

Қўшничилик ҳаққи

Инсон ҳаёти давомида ҳар қандай ҳолатда ҳам оила, маҳалла ва жамият ичида бўлади. Табиийки, ҳаёти давомида унинг атрофдагиларга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлади. Мана шундай ҳуқуқлардан бири қўшничилик ҳаққи бўлиб, бу борада динимизда алоҳида эътибор берилган.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрганидан кейин, бир қанча тоифаларга яхшилик қилишга буюради. Ўша кишилар ичида қўшнилар ҳам зикр қилинган. Нисо сураси 36-оятида: “…Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” дейилади.
Аллоҳ таолонинг қўшниларга яхши муносабатда бўлиш ҳақидаги буйруғини бандалари устидаги Ўзининг энг буюк ҳаққи бўлмиш тавҳид – “Якка Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш” ҳақидаги буйруғи билан бирга жамлаши, қўшни ҳақининг қанчалик улуғ ва нақадар катта аҳамиятга эга эканига далолат қилади. Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни, яқинлиги бор қўшни, деб; «ён қўшни» эса, оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ей Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади. Кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор этказади», дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир», дедилар. (Бояги кишилар):
«Фалончи аёл бўлса фарз намозларини ўқийди, бир бўлаккина қурут садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».
Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди.
Дарҳақиқат, қўшничилик ҳақи қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки гоҳида ундан этадиган озор, ёмонликларни кўтариш, уларга сабр қилиш ва кечиримли бўлиш, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлашлик ҳамдир.
Ҳасан Басрий: “Ҳуснул живор” яъни яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар этказмасликкина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор этса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтурлар” деган эканлар.
Қўшнилар ўртасидаги можаролар одатда, кўпроқ ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.
Сўзимиз охирида қуйидаги ҳадисларни келтириб ўтсак, Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, яхшилик ё ёмонлик қилганимни қандай биламан?”- деб сўради. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қўшниларингиз “яхши қилдингиз” деса, яхшилик қилган (яъни яхши одам экансиз), “ёмон қилдингиз” деса, ёмонлик қилган (яъни ёмон одам), бўласиз”, дедилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Агар кишини ўз қўшниси яқинлари ва ҳамроҳи мақтаса, унинг яхшилиги ҳақида шубҳа қилманг” деган эканлар.
Албатта кишига қўшнилари берган баҳо энг тўғри баҳодир. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчамизни қўшниларга яхшилик қилишда пешқадамлардан қилиб, дунё ва охиратда қўшниларимизнинг мақтовларига созовор қилсин!


“Оқолтин” МФЙ отинойиси Хакиева О

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш