Ота –она ҳақи

6-10-2023, 22:21 admin Мақолалар 257

Ота –она ҳақи
Ота-она рози – Худо рози, деган ибора бор. Демак, ота-она фарзанддан рози бўлмаса, Худо ундан рози бўлмас экан. Уларнинг хизматини қилиш, ҳурматини жойига қўйиш, кексайганларида боқиш, кийинтириш, уларнинг олдида овозини кўтармаслик, вафот этганларидан сўнг ҳақларига дуо қилиш ва ҳоказо… фарзандларнинг бурчидир .Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг ота-онани эъзозлаш, ҳурматлашга доир кўрсатмаларини ота-оналар, мураббийлар болаларга гўдаклигиданоқ ўргатишлари лозим.Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Қайси бир мусулмон фарзанд савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. “Ота-онадан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунча Аллоҳ ундан рози бўлмайди”, деди. Шунда бир киши: “Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?” деб сўради. “Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлса ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак”».«Субулус Салом» китобида Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”,-дедилар. Шунинг учун, Аллоҳ таолони рози қиламан деган фарзанд ота-онасини рози қилсин. Аллоҳ таолонинг ғазабидан сақланаман деган фарзанд ота-онасини ғазаблантирмасликка ҳаракат қилсинИмом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга изн сўради. Шунда у зот:– Ота-онанг ҳаётми?– деб сўрадилар.

– Ҳа, – деди.

– Ота-онанг ҳақи борасида жиҳод қил, – дедилар. Уларга хизмат қилишинг жиҳодинг бўлади, яъни: “Ота-онангнинг кўнглини олиш учун жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил”.Имом Аҳмад ва Имом Насоий Муовия ибн Жаҳим розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Жаҳим розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:

– Ё Аллоҳнинг расули, ғазотга чиқишни хоҳлайман ва сиздан маслаҳат сўраб келдим, – деди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Онанг ҳаётми? – дедилар.

– Ҳа, – деди.

– Ундан ажралма, чунки жаннат унинг оёғи остида, – дедилар.

Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:

– Аллоҳдан савоб умидида жиҳод ва ҳижрат қилиш учун сизга байъат қилишга келдим, – деди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Ота-онангдан бирортаси ҳаётми? – деб сўрадилар.

– Ҳа, иккалалари ҳам ҳаёт, – деди.

– Аллоҳдан савоб умид қиласанми? – дедилар у зот алайҳиссалом.

– Ҳа, – деди.

– Ота-онанг ҳузурига бор ва уларга гўзал муомалада бўл, – дедилар.

Яъни, уларнинг хизматларини чиройли ҳолда адо қилсанг, Аллоҳ жиҳоднинг савобини беради, дедилар.

Ислом таълимоти ота-оналари заифлашган, кексайган вақтларида фарзандлари уларнинг ҳақини адо қилишларини жиҳод ва ҳижратдан устун қўяди.

Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида Аллоҳ таоло бундай амр қилади:

«Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси, 24-оят).

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«Инсон вафот этганидан сўнг даражаси кўтарилади. Шунда у: “Эй Раббим, бу нима? Яъни, даражанинг кўтарилиши нимадан?” дейди. Шунда унга: “Фарзандинг сенинг ҳақингга истиғфор айт­ди”, дейди».

Имом Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким Молик ибн Робиа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик, Бани Салама қабиласидан бир киши келиб: “Ё Аллоҳнинг расули, ота-онам вафот этганидан сўнг ҳам уларга қилишим керак бўлган яхшиликдан қолдими?” деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Ҳа, уларнинг ҳақига дуо қилиш, истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдига вафо қилиш ва дўстларини ҳурматлаш ва улар томонидан бўлган қариндош­лар билан боғланиш”, дедилар.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) солиҳ фарзанд бўлганлар. Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Умар Макка кўчасида бир кишига йўлиқди ва унга салом берди. Унинг юкларини кўтариб ўзлари минган эшакка юклади. Бошларидаги саллани унга берди. Ибн Динор унга: «Биз: “Аллоҳ сизни солиҳ қилсин, у аъробий, озгина нарсага ҳам рози бўлади”, дедик. Шунда Абдуллоҳ: “Бунинг отаси Умар ибн Хаттобнинг дўсти. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, яхшиликларнинг афзали киши отасининг дўстлари аҳлига силаи раҳм қилиши”, деб айтганларини эшитганман», деди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:

–Ё Аллоҳнинг расули, энг аввал яхшилик қилишга ким ҳақли? – деди.

–Онанг, – дедилар.

–Сўнгра ким? – деди.

–Онанг, – дедилар.

–Сўнгра ким? – деди.

–Онанг, – дедилар.

–Сўнгра ким? – деди.

–Отанг, – дедилар.

Ибн Касир ўзларининг “Тафсир” китобларида Сулаймон ибн Барид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

Бир киши елкасига онасини кўтариб, Каъбани тавоф қилди. Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Онамнинг ҳақини адо этдимми?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, бир оҳ, деганчалик ҳақини ҳам адо этмадинг”, дедилар.Ислом икки сабабга кўра она ҳурматини отадан юқори қўяди:Биринчиси, она фарзандни дунёга келтиришда отадан кўра кўп машаққат чекади, уни тўққиз ой қорнида кўтариб юради, эмизади, кечалари бедор бўлади, тарбияси билан машғул бўлади. Аллоҳ таоло бундай дейди:«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”» (Луқмон сураси, 14-оят).

Юқоридаги сатрлар бир кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Онамни елкамга кўтариб икки фарсах юрдим… Онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деганини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шояд бу ишинг онанг сени туғишдаги чеккан тўлғоқ азобининг бирига тенг бўлса”, деб жавоб берганларини эслатади.

Шунга ўхшаш воқеа:

Бир аъробий киши онасини кўтариб Каъбани тавоф қилиб:

Мен онамнинг ювош уловиман.

Агар туя ундан қочса ҳам, мен ундан қочмайман.

Улуғ Раббим Аллоҳ мендан рози

бўлсин деб онамни кўтараман,

деб шеър айтарди. Сўнгра у Ибн Аббосга юзланиб: “Онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деди.

Ибн Аббос: “Йўқ, Аллоҳга қасам, онанг сени туққан пайтида тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди”, деди.

Иккинчиси, она яратилишидан меҳрибон ва раҳмдилдир. Ота эса табиатига кўра қаттиққўлдир. Боладан бир айб ўтса, она кечиради. Аммо ота кечирмайди, керак бўлса жазолайди. Она эса жазоламасликнинг йўлини излайди. Шунинг учун ҳам шариатимиз оналарни ҳурматлашга буюради. Улар билан муомалада ҳалимликка ҳалимлик билан жавоб беришга ундайди.

Она шундай зотки, боласи ҳаддан зиёд дилини оғритиб, оқ бўлиш даражасига борса-ю, аммо бирон дардга чалиниб қолса, она барча ўтган ишларни унутади, боласини бағрига босади, унга талпинади. Чунки бола она вужудининг бир парчаси. Ҳеч қачон этни тирноқдан ажратиб бўлмайди.

Абу Лайс Самарқандий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давр­ларида Алқама исмли бир киши бор эди. У ўлим тўшагига михланиб қолди. Сўнгги нафасларида “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни айт, деб қисташди, аммо унинг тили айланмади, калимага келмади. Бу хабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказганларида, у зот алайҳиссалом: “Унинг ота-онаси борми?” дедилар. “Унинг отаси вафот этган, кекса онаси бор”, дейишди. Онасини олиб келишни буюрдилар. У келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўғлингнинг ҳаёти қандай эди?” деб сўрадилар. Онаси: “Эй Аллоҳнинг расули, у намоз ўқирди, рўза тутарди, ҳисобсиз садақа қиларди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен билан ўғлинг­нинг орангиз қандай эди?” деб сўрадилар.

Онаси: “Мендан кўра хотинини кўп эъзозлар эди ва унга итоат қиларди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онасининг норизолиги уни “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб шаҳодат беришдан тўсди”, деб: “Эй Билол, чиқиб ўтин жамла, ўғилни куйдирамиз”, дедилар. Шунда Алқаманинг онаси: “Ё Аллоҳнинг расули, қалбим меваси бўлган ўғлимни менинг олдимда ўтда куйдирасизларми, бунга қандай чидайман?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ уни кечириши сени хурсанд қиладими? Унда ўғлингдан рози бўл. Жоним измида бўлган Зотга қасам, ўғлингга намози, рўзаси ва садақаси ҳам фойда бермайди, модомики сен ундан норози экансан”, дедилар.Шунда она қўлини юқорига кўтариб: “Аллоҳ гувоҳ, сиз гувоҳ, ё Аллоҳнинг расули, шу ерда ҳозир бўлганлар гувоҳ, мен ўғлимдан розиман”,-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Билол, бор, Алқамадан хабар ол, у “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дея оляптими, балки онаси мендан уялганидан рози бўлгандир”, дедилар. Билол чиқди ва Алқама ётган уй эшигига етганида унинг: “Лаа иллаҳа иллаллоҳ” деганини эшитди. Алқама вафот этди. Уни ювиб кафанладилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанозани ўқидилар.

Мана шу сабабларга кўра онанинг ҳурмати отадан зиёдароқ қилинди. Мураббийларимиз буларни болаларга тушунтирсинлар. Токи болалар онага яхшилик қиладиган, меҳрибон ва ҳақини адо этадиган инсонлар бўлиб улғайишсин.


Навбаҳор тумани “Оқ олтин” МФЙ отинойиси Ҳакиева Ойсара

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш