КИБРЛAНМAНГ

23-08-2023, 01:59 admin Мақолалар 166

Навбаҳор тумани
Ок олтин маҳалла
отинойиси
Хакиева Ойсара






















КИБРЛAНМAНГ
Aллоҳ таоло айтади:
«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва йерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Aллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18).
Яъни, Aллоҳ таоло ўзини бошқалардан устун қўядиган, ҳеч кимни менсимайдиган, гердайиб юрадиган ва мақтанчоқ кимсаларни ёқтирмайди. Кибр ва манманлик бир -бирига яқин ва ўхшаш салбий сифатлардир.
Кибр, такаббур, кибрё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида бу сифатни: «Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», деб таърифлаганлар.
Aмр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги «Булис» деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар» (Насоий, Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Илоҳингиз ягона илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар. Шубҳасиз, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас», деган (22 – 23 – оятлар).
Бир тоифа инсонларнинг иймонсиз-кофир бўлишларига уларнинг ўзлари сабабчидир. Иллат, дард, фасод кофирларнинг ичларида бўлади. Уларнинг қалблари иймонга далолат қилувчи оят-белгилардан ибрат олмай, уларни инкор қилади. Ўзлари эса, Аллоҳга бўйсунишни, Пайғамбарга эргашишни ор биладилар, мутакаббирлик қилиб ўзларини юқори тутадилар.
Кибр шунчалик улкан гуноҳки, биз мўмин мусулмонлар кибрланишга мутлақо йўл қўймаслигимиз, ўзимизни ҳамиша хокисор, камтар, Aллоҳга қуллик, бандаликда тутишимиз, мутакаббир кимсалардан йироқда бўлишимиз, ҳаётимизни Aллоҳга чин бандалик қилишимиз билан безашимиз лозим.
Мақтанчоқлик ҳамда кибр бир-бирига жуда яқин, таъбир жоиз бўлса эгизак тушунчалар ҳисобланади. Aгар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак унда кибр бор, шунингдек кибрли кимса албатта мақтанчоқ бўлади.
Aгар биз солиҳ инсонлар ва улардан кейин ўтган улуғ зотлар ҳаётига назар солсак, ўзимиз учун кўп ибрат оламиз. Улар биз учун йўлчи юлдуздирлар. Улардан ўрнак олиб, юксак одоблар ила зийнатланамиз, чин инсон бўлиш бахтига эришамиз.
Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса, энг ёмон мутакаббирдир. Унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, кимки охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ - тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуъга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади.
Ўзини юқори олган одамгина кибр аҳлидан бўлади. Ўзини бошқалардан камолот сифатларидан бири соҳиби эканини эътиқод қилмаган одам ўзини юқори олмайди.
Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий бўлади. динийлари илм ва амал бўлса, дунёвийлари насаб, жамол, қувват, мол ва тарафдорлари кўп бўлишидан иборатдир.
Кибр ҳалокатга олиб борувчи дардлардан бўлиб ундан ҳеч ким холий бўлмаслиги қийин. Кибрни йўқ қилиш фарзи айндир. Кибр ўз – ўзидан йўқ бўлмайди. Уни турли дармонларни ишлатиб қунт ва бардавомлик ила даволаш лозим. Агар кибрланиш илм сабабли бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳужжати жоҳилдан кўра олимга таъкидли эканини билиб қўйсин. Аҳли илмнинг масъулияти катта эканини эсига олсин.

Навбаҳор тумани Оқ олтин маҳалласи отинойиси Хакиева Ойсара.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш