ТАВОЗЕ НИМА? Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Сизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг!" (Шуаро сураси, 215-оят) Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (беъмани) сўз қотганда "Саломатлик бўлсин!" деб жавоб қиладиган кишилардир (Фурқон сураси, 63-оят). Расули акрам (солаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Аллоҳ таоло менга:" Тавозели бўлинг! Кимса кимсага кеккаймасин, кимса кимсага зулм қилмасин! "дея амр этди" (Имом Муслим ривояти). Муҳаммад мустафо (солаллоҳу алайҳи васаллам) тавозели эдилар. У зот ўзларига ортиқча таъзим қилган инсонларга: "Сизлар мени ҳақим бўлмаган даражага кўтариб юборманг! Чунки Аллоҳ таоло мени расул сифатида танлашдан олдин қул қилган эди" дедилар. У зот қуллар арпа нонга таклиф этсалар, бирга ердилар, болаларга аввал салом берар эдилар. Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу) нинг айтишларича Пайғамбаримиз тез-тез ансорийларникига борар, ташриф чоғида уларнинг болаларига салом берар ва бошларини силаб уларнинг ҳақларига дуо қилардилар.(Имом Насоий ривояти) Бир сафар чоғида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам ) асҳоби билан намоз ўқиш учун тўхтадилар. Намоз ўқиладиган жойга бордилар, кейин ортларига қайтдилар. Саҳобаи киромлар:-Эй Аллоҳнинг расули қаерга кетяпсиз? -деб сўрадилар.-Туямни боғлайман, -дедилар ул зот -Биз боғлаймиз сиз оввора бўлманг, эй Набий-дейишди, улар. Шунда у зот-Кучи етган киши ҳатто мисвокни эзғилаш учун ҳам бировдан ёрдам истамасин!-дея амр этдилар. Пайғамбаримиздан тавозеликни ўрганган асҳоби киромлар заифларга ёрдам беришарди. Муҳтож инсонларга қўлларидан келганича ёрдам қилишарди. Биз ҳам улардан ўрнак олиб тавозели бўлишимиз керак. Шундагина Аллоҳнинг севган бандалари қаторидан ўрин эгаллашимиз мумкин.
Кармана тумани Азамат МФЙ отинойиси Расулова Ҳабиба.
Кармана тумани Азамат МФЙ отинойиси Расулова Ҳабиба.