Ўтган донишмандлардан бири “Камчиликсиз дўст излаган киши дунёдан дўстсиз ўтади”, - деган экан. Бу пурҳикмат фикрни таҳлил этсак, кишининг энг яқин дўсти жуфти ҳалолидир, деган яна бир чуқур маънога ёндош келамиз. Зеро, дунё ҳаётининг ўзгармас ҳақиқатларидан бири шуки, ибратли оилада эр ёки хотин ўз жуфти ҳалолини ҳаётдаги шунчаки йўлдоши деб эмас, балки ўзининг иккинчи ярми, яхшиликларини ошириб, камчиликларини яширадиган, тузатадиган ҳамкор ва ҳамнафас деб билади. Шундай эзгу туйғу ҳукумрон бўлган оилада эса эртанги куннинг давомчилари бўлмиш фарзандлар соғлом туғилиб, соғлом вояга етадилар.
Оиланинг, яъни келажак авлоднинг ҳам соғлом бўлиши шартларидан яна бири жамиятда қарор топаётган муҳитга боғлиқ экани шубҳасиз. Шукурки, бизнинг юртимизда аёлга эҳтиром фақат оила давраси билан чекланиб қолаётгани йўқ. Истиқлол йилларида олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳатлар самараси ўлароқ, аёл ва оилага муносабат тубдан ижобий томонга ўзгарди. Аёлни эъзозлаган юрт тамаддун силсиласида юксак маратабага кўтарилиб, турмуши кундан кунга фаравонлашиб боришини кундалик ҳаётимизнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Оиланинг соғлом бўлиши шартлари динимиз таълимотларида баён этилган. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сурасида аёллар ҳақида зикр қилинган. Динимиз аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва уларга оид масалаларга кенг эътибор беради. Динимиз таълимоти эркакларга ўз аёллари билан хушмуомала бўлиб ҳаёт кечиришни буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло амр этиб бундай дейди:
...وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
(سورة النّساء/19)
яъни: “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.
Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
" خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْليِ "
(رواه الترمذي)
яъни: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.
Хусусан, жамиятда аёлларнинг иқтисодий таъминоти эркаклар зиммасига табиий равишда шарафли вазифа этиб юклангани, хотин ва қиз бола ҳақи отанинг, опа ва сингил ҳақи ака ё уканинг, она ҳақи эса ўғилнинг зиммасида экани қайта – қайта таъкидланади. Яъни, аёл бу дунёда доим эркак ҳимоясида бўлиши керак.
Замонамизда устивор бўлган қарашларда ҳам жамиятнинг қанчалик тараққий этгани унинг аёлга муносабати нечоғлик гўзал ва маънавий асосга эга экани билан белгиланиши таъкидланади.
“Буюк шахсни буюк она тарбиялайди”, - деган нақл бор.Буюк оналарни тарбиялаш эса яна ўша оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг ҳолати ва муҳитига боғлиқдир. Она ҳурмат топган оилада фарзанд ҳам оқил бўлиб ўсади. Болаликдан аёлга ҳурматсизлик намуналарини кўриб улғайган бола келажакда ўз оиласини ҳам мустаҳкам сақлай олмайди. Оиласининг шаъни ва номусини ҳимоя қилишга қобил бўлмайди. Шу боис фарзанд бу масъулиятнинг нечоғлик шараф эканини болаликданоқ кўриб, тушуниб етиши керак. Она ҳурмат кўрмай ўтган оилада балоғатга етган қиз ҳам турмуш шундай экан, деган тасаввур билан улғаяди. У ҳам оила қургач, эр шаънини сақлаш ўзининг муқаддас бурчи эканини ҳис қилмайди.
Ривоят қилинишича, бир пири бадавлат киши фарзандларига “Мен сизларга кўп яхшиликлар қилганман ”, - деб такрорлар экан. Фарзандлар камолига етиб, ота-она билан тенг суҳбат қурадиган ёшга етганларида сўрашибди:
-Бизга қилган яхшиликларингизнинг энг аълоси қандай эди?
Ота жилмайиб жавоб берибди:
-Сизлар учун шундай меҳрли, итоатли, ақл-фаросатли онани танлаганим учун Аллоҳга доим шукроналар айтаман.
Яратганни ўзи барчаларимизни ота-она ризосини топишга, кекса ва табаррук момоларимиз, онахонларимизни эъзозлашга ва уларнинг дуоларини олиб, уларни хизматида қоим туришга, ота-оналаримизни, опа-сингилларимиз, аёлларимиз, қизларимизни ҳар вақт эъзозлаб, ҳурмат қилишга, уларга меҳрибонлик ва мурувват қанотини ёзишга муваффақ айласин!
Завқиддин ОРИПОВ
Қизилтепа туман бош имом хатиби