Исро ва меърож

12-04-2017, 08:55 Istamjon Khamrayev Янгиликлар 1 836

Исро луғатда “Тунги сайр” маъносини билдиради. Истилоҳда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка шаҳридан Қуддус шаҳрига қилган тунги сайрлари “Исро” дейилади.
Меърож луғат жиҳатидан “кўтарилиш асбоби” маъносини англатади. Истилоҳда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исродан сўнг ўша кечанинг ўзида “Масжидул Ақсо”дан олий самоларга, кейин “Сидратул мунтаҳо”га кўтарилишлари, сўнгра ўша кечанинг бир қисмининг ўзидаёқ “Байтул Мақдис”га қайтишлари “Меърож” дейилади.
Исро ва Меърож ҳақида иккаласи бир кечада бўлганми ёки бошқа-бошқа кечада бўлганми, қайси бири аввал бўлган, уйғоқликда бўлганми ёки уйқуда бўлганми ёки баъзиси уйғоқликда ва баъзиси уйқуда бўлганми, бир марта бўлганми ёки икки марта бўлганми, ёки кўп марта бўлганми каби турли фикр мулоҳазалар билдирилган. Бундай турли қарашлар “Исро ва Меърож” кечаси ҳақидаги ривоятларда баён қилинган воқелар сабабли келиб чиққан.
Имом Жалолиддин Суютий “Исро ва Меърож” ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Муфассирлар, муҳаддислар, фуқаҳолар ва мутакаллимларнинг барчалари “Исро ва Меърож”нинг уйғоқликда бир кечада бўлганига иттифоқ қилганлар. Бу ҳақида очиқ-ойдин саҳиҳ хабарлар келган. Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур” (Исро сураси 1-оят).
Тасбеҳ улуғ ишлар қаршисида айтилади (оятда “Субҳана” дея тасбеҳ айтилмоқда) агар мазкур воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ухлаётган пайтларида содир бўлганида, бу ишда алоҳида бир улуғлик бўлмасди. Қурайш ҳам буни бирдан инкор қилишга ошиқмас эди. Зеро, банда руҳ ва жасаддан иборат. Агар мазкур воқеа у зотнинг ухлаган пайтларида фақат руҳларига боғлиқ ҳолда содир бўлганида эди, оятда “Бандасини” деб эмас, балки “Бандасининг руҳини” деб айтилган бўларди. Қолаверса, бу ақлан ҳам тўғри эмас, чунки у зот Буроққа миндирилганлар, Буроққа эса руҳ миндирилмайди, балки бадан миндирилади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Исро ва Меърож” кечасида аввало Байтул Мақдисга олиб борилиб, сўнгра самога кўтарилишларининг ҳикмати ҳақида қуйидагилар баён қилинган: “Байтул Мақдисга олиб борилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож ҳақидаги сўзларининг рост эканини изҳор этиш ҳикмати бор. Қурайш Байтул Мақдиснинг васфи ҳақида сўрашганида, у зот васфини келтириб, уларнинг йўлда келаётган карвонлари ҳақида ҳам хабар берганлар. Агар у зотнинг самога кўтарилишлари тўғри Макка орқали бўлганида эди, ўша нарса ҳосил бўлмай қоларди. Чунки агар самода юз берган воқеанинг ўзинигина хабар берганларида самодаги нарсани уларга кўрсатиш иложи бўлмасди. Аммо улар Байтул Мақдисни кўрган эдилар, шу сабабли ўртада Байтул Мақдис ҳақида савол-жавоб бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйғоқ ҳолатларида жисмонан самога кўтарилганларига ушбу оят ҳам далил бўлади:
“Ва, дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди. “Сидратул-мунтаҳо” (тугаш дарахти) олдида. Унинг ҳузурида маъво жаннати бор” (Нажм сураси 13-15 оятлар).
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни Сидратул-мунтаҳода кўришлари учун у зот ўша жойга ва жаннатул маъвога борганлар.
Машҳур ватандошимиз Нажмиддин Насафий “Исро ва Меърож” ҳақида шундай ёзган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйғоқликда, жисмонан самога кўтарилишлари, сўнгра Аллоҳ ҳоҳлаган олийликларга юксалишлари ҳақдир”.
Аллома Тафтазоний мазкур матнларни қуйидагича шарҳлаган: “Масжидул Ҳаромдан Байтул Мақдисга қилинган исро Қуръон билан собит бўлган хабардир. Ердан самога кўтарилишлари “машҳур” хабардир. Самодан жаннатга ё Аршга ё ундан бошқа жойга кўтарилишлари “оҳод”(бир киши ривоят қилган хабар)дир. Сўнгра тўғриси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларини қалблари билан кўрганларидир, кўзлари билан кўрганлари эмас”.
Софиюрраҳмон Муборакфурий “Роҳиқул Махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:
1. Исро Аллоҳ таоло у зотни нубувватга мушарраф этган йили бўлган;
2. Пайғамбар бўлганларидан беш йилдан кейин бўлган;
3. Нубувватнинг ўнинчи йилида ражаб ойининг 27 кечасида бўлган;
4. Ҳижратдан ўн олти ой олдин нубувватнинг 12 йилида рамазон ойида бўлган;
5. Ҳижратдан бир йил-у икки ой олдин нубувватнинг 13 йилида муҳаррам ойида бўлган;
6. Ҳижратдан бир йил олдин нубувватнинг 13 йилида робиъул аввал ойида бўлган.
Кейин сўзида давом этиб, Исро сурасида Исро қиссаси битта оятда зикр қилингани, сўнгра Бани Исроил ва уларнинг бузғунчиликлари ҳақида сўз юритилгани кейин Қуръоннинг энг тўғри йўлга ҳидоят қилиши ҳақидаги хабар берилгани ҳамда бу оятларнинг ораларидаги боғлиқликлар ва уларнинг ҳикматлари ҳақида атрофлича сўз юритиб, охирида “Ушбу ҳикматларга кўра Исро биринчи “Ақаба байъати”дан салгина олдин ёки икки “Ақаба байъат”ларининг орасида бўлган” деганлар.
Ушбуларга кўра “Исро ва Меърож” нинг қачон содир бўлгани тўғрисида қатъий бир фикр айтилмайди. Аммо айтиладики, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирилганларини Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган. Исродан сўнг ўша кечанинг ўзида Масжидул Ақсодан олий самоларга, кейин “Сидратул мунтаҳо”га кўтарилганларини, сўнг ўша кечанинг бир қисмидаёқ Масжидул Ақсога қайтганларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари хабар берганлар.
Сўфи Оллоҳёр бобомиз меърож тўғрисидаги эътиқодни байт орқали қисқа ва лўнда қилиб шундай баён қилганлар:
Яқин билгил ани меърожин, эй ёр,
Тани бирла эди, ҳам эрди бедор.
Ҳабибин ҳар нечук қилса сарафроз,
Худони раҳмати кўпдур, эмас оз.
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърож кечасида уйғоқ ҳолатда таналари билан самога кўтарилганларини ҳақ деб билгин. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандасини ҳоҳлаганича иззат-икром қилиши мумкин. Бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари-ю саҳобаи киромларига саловот ва саломлар бўлсин.

Бектош ҲАКИМОВ
Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин”
жоме масжиди имом хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш