Ҳадис ва суннат тушунчаси
«Ҳадис» сўзи луғатда «сўз, хабар, ҳикоя, янги» маъноларини билдиради. Демак «ҳадис» деганда луғат эътиборига кўра Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап сўзлари тушунилади.
Истилоҳда «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, қилган ишлари, тақрирлари (кўриб тасдиқлаганлари) ёки у кишига берилган сифатларни ўзида мужассам қилган хабар ва ривоятлар»дир.
Илм аҳлига маълумки муҳаддислар, хусусан, кейинги уламолар «ҳадис» ва «суннат» бир маънодаги сўзлардир, деган фикрга тўхталганлар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари фел-атворлари ёки бирор тақрирлари, яъни бирор масалага розиликлари, тўхтамлари ёҳуд бирор сифатларининг ифодаси, умуман олганда, шаръий ҳукмлар ҳадис ёки суннат дейилади. Демак асли эътибори билан «ҳадис» ва «суннат» истелоҳлари муҳаддислар ўртасида бир маънода қўлланиб, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, яъни ҳаёт йўлларини англатади. Шунга қарамай, бу истелоҳларда муштарак жиҳатлари билан бирга ўзига хос фарқли томон лари ҳам бор. Ҳадис ва суннат икковининг бири иккинчисидан буткул жудо эмас яъни икковида қарама қаршилик нисбати йўқ, магар икковининг орасида тенглик нисбати ҳам йўқ, балки ҳадис ва суннатда умум ва хусус мин важҳин нисбати бордир. Қаерда мана шу нисбат топилса, уларда иккита нарса алоҳида-алоҳида бўлиши мумкин. Масалан, оқ бўлган жониворда мана шу нисбат бордир, шунинг учун гоҳида иккови жамланади, гоҳида эса иккови бошқа-бошқа бўлади. Оқ кийим оқдир, лекин жонивор эмасдир. Қорамол жонивордир, лекин оқ эмасдир ва оқ мол эса ҳам оқдир, ҳам жонивордир. Ҳадис ва суннат орасида ҳам мана шундай нисбат бор. Гоҳида ҳадис бошқа бўлади, у суннат бўлмайди ва гоҳида суннат бошқа бўлади, у ҳадис бўлмайди ва гоҳида иккови жамланади, у ҳадис ҳам суннат ҳам бўлади
«Суннат» луғатда «йўл» маъносини англатади. Унинг бошловчиси ёмонлик ниятида хам, яхшилик ниятида хам бўлиши мумкин.
Араб мақолида бундай дейилади: «Суннат сийратдир, яъни қилмишдир, агар у яхшилик бўлса ҳам, ёмонлик бўлса ҳам». Одамлар қилиб юрган ҳар қандай ишнинг биринчи бошловчиси суннат пайдо қилувчидир. Ислом шариъатида зикр этиладиган ва амалига тарғиб қилинадиган суннат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари, қайтариқлари, тавсиялари, бажарган ишлари, саҳобаларни қилмишларига билдирган муносабатлари бўлиб, булар ривоят қилинган ҳадисларда жамланган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари шариъатда ҳужжат ҳисобланади.
Қурони каримнинг бир неча оятларида ҳам суннат йўл маъносида келган қуйда уларни зикр қилиб ўтамиз
Сизлардан илгари кўп (ибратли) воқеалар бўлиб ўтган. Ер юзи бўйлаб сайр қилингиз ва (ҳақни) ёлғонга чиқарувчилар оқибати қандай бўлганига (ибрат назари билан) боқингиз.
«Суннат» сўзининг шариат аҳли тилидаги маънолари қуйдагича. Маълумки, уламоларнинг барчалари шариат аҳли дейилсада, улар ўзлари танлаган йўналишларига қараб, турли тоифага бўлинадилар ва суннат сўзининг моҳиятини ҳам йўналишлари ва мақсадларига мувофиқ тушунтирадилар.
«Усул ал-фиқҳ» уламоларининг таърифлари:
كل ما صدر عن النبي صلى لله عليه وسلم غير القرآن الكريم من قول او فعل او تقرير مما يصلح لأن يكون دليلا لحكم شرعي
Суннат: Қуръони каримдан ташқари шариъй ҳукумларга ҳужжат бўла оладиган, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган сўз, иш, ҳамда тақрирдир.
"Усул ал-фикҳ" уламолари суннатнинг "шаръий хужжат" эканини, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари, айтган сўзлари ва саҳобаларнинг қилган ишларига муносабатлари суннат бўлиб, улар уммат учун хужжат бўла олишини эътироф этади. Усул уламоларининг баъзилари эса Қуръонда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишлари орасида бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ашоблари қилиб юрган ишларнинг ҳаммаси, жумладан, Қуръонни мушаф қилиш, ҳадисларни тадвин қилиш кабилар ҳам суннат бўлади дейишади. Бу гапларига Имом Муслим ривоят қилган ушбу хадисни далил қилишади:
عليكم بسنتي وسنة الخلفاء الراشدين من بعدي
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларимнинг суннатларини маҳкам ушланглар» .
Фиқҳ уламоларининг таърифлари:
كل ما ثبت من أحكام الشرع عن النبي صلي الله عليه وسلم مما ليس بفرض ولا واجب
Суннат: Фарз ва вожибдан ташқари пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган барча шариъй ҳукмлардир .
Фиқҳ уламолари: Суннат - мандуб, ҳаром ва макрух учун асос, яъни динда фарз ҳам, вожиб ҳам бўлмаган, аммо Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам диний амаллардаги кўрсатмаларидирки, мусулмонлар у зотга эргашиш ва ажр-савобга эга бўлиш учун унга амал қиладилар дейишади.
Ҳадис уламоларининг таърифлари:
ما اثر عن النبي صلي الله عليه وسلم من قول او فعل او تقريراو صفة خلقية او خلقية او سيرة
سواء كان قبل البعثة او بعدها
Суннат- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рисолат юборилишидан олдин ёки кейин бўлса ҳам у зотдан асар бўлиб қолган сўз, фел, тақрир, хулқий ва халқий сифатлари ва сийратларидир. Демак ҳадис уламолари наздида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, қилган ишлари, саҳобаларнинг қилган ишларига муносабатлари, халқий ва хулқий сифатлари, турли вазиятда ўзларини тутишлари, пайғамбарлик ваҳийи келишидан олдинги ишлари, масалан, Ҳиро ғорида қилган зикр-санолари, одамлар билан бўлган муомалалари, чиройли хулқлари ва фелларики, бу хақда Хадича розияллоҳу анҳо: «Аллоҳ сизни хор қилмайди, ахир сиз қариндошларингиз ҳолидан хабар оласиз, қийналганларга ёрдам берасиз, меҳмонни ҳурмат қиласиз, мухтожларга эҳсон қиласиз, ҳақиқатни рўёбга чиқарасиз», деб таъриф келтирганлар.
Расулуллоҳнинг ўқиш ва ёзишни билмайдиган уммий бўлганлари, халк орасида ростгўйлик ва омонатдорлик билан ном чиқарганлари ҳақидаги ривоятлар ҳам суннат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини исботлашга хизмат қилади. Бундай тарихий ривоятларга асосланган суннат ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиб, ривоят қилинган «ҳадиси набавий» билан баробар суннатдир.
- Суннатнинг содир бўлиш ҳолатига кўра қисмлари. Суннат содир бўлиш ҳолатлари жиҳатидан бир неча қисмларга бўлинади:
«Қавлий суннат» - бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда гапирган гаплари киради. Бу турдаги суннатга қуйдаги ҳадисларни келтириш мумкин.
عن انس ابن مالك عن النبي صلي الله عليه وسلم قال لا يؤمن احدكم حتى اكون احب اليه من والده وولده والناس اجمعين رواه الشيخان والنسائي
Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «сизларнинг бирортангиз, токи мен унга ота онасидан, боласидан ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди»,-дедилар. Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.
"Феълий суннат" – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари ва амалларидир. Бу турдаги суннатга қуйдаги ҳадислар мисолбўлади.
عن أنس قال كان النبي إذا دخل الخلاء نزع خاتمه رواه أبو داود والترمذي
Анас розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки халога кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
«Тақририй суннат» - Бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни мъқуллашларидан иборатдир.
Яна бундан ташқари тақрир қилишлари деганда, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларида бир гапни айтади ёки бир ишни қилади шу пайтда, у киши буни инкор қилмасликлари ёки бир иш у кишини олдиларида бўлмайди лекин унинг хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда, у кишини сукут қилишлари тушунилади. У зотнинг сукут қилишлари ёки инкор қилмасликлари, иқрор қилишларига далолат қилади. Бу турдаги суннатга қуйдаги ҳадислар мисол бўлади.
عن أبي سعيد قال خرج رجلان في سفر فحضرت الصلاة و ليس معهما ماء فتيمما صعيدا طيبا و صليا ثم وجدا الماء في الوقت فأعاد أحدهما الصلاة والوضوء ولم يعد الأخر ثم أتيا رسول الله صلي الله عليه وسلم فذكرا ذالك له فقال للذي لم يعد أصبت السنة وأجزأتك صلاتك وقال للذي توضأوأعاد لك الأجر مرتين رواه أبو داود والنسائي
Абу Саъид розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши сафарга чиқдилар. Намоз ҳозир бўлди. Икковларида сув йўқ эди. Пок тупроқ билан таяммум қилиб намоз ўқидилар. Сўнгра вақт чиқмай туриб сув топдилар. Улардан бири таҳорат ва намозни қайтарди. Иккинчиси қайтармади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга бўлган воқеъани айтишди. Шунда у зот қайтармаган шахсга: «Суннатни топибсан. Намозинг кифоя қилади»,-дедилар. Таҳорат қилиб, намозини қайта ўқиганга эса: « сенга икки марта ажр берилади»,-дедилар». Абу довуд ва Насаий ривоят қилишган.
«Халқий сифатлари» - тана тузилишидаги сифатлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар У зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берган ривоятлари тушунилади.
عن أنس بن مالك قال كان رسول الله صلي الله عليه وسلم ربعة ليس بالطويل ولا بالقصير حسن الجسم وكان شعره ليس بجعد ولا سبط أسمر اللون اذا مشي يتوكأ
Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли эдилар. Калта ҳам узун ҳам эмасдилар. Ул зотнинг таналари чиройли эди. Сочлари жингала эмасди. Буғдой ранг эдилар. Асога суяниб юрардилар»,-деди.
«Хулқий сифатлари» - Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазийлатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Булар ҳам суннатга киради.
عن أبي سعيد الخدري قال كان النبي صلي الله عليه وسلم أشد حياء من العذراء في خد رها فإذا رأى شيئا يكرهه عرفناه من وجهه
Абу Саиъд Худрий розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиқдаги бокира қизданда ҳаёлироқ эдилар. Агар ул зот ёқтирмаган нарсаларини кўриб қолсалар, биз юзларидан билиб олар эдик»,-деди.
«Сийратлари» - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, У кишини таваллудларидан, то умрларини охиригача бўлган таржимаи ҳоллари. Бунга тегишли ривоятлар сийрат дейилади.
Нурота туман «Янгитурмуш» жоме` масжиди имом хатиби Мубинов Жамолиддин