Ислом аҳлининг байрами муборак бўлсин!

20-06-2023, 22:02 admin Мақолалар 141

Ислом аҳлининг байрами муборак бўлсин!
Маълумки, Қурбон ҳайитидан олдинги кун Арафа кунидир. Арафа куни барча мўмин-мусулмон аҳлига байрам ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар “Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз-Ислом аҳлининг байрамимиздир” (Имом Абу Довуд ривояти). Зулҳижжа сўзи “Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни харом қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир. Бу ой Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир” - деб марҳамат қилганлар. (Имом Ибн Ҳиббон ривояти). Ушбу ойдаги Арафа куни тўғрисида бир қанча маълумотлар келган: Жаброил амин Иброхим алайҳиссаломга ҳаж қиладиган жойларни кўрсатганлар, иккинчи бир маълумотда Одам Ато, Момо Ҳавво онамиз билан Арофатда танишиб кўришганлар деган маълумотлар келган. Маълумотларда келишича, Қадр кечасида қанчалар кўп фаришталар ёғилса арафа кунида ҳам шунчалар кўп фаришталар ёғилиши нақл қилинади, демакки бу билан ушбу кунни Аллоҳ наздида қанчалар улуғ эканлигига ишора қилинади.
Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳ сағира-кичик гуноҳларни ювиб юборади. Абу Қатода ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Арафа кунининг рўзаси ўтган ва келаси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади” - дедилар.
Бу муборак ойда нафл намозлар ўқиш, садақалар бериш, такбир (Аллоҳу акбар), тасбиҳ (субҳаналлоҳ) ва таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) каби зикрларни ҳамда тиловати Қуръонни кўп қилиш ушбу ойга хос бўлган амаллардандир. Хусусан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига биноан “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ (у) лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамд ва ҳува ала кулли шайъин қодиир” зикрини кўп айтиш. Ул зот бу зикрга ишора қилган ҳолда шундай деган эдилар: “Дуоларнинг энг яхшиси Арафа кунининг дуоси, мен ва мендан аввалги пайғамбарлар айтган зикрларнинг энг яхшиси “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу......” деб юқоридаги зикрни ўқидилар. Бу кунда кўп такбир айтиш ва хусусан Арафа куни бомдод намозидан бошлаб то (13-Зул-хижжа) ҳайитдан кейинги учинчи куннинг аср намозигача Ҳар фарз намозлардан кейин такбир айтиш афзал бўлади. Бу такбирнинг сифати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлмаган бўлсада, баъзи сахобалардан ривоят килинган, улардан бири Ибн Масъуддан ривоят қилинган такбир бўлиб у қуйидагича: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла ила-а-ҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд” Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Дуоларнинг энг яхшиси Арафа кунининг дуосидир...” - дедилар. Бу кун Аллоҳ таоло Арафа аҳли билан фаришталарга фахрланиб, мақтанадиган, бу кун дўзахдан озод қилиш, бу кун Аллоҳнинг бандаларига берган раҳмати ва мағфиратини кўриб шайтон эзилиб, ҳасрат чекадиган, бу кун Раҳмат ва гуноҳлар кечириладиган, бу кун тавба, Аллоҳга ёлвориб кўз ёш тўкадиган, бу кун дуо қилинадиган ва дуо ижобат бўладиган, бу кун Аллоҳ таоло динни комил қилган, бу умматга неъматини тўла қилган ва уларга исломни дин деб рози бўлган кундир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан Арафот кунида озод қилганидан кўра кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Аллоҳ таоло яқинлашади, сўнгра фаришталарига бандаларим нимани истадилар? Яъни: улар оилаларини, ватанларини тарк қилиб, мол-дунёларини сарфлаб, жонларини қийнаб бу ерга мағфират, розилик ва қурбатдан бошқа нимани истаб келдилар?-деб фахрланади” (Имом Муслим ривояти). Зулҳижжанинг тўққизинчи куни, яъни арафа куни рўза тутиш улкан савобларга сабаб бўлади. У сабабли бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳлар кечирилади. Агар зулҳижжа ойини дастлабки кунларидан то тўққизинчи кунига қадар рўза тутилса, нур устига аъло нур бўлади. Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан ўн учинчи кунигача, яъни тўрт кун рўза тутиш ҳаромдир. Шу боис дастлабки тўққиз кунда рўза тутиш фазилатлидир.
Аллоҳ таоло бу муборак ой ва Арафа кунида қиладиган дуо, ибодатларимиз ва хайрли амалларимизни Ўз даргоҳида ҳусни мақбул айласин ва Ислом аҳлининг байрамлари барчамизга муборак бўлсин!.



ЎМИ Навоий вилояти вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: У.Холова

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш