Исломий ахлоқ
Дунёда барча бандаларига, охиратда эса Ўзи дўст тутган бандаларига раҳм қилгувчи Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин, Қуръон ахлоқи билан хулқланиб, энг улуғ хулқ соҳиби суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.
Аллоҳ таоло муқаддас каломида:
«Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтожсизлар, Аллоҳ эса бой-беҳожатдир (бирор кимсага ва бирор бир нарсага ҳеч қандай эҳтиёжи йўқдир) ва ҳамдга лойиқ Зот фақат Удир! » (фотир сураси 15-оят)
Дарҳақиқат, инсон дунёю охиратда Аллоҳнинг раҳматига муҳтождир. Аллоҳ таоло инсонга ато этган энг улуғ неъматлардан бири гўзал ахлоқдир. Севикли банда ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлиши учун эса, Аллоҳ таолога – Қуръонга ва ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига муҳтожмиз.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
Яъни «Аллоҳ таоло кимнинг халқини ва хулқини, яъни суратини ва сийратини гўзал қилган бўлса, уни дўзах оловида ёқмайди».
Бир куни бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам рўпараларига келиб:
- Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима? – деб сўради.
- Гўзал хулқ, - дедилар.
У киши сарвари оламнинг ўнг томонларига ўтиб, яна савол қилди.
- Дин нима, Эй Аллоҳнинг Расули?
- Гўзал хулқ, - дедилар.
Кейин чап томонларига ўтиб, яна:
- Дин нима, Эй Аллоҳнинг Расули?-деб сўради.
- Гўзал хулқ, - дедилар Расули Акрам.
Сўнг орқаларига ўтиб:
- Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима? – деб яна қайтиб сўради.
- Гўзал хулқ, бу эса ғазабланмаслигингдир, тушундингми - дедилар Расули Акрам.
Фаросат – ярим каромат дейди доно халқимиз.
Ким фарзандини мана шундай фаросатли, гўзал одобли бўлишини хоҳламайди, албатта ҳамма хоҳлайди. Яна фарзанднинг фаросатлигидан далолат қиладиган сифатлардан бу:
1. Фарзанд отаси билан гаплашаётганда кўзига тик қарамаслиги;
2. Бутун қиладиган ишларида отасининг хоҳишини ўзининг хоҳишидан устун қўйишлиги;
3. Отаси бор жойда баланд овоз билан гапирмаслиги;
4. Отаси қаршисида таҳорат бузиш, туфлаш, бурун қоқиш ва бирор нарсани ўйнаш исломий одобга тамоман зиддир.
5 . Отаси тик оёқда экан, фарзанд ўтирмаслиги, отасига орқасини қилмасдан, эшикни ёпаётганда оҳиста ёпишлиги;
Ва ҳоказолар…
Энди бундай фарзанд талаб қилишдан олдин аввало отанинг ўзи бу хулқларда ғарқ бўлиши керак. Бунинг учун ҳар биримиз Пайғамбаримизнинг гуфтору рафторларини, суннату санияларини аста секинлик билан ўрганиб амал қила бошлашимиз лозим.
Нурота туман бош имом хатиби Атоев Отабек