Фазилатли Рамазон ойи яқинлашиб келмоқда.

3-03-2023, 01:14 admin Мақолалар 302

Фазилатли Рамазон ойи яқинлашиб келмоқда.
Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазон ойини бир олам шодлигу қувонч билан қарши олмоқдалар. Рамазон ойига азалдан ойларнинг султони деб таъриф бериб келинган. Рамазон ойи рўза, таровиҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш эса суннат амаллардан бўлиб, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилат ҳисобланади, банданинг барча амаллари ўзи учун бўлиб, бу ойда тутилган рўзанинг мукофотини фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи бериши ваъда қилинган. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, жин-шайтонлар занжирбанд қилинади. Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган. дўзахдан озод қилинадиган, бандаси синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқат ва чидамли бўлишни ўрганадиган, мусулмонлар ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатадиган, бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган, хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган ҳамида мусулмонлар бир-бирларини қўллайдиган ойдир. Шу билан биргаликда Рамазон тенглик ойи ҳамдир, бу ойда кексаларимиз, беморларимиздан хабар олиб, муҳтожларга ёрдам, кўнгли ўксик инсонларимиздан хол-ахвол сўраладиган ой ҳамдир. Бу ойда улкан савоблар қўлга киритилади, нафс ва шайтонлар мағлуб бўлади. Рамазон ойида мусулмонларнинг мартабалари Аллоҳнинг ҳузурида юқори кўтарилиб, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади, гуноҳлари эса кечирилади. Барча мусулмонлар эзгу орзу умидлар оғушида бўлиб кимдир Рамазон рўзасини тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда Қуръон хатм қилишга шошилса, яна кимдир кўплаб савоб орттириш ниятида, кимдир бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида ўзини ҳар томонлама ислоҳ этиб, хатоларини тузатиш, ҳасад, гина-қудурат, хусумат каби маънавий иллатлардан қалбини мусаффо этиш, яна кимдир хайрли ишлар учун бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ажру савоблар кўпайтириб бериладиган бу қимматли лаҳзаларни ғанимат билиб, меҳр мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олийжаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ захира тўплаш мақсадида рамазоннинг келишига интиқлик билан кутиш илинжида бўлишади. Рамазон мана шундай ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ойдирки, у эзгулик сайли, сабр мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Аждодларимиз асрлар давомида рамазон ойини келишини интиқлик билан кутиб, “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ”, дея дуолар қилишган. Рамазон келгач, унинг ҳар лаҳзасини қимматли билиб, солих амалларда бир-бирларидан ўзишга ҳаракат қилишган. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан ўзгача фазилат билан сийлади Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ неъматлар ила зийнатлантирди. Аллоҳнинг буюк каломи Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Фақиҳ олимлар бу ойда Қуръон мутолааси учун бел боғлаганлар. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар. Яна бирлари бир ҳафтада хатм қилсалар, бошқалар ўн кунда ўқиб битирар эдилар. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) Қуръони каримни ҳар етти кунда хатм қилсалар, Рамазон келганда ҳар уч кунда ўқиб туширар, охирги ўн кунлик кирганда эса, ҳар кечада хатм қилар эдилар. Имом Шофеий (раҳимаҳуллоҳ) Қуръони каримни Рамазонда олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) Рамазон ойи кирганда ҳадис илми ва уламолар билан бўлган илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига юзланар эдилар. Суфён Саврий эса Рамазон кириб келганда ҳамма қўшимча ибодатларни йиғиштириб, ўзини Қуръон тиловатига бағишлар эдилар. Демак кўриниб туриптики буюкларимиз ҳам бу муборак ойнинг фазилатидан Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръони каримига ўзгача ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишган. Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саховат кўрсатишда барчага намуна бўлиб, бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Бу ойнинг фазилатларидан бири Қадр кечасининг шу ойда мужассам бўлишидир. Рамазоннинг охирги ўн кукнлиги мағфират қилинадиган кечалардан бўлиб, Қадр кечаси эса бу ойнинг энг улуғ кечасидан бўлиб ҳисобланади. Бу кечада қилинган ибодатлар, дуолар, зикрларга минг ойданда яхшироқ- деб таъриф берилади. Истиқлол шарофати ила бир неча йилларидан буён Рамазон ойи халқимиз томонидан эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келинмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Президентининг адолатли қарорларида жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялаш масалалари мужассамдир. Шундай экан ҳар биримиз бу фазилатли ойни эзгу ниятлар ила жисми-жонимиз билан муносиб кутиб олишга ҳаракат қилайлик.
Аллоҳ таоло ҳар биримизни, барча бандалари қаторида раҳмат ва мағфират этиб дуолар ижобат ва даргоҳида қабул бўладиган Рамазон ойини, барчаларимизга хайрли ва баракотли қилсин! Яқинлашиб келаётган фазилатли Рамазон ойи, барчамизга муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича вилоят бош имом-хатиби ўринбосари: У.Холова

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш