ӯз жонига касд килаётган аёллар бу сунги чорами

5-07-2023, 22:48 admin Мақолалар 195

ӯз жонига касд килаётган аёллар бу сунги чорами
Аллоҳ таоло одам боласига жуда кўп неъматлар берган, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири – ҳаёт, тириклик неъматидир. Чунки бу неъмат инсон қолган неъматларни қабул қилиб олишига сабабчи бўлади. Қуръони каримнинг 200 дан ортиқ ояти карималарида араб тилидаги “халқ”, яъни “яратиш” маъносидаги ўзакдан ясалган сўзлар келади. Бу эса бизга инсон бўлиб яралиш Аллоҳ таоло томонидан берилган катта неъмат эканини билдиради. Аллоҳ таоло бандаларига ато қилган неъматлари ҳақида шундай дейди:
“(Эй, инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва аниқ китоб (ҳужжат)га эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида (Пайғамбар билан) мунозара қилурлар” (Луқмон сураси, 20-оят).
Шуниси ҳам аниқки, инсон ҳаёти доим бир хил неъматлар ичида кечмайди – гоҳида енгил, гоҳида оғир, баъзида хурсандчилик, баъзида мусибат. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:
“Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад сураси, 4-оят).
Алишер Навоий ўз ҳикматларида: “Саксон йил яшаш учун саксон йиллик сабр керак”, – деганлар. Демак, инсон бало ва мусибатларга қарши сабрни қалқон қилиб олиши керак. Чунки динимизнинг таълимоти бўйича дунёда юз берадиган барча ишлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади. Мўмин-мусулмон киши ҳаёт қийинчиликларини дунёнинг синови экани, ҳар бир мусибат, ҳатто тиканнинг кириши ҳам ажрсиз қолмаслигини билади. У қийинчиликларга сабр-бардошли бўлади ва савоб умид қилади. Мусибат етганда биз Аллоҳнинг бандаси ва унга қайтиб боришимизни эслашимиз даркор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155-оят).
Демак, имонли кишилар ҳаётда ҳеч қачон тушкунликка тушмаслиги керак, балки яхшиликдан умидвор бўлиб, доим ҳаракатда бўлиши лозим. Афсуски, аҳён-аҳёнда ўз жонига қасд қилган кишилар ҳақидаги сўзлар қулоғимизга чалинади. Айниқса бу каби фожеалар аёллар ичида кўп учраб туриши ачинарли ҳолатдир. Бу гуноҳни оқлаб бўлмайди, лекин маълум бир қисм аёллар ўзларига бўлган зулм-зўравонлик сабабли бу ишга қўл ураётгани сир эмас. Жорий йилнинг 3 сентябрдан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Бу қонун динимиздаги аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ман қилиниши ҳақидаги кўрсатмаларни қўллаб-қувватлайди.
Шуни билиш керакки, бирор қийинчиликдан қутилиш ёки кимдандир норози бўлиб ўз жонига қасд қилиш – масаланинг ечими эмас. Масалан, қарз ёки молиявий қийинчилик сабабли ўз жонига қасд қилган одам қарзидан қутилиб қолмайди. Балки янада қийинроқ бўлган охиратда қарздор одамга айланади. Қайтанга бу ҳаётда қолиб, мақсади учун курашиб, икки дунёда юзи ёруғ бўлиши – ҳақиқий бандалик мақомидир. Кимдир ўз жонига қасд қилиб гуноҳкор бўлади, орқасида ота-онаси ва яқинларини қаттиқ қайғуда қолдиради. Аслида фарзанд уларни хизматларини қилиб, рози ва хурсанд қилиши керак эди.
Ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги оқибатлари яна ҳам ёмонроқдир. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
“...Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло бандасига омонат ўлароқ ато қилган жон-тирикликни фақат Ўзи хоҳлаган пайтда қайтариб олади. Жонни банданинг ўзи олишга ҳаракат қилиши – шошилиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига норозиликдир. Токи ажал вақти келгунича банда жонни тўғри йўлда асраб-авайлаб ишлатиши керак. Бу мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу гуноҳнинг ёмонлигини билдириш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлар ҳаётидан ҳам мисол келтирдилар:
“Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аслини олганда динимиз ўз жонига қасд қилишга олиб борадиган йўлларни ҳам беркитган. Масалан, мусулмон киши ўзига ўлим тилаши мумкин эмас. Чунки амаллар солиҳ бўлиб, умрнинг узун бўлиши биз учун катта мукофот ҳисобланади.
Бу мавзуда энг катта муаммо – руҳий изтиробнинг мавжудлиги, қалб хотиржамлиги ва имонга суянадиган ироданинг йўқлиги, деб ҳисоблаймиз. Бунинг устига ўсмирлик даврида йигит-қизларнинг қаровсиз қолиши, турли нобоп йўлларга кириши, ёмонлар билан дўст тутиниши, маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга берилиб қолиши ҳам ўз жонига қасд қилишнинг кўпайишига сабаб бўлади. Албатта, ёшлар тарбиясига уйда ота-она, ўқув муассасаларида эса устозлар масъулдир. Вақти-вақти билан интернетда ўз жонига қасд қилишни ўргатувчи видеолар, қизиқтирувчи ўйинлар тарқалиб туради. Афсуски, бекорчилик ва ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабабли баъзи ёшларимиз бу “тўр”ларга тушиб қолмоқдалар.
Юқоридаги муаммоларнинг ечими – Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик, қалб хотиржамлиги ва сабр тоқатдир. Аллоҳ таоло Зумар сурасида шундай марҳамат қилади:
“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар сураси, 53-оят).
Яна бир ояти каримада шундай дейилади:
“Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд сураси, 28-оят).
Банда Аллоҳ таолонинг неъматларини тафаккур қилса, ўзиданда ёмон аҳволда бўлган минглаб одамлар борлиги ва уларнинг аксарияти шукр қилиб яшаётганини тушиниб етса, тилига беихтиёр “шукр” келади, камчиликлари учун истиғфор айтади.
Фарзандларга динимиз асослари, ибодатнинг маъноси, гуноҳ-савоб, ҳалол-ҳаромни оиладан ўргатиб боришимиз керак. Уларнинг олдига юксак марралар ва мақсадлар қўйиб, ўша томонга етаклашимиз, керакли ёрдамни беришимиз керак. Яна уларни турли зарарли одатлардан сақласак, бўш вақтларини билим ўрганиш, спорт билан шуғулланишга сарфласак, натижа яхши бўлади.
Хулоса шуки, мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, азобидан қўрқиши керак. Ана шунда унинг имони саломат бўлади, шайтон васвасаларидан омонда бўлади. Яна бир муҳим жиҳати – доимо олим кишилардан панд-насиҳатлар эшитиш ва солиҳ кишилар, соғлом табиатли одамлар билан дўстлашиш, улар билан бирга бўлишдир. Бу ишлар кишининг руҳиятини тетик ва яшовчан қилади.
Навойи вилояти хатирчи туман учтепа махалла отинойиси: Аюпова Рахимахон


скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш