Оилада фарзанд тарбияси
Аллоҳ таолога шукроналар бўлсинким, тинч осуда осмон остида, жаннатмонанд бир юртда бахтли, саодатли умргузаронлик қилиб келмоқдамиз. Қалбларимизда бугунги кундан қоникиш, эртанги кунга бўлган ишонч мустаҳкам ўрин олган. Албатта бу ишларга, ҳукуматимиз раҳбариятининг олиб бораётган одилона сиёсатлари, узоқни кўриб қилинаётган саъй-ҳаракатлар туфайли эришилмоқда. Зеро, бу олиб борилаётган эзгу ишларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаол иштирокчисига айланиш, ҳар биримизнинг фуқаролик, қолаверса, чин инсонийлик бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим. Яқинда муқаддас Рамазон ойида муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев биз имом хатибларни, илм аҳлларини тўплаб анжуман ўтказишлари ҳам бежизга эмас. Эътиборли жиҳати шуки, бугунги кун имоми нафақат халкимизни диний эҳтиёжларини қондириш учун, балки халкимиз ҳаётида соғлом мухитни шакллантиришда, оилалардаги ажримларни камайишида, фарзандлар тарбиясида ҳам масъул эканлиги кўп бора таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда ушбу мақоламизни ёзги таътил кунлари бўлгани боис, “Оилада фарзанд тарбияси” - дея номладик. Чунки инсонлар ҳаётида ҳамма замонларда ҳам биринчи галдаги устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам, ота-она фарзандига гўзал одоб-ахлоқдан кўра афзалроқ бирор нарса бера олмайди, дея мархамат қилганлар. Аввало ҳар бир ота-она фарзандига саломлашиш одобини ўргатсин. Чунки салом бериш пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларидандир. Дунёда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат, халқ йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматларни ҳусни хулқли, одобли бўлишга тинмай чақирганлар. Бу хақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, “Хамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни иззат қилмаган, кексанинг қадрига етмаган биздан эмас”; “Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушруй одамлардан кутинглар”; “Дин чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир”; “Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига севимли бўлган икки ҳислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир”.
Яна бир ҳикоят. Қадимда бир донишманд киши ўғлининг эгнига қимматбаҳо, зийнатли кийимларни кийиб олганини кўрибди ва унга дебди:
“Ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир ҳазинада бўлмасин”. Ўғли ундан “Эй ота, у қандай либос, нимадан тикилади?” деб сўради. Отаси унга “У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади” дея жавоб берди. Фарзандларимиз тарбиясига ҳар доимгиданда кўпроқ эътиборлироқ бўлишимиз лозим. Чунки шу кунларда ёзги таътил даъвом этаяпти. Нисбатан бўш вақтлари кўп. Уларни узоқ вақт назоратсиз қолдиришнинг оқибати яхши бўлмайди. Оила ҳам мисоли бир мактаб. Устози, муаллими ота-она. Кексаликда, қарилик гаштини суриб, тинч, ҳотиржам, бахтли яшашга фарзандаларига чиройли тарбия бериб, комил инсонлар қилиб вояга етказганларгина муяссар бўлишади. Эзгу иш ва амалларингизга Аллоҳ таоло мададкор бўлсин.
Комилжон Шодмонов,
Зарафшон шаҳар
“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби.