Навбаҳор тумани
Ок олтин маҳалла
отинойиси
Хакиева Ойсара
Рамазон — Қуръон ойидир.
Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло Ўзининг муқаддас китобида бундай дейди: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (“Бақара” сураси, 185-оят).
Аллоҳ Таоло Бақара сурасининг 183-оятида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз”.
Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди. Жаннат эшикларининг ланг очилишидан мурод шу ойда тоат-ибодатларнинг ниҳоят даражада кўп бўлиши, намозхонларнинг, ибодатларнинг кўпайиши, таровеҳ намозлар ўқилиши сабабидан барча жаннатларнинг эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилишидан мурод эса бу ойда гуноҳ ва хатолар бошқа ойларга нисбатан кескин камаяди, ҳар қандай мусулмон қалбида иймон учқунлари уйғонганлигидан дўзах эшиклари қулфланади. Шайтонларнинг занжирбанд бўлишидан мурод эса улар бу улуғ ойнинг фазилатларидан мусулмонларни васваса қила олмайди, чалғита олмайди, бунга кучи етмай қолади. Ким Аллоҳнинг шунча марҳаматидан сўнг рўза ойига беписанд бўлса, жуда кўп йил давомидаги яхшиликлардан маҳрум қолади, кўп нарса йўқотади. Рўза ибодати бандаларига руҳий ғизо бўлади. Овқат танга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқа беради. Киши овқат емаса яшаш мумкин бўлмаганидек, мўминнинг руҳи ҳам рўзасиз яшай олмайди.
Рамазон — саховат ойидир. Бу ойда қилинган хайру эҳсонларга Аллоҳ таоло улкан ажр-савобларни беради. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ойда бошқа ойларга қараганда яна-да сахийроқ бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини айнан Рамазонда адо этишган. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига шодлик киради.
Шу сабабли бу муборак ойда ҳар биримиз ён-атрофимизда ёрдамга муҳтож кишилар бўлса, қўлимиздан келганча уларга яхшилик қилиб қолсак, айни муддао бўлади. «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир” (Бақара, 185-оят). «Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр, 1-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир” - «сўнги ўқиб ўтказиш” деган ном билан машҳурдир.
Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Бу ойни ғанимат билиб, комил инсон фазилати билан моҳи рамазони шарифни охирига етказмоқликни насиб этсин. Аллоҳ бу муборак кунларни рўза, тоат-ибодат, Қуръони карим тиловати, хатми Қуръонга сомеъ бўлишлик, кишилар қалбига хурсандчилик солишини насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ризқимиз бут бўлиб, келаси йилги рамазонга барчамизни саломат етиб боришимизни насиб этсин.