Тарбиядаги энг муҳим нуқта.

3-01-2024, 23:21 admin Мақолалар 182

Тарбиядаги энг муҳим нуқта.

Аслида ҳаётимдаги сохталарни жуда яхши биламан. Хоҳласам, улардан бир зумда ва қандай қутилишни ҳам биламан.
Аммо, у сохталарни менинг самимиятимга эҳтиёжи бор...

Жалолиддин Румий.

Тарбиядаги энг муҳим нуқта ҳақида биламизми?
Албатта, бунга ҳар ким ҳар хил жавоб беради. Чунки, ҳар кимнинг ўз дунёқараши бор.
Бир ҳаким зотдан таҳорат ҳақида сўраган эдилар, у: "Баданингдан олдин қалбингни покла ", деб жавоб берди.
Аллоҳ таоло барчамизга қалб поклигини насиб этсин,илоҳим ...
Мен тарбиядаги энг муҳим нуқтани қалбни поклаш, қаноатни маҳкам ушлаш, қийинчиликларга сабр қилишда деб биламан.
Алҳамдулиллаҳ, фаровон ҳаётда умр кечиряпмиз. Фарзандларимизгаям етарли шароитни яратиб беряпмиз, лекин кун келганда "шунча қилган меҳнатим пучга чиқди ", деб улардан хафаям бўлиб қоляпмиз. Аслида уни ўзимиз шундай қилиб тарбиялаганмиз.
Бургут ўз фарзандларига қандай қилиб ота танлашини биласизми? У бирор бутадан кичик шохча синдириб олади, уни тумшуғида тутганча баландга кўтарилади ва тумшуғидаги шохча билан айлана бошлайди. Атрофида нар бургутлар йиғилиб парвоз этади. Шу пайт у тумшуғидаги шохчани тушириб юборади ва кузатади. Бургутлардан бири шохчани тутиб олиб, оҳисталик билан унга олиб келиб топширади. У эса шохчани олиб, уни яна ташлаб юборади. Бургут  тутиб олади, яна унга қайтаради. У эса яна ташлаб юборади... Ва бу ҳолат жуда ҳам кўп марта такрорланади. Агар нар бургут шохчани ҳар сафар тутиб келтириб берса, бургут ўша нар бургутни танлайди ва улар бирга яшай бошлайди.
Улар биргаликда тоғ чўққисида мустаҳкам ин қуради ва иккала бургут ҳам танасидан ўз тумшуғи билан патларини юлиб, инларини тўлдиради , уяни юмшоқ ва шинам маконга айлантиради. Она бургут тухум қўяди ва иккиси полапон бургутчалар дунёга келишини кута бошлайди. Бургутчалар тухумдан чиққач, ота-онаси уларни то бироз қувватга киргунича парваришлайди. Қанотлари билан ёмғирдан, қуёш нурларидан асрайди, уларга сув, озуқа ташийди ва бургутчалар аста катта бўлиб боради. Уларнинг патлари ўсиб, қанотлари бақувватлашади. Ҳали бироз кичик бўлса-да, уларни пат қоплайди. Шунда ота бургут уя четига қўниб олиб, инни қанотлари, тумшуғи билан уриб силкитади. Чунки, у уядан ҳамма пат ва пухни тушириб юбориши,  бошида ўзлари шох-шаббадан ясаган скелетни қолдириши керак. Полапонлар эса, қаттиқ, ноқулай уяда ўтиришар экан, нима бўлаётганини тушунишмайди... ахир ота-онаси уларга жуда меҳрибон эди-ку. Бу орада она бургут қаердандир бир балиқчани тутиб келиб, атайин полапонларига кўриниб турадиган узоқликка қўниб олиб,  уни майдалаб ея бошлайди.  Полапонлар очлигини билдириб чуғурлай бошлайди. Ахир, илгари бундай эмасди-ку...   Ота-онаси уларга емиш берарди, сув берарди. Энди эса ҳаммаси тамом бўлди: инлари қаттиқ ва ноқулай, ота-онаси эса уларга озуқа ҳам бермаяпти.
Нима қилиш керак? Ахир оч қолишди-ку. Индан чиқишга ҳаракат қилиш керакмикин?
Шундай қилиб, полапонлар аста ҳаракатга кела бошлайди ва илгари уриниб ҳам кўрмаган ҳаракатларни бажаради.
Полапонлар уяларидан судралиб чиқа бошлайди. Бу орада кичиккина полапон аввал силлиқ харсанг узра бироз сирғалиб, кейин жарликка томон қулайди. Ва шу пайт, қачонлардир она бургут улоқтирган шохчаларни тутиб келтирган ота бургут ёрдамга шошади. У ўзини катта тезликда пастга отиб елкасига полапончасини қўндириб қайтади.
Бу ҳол бир неча марта такрорланади ва қулашларнинг қайси биридадир полапон бургутча ҳаракат қила бошлайди. У ўз қанотларини ёйиб, шамол ёрдамида парвоз қила бошлайди. Шу тарзда бургутлар полапонларини учишга , кейин эса, озуқа топишни ўргатишади.
Бу биз учун фарзандларимизни тарбиялашда ажойиб ўрнакдир. Уларни иссиққина уяда эркалатиб олиб ўтирмаслик жуда ҳам муҳим! Улар ўзлари балиқ тута олиш ҳолатига етганларида ҳам, уларни балиқ билан таъминлайвермаслик зарур!
Ўз кучимизни ва ақлимизни ишга солиб, ғамхўрлик билан, биз уларга учишни ўргатмоғимиз лозим..
Турмуш ўртоғини танлашдан бошлаб , фарзанд тарбиясида энг муҳим нуқтани топиш бизнинг вазифамиздир, азиз аёллар!!

Навоий вилояти, Навбаҳор тумани, Сарбозор ва Навкар маҳаллалари отинойиси Жабборова Карима
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш