“Бахиллик” - қандай иллат?

7-07-2023, 15:31 admin Мақолалар 200

“Бахиллик” - қандай иллат?
Инсон яшар экан атрофида турли инсонларга дуч келади. Албатта ҳар бир инсон ўзига хос хулқ ва характерга эга бўлади. Баъзи инсонларни хулқ ва табиати мўмин кишига зийнат бўлиб, бунинг акси бўлганда эса ундан нафақат ўша хулқ эгаси, балки ён атрофдагилар ҳам азият чекишади. Ана шундай хулқлардан бири бу бахилликдир. Бахиллик - бу бировга ҳеч қандай яхшиликни раво кўрмайдиган нокас, ўта хасислик қилиб, бор неъматларини, ҳатто бошқаники бўлса ҳам шеригига ўтиб, ундан устун бўлиб кетишини хоҳламайдиган қизғанчиқлик табиатига эгалик тушунилади. Ҳар бир мўмин-мусулмон банда ҳозир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири бахилликдир. Бахиллик шундай қалб ва дил хасталигики, у беихтиёр бошқаларда бирор неъматнинг яхши бўлишини хоҳламайди. Бахилликнинг даражаси иккита бўлиб,биринчиси, ўзида бор нарсани бахиллик қилиш ва иккинчиси, ўзгада бор нарсани бахиллик қилиш. Бахилликнинг энг ёмони бахил одам ўзига ҳам бахиллик қилар экан. Ўзида бор нарсасини ўзига ҳам ишлатмасдан, бемор бўлиб қолса ҳам ўзининг даволанишига ҳам ишлатишга бахиллик қилар экан.
Аллоҳ таола “Оли Имрон” сурасининг 180-оятида: “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордирлар” деб марҳамат қилади.
Аллоҳ берган неъматни бандаси ўзига ҳам, яхшилик йўлида, бировларнинг ҳожатини чиқариш йўлида ҳам сарф қилиши Аллоҳга мақбул бўладиган амаллардан. Давлатни ўзимга бўлсин деб тўплаб юриш, кишига офат келтирар экан. Бахилликни хасисликка ҳам қиёслаш мумкин. Камтар киши деганда, ўзини бошқалардан ортиқча ҳисобламайдиган, мағрурланмайдиган, молу-давлати билан мақтанмайдиган киши тушунилади. Мақтанчоқлар менинг қилган эҳсонларимни одамлар кўрсин, мақтаб гапирсин, деб қилади. Бахил одам умуман эҳсон қилмайди. Камтар киши эса имкон қадар қилган яхшиликларини, шу жумладан эҳсонларини ҳам билинтириб мақтаниш учун қилмайди. Аллоҳ йўлида қилинган хайрли ишларнинг савоби, мукофоти борлигини билади.
Азиз биродарлар Аллоҳдан сўрайлик, ҳаммамизни шундай офатлардан ўзи асрасин. Бу жумлаларни ўқиган ўқувчилар ўқиш ва суҳбат жараёнида нималарни ҳис қилдингиз. Бу офатга бефарқ бўлмасангиз ундан ўзингиз билан ўзингиз курашиб, қутилиб олсангиз, насиб бўлса бахтли, омадли инсон бўласиз!!!
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сахий киши Аллоҳга яқин, одамларга яқин ва жаннатга яқин бўлиб, дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқ, одамлардан узоқ, жаннатдан узоқ, дўзахга яқиндир. Саҳий жоҳил Аллоҳ таолога ибодат қилувчи бахил обиддан маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломдаги қайси амал яхши, деганида У зот алайҳиссалом: “Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг” дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Уламолар истилоҳида бахиллик бир неча хил таъриф қилинган бўлиб, улар бир-бирларини тўлдириб келади. Журжоний дейди: «Бахиллик ўз молини ман қилишдир». Яна: «Ҳожат тушганда ўзидан устун кўришни тарк қилиш бахиллик ҳисобланади», деган. Ибн Ҳажар: «Бахиллик сақлаб турилган нарсадан талаб қилинганда ман қилишдир», деган. Бахиллик шариат истилоҳида бериш лозим бўлган нафақани қилмасликдир. Бахиллик энг ёмон хулқлардан бири ҳисобланади. Сиртдан пулни тежаб қолиб, ўзига, оиласига, бола-чақасига ишлатганга ўхшайди-ю, лекин аслини олганда, барча охират савобидан маҳрум қилинган бўлади. Чунки нафақа қилса, ўзига қилган бўлади. Аллоҳ таоло эса ҳеч кимнинг нафақасига муҳтож эмас. Уламоларнинг таъкидлашларича, бахилликнинг энг ёмони кишининг ўзига ўзи бахиллик қилишидир. Кўпгина бахиллар мумсиклик қилиб молини ўзига сарфламай бемор бўлиб қолганлар. Улар даволанишга пул сарфлашдан ҳам бахиллик қиладилар. Аллоҳ бахилларни, бахилликка буюрадиганларни ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганларни хуш кўрмайди. Бахил одам ўз қўлидаги неъматни ўзи яратгани йўқ, балки бу неъматни унга Аллоҳ берган. Аммо инсон шу нарсани ўзига ўхшаган, аммо ҳозирда оғир аҳволга тушиб қолган бошқа бир инсонга беришдан қизғанади. Бахиллик жамият аъзолари ичида бир-бирини кўра олмасликка, турли фитналар келиб чиқишига сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилдилар ва: «Бахилликдан сақланинглар. Чунки у сиздан олдингиларни ҳалок қилган. Уларни бахилликка амр қилди, бахиллик қилдилар. Уларни алоқаларни узишга буюрди, уздилар. Фужурга буюрди, фужур қилдилар», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Мазкур номаъқул инсонлар ўзлари бахиллик қилганлари етмаганидек, бошқаларни ҳам бахилликка буюрадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматларни беркитадилар. Одамларга кўрсатишдан қочадилар. Одамлар билиб қолмасин, деб ўзлари ҳам емай, ичмай, киймай кун кечирадилар. Инсон учун мўминлик улкан шараф. Мўмин киши ҳусни хулқ соҳиби бўлса, унда бахиллик ва бадхулқлик каби ёмон хислатлар тамоман бўлмайди. Бунга ўхшаш ёмон ахлоқлар билан иймон бир шахсда жам бўла олмайди.
Аллоҳ таоло ҳар биримизни, бахиллик хасталигига йўлиқишликдан ва икки дунёда неъматларидан бе-баҳра қолишликдан Ўз ҳифзи-ҳимоясида асрасин


ЎМИ Навоий вилояти вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: У.Холова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш