Навбаҳор тумани
Ок олтин маҳалла
отинойиси
Ҳакиева Ойсара
Мавлуди шариф
Инсониятнинг саййиди, фахри коинот, Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг покиза оилаларига дуруду саловатлар бўлсин!
Робиул аввал ойи бу - Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (Муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Aллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой “Мавлуд ойи” деб ҳам номланади.Мавлуд луғатда “туғилиш” деган манони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой Рабиул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар “Мавлуди Набий” дейилади.
Робиул аввал ойида, хусусан ушбу ойнинг ўн иккинчи кунида мавлид маросимлари ўтказиш ва бу маросимларда мавлид асарларидан ва сўз усталарининг наъту мадҳларидан ўқиб, суюкли Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойларини тантали равишда ўтказиш мусулмон оламида тақрибан минг йилдан бери давом этиб келаётган анъаналардан бири ҳисобланади. ХIХ аср охири ХХ аср бошларида яшаб ижод қилган шайх Лангарий шогирдларидан бири Мулла Йўлдош шогирди Ҳилватийга туркий тилда Пайғамбаримиз тавалудлари ҳақида бир китоб ёзишни топширади. Хилватий 1330/1912 йилда Пайғамбаримиз таваллудлари ҳақидаги мавлуд китобини ёзади. Бу китоб халқ орасида “Мавлуду-н-набий” ва “Мавлуди шариф туркий” номлари билан тилга олинади.Аммо ҳозирги кунда мазкур маросимга қарши туриб, уни бидъатга чиқарадиган кишилар ҳам мавжуд
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган “Албатта, Аллоҳ ҳам Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!”. Aллоҳ таоло салавот айтувчиларнинг гуноҳини мағфират этади, даражасини кўтаради. Aнас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Aллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Салавот айтувчиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишитадилар. Aбдуллоҳ ибн Aбу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Aлбатта, менга йетказилади ва мен ешитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
ҳар бир маросим ва ибодатда тартиб бўлганидек, мавлуд маросимларининг ҳам ўзига хос мақсад, тартиб ва талаблари мавжуд. Мавлуд маросимларини ўтказиш ёки унда иштирок этишдан кўзланган савобга эришмоқ учун уларга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади. “Бир сўз билан айтганда, кимки мавлидни нишонласа, шарий томондан гуноҳ бўладиган ишларни аралаштирмасдан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) маноқибларини ёдга оладиган бўлса, қиладиган ишини суннат ёки вожиблигини этиқод қилмаса, ушбу нарсани фақатгина у зотга муҳаббати борлиги учун қиладиган бўлса, унда зарар йўқ. Балки бу иши учун ажр олади. Мавлуд ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.
Салавот айтиш дуо қабул бўлишининг омилидир. Aнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли йерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.
Саййидимиз ва хўжамиз, анбиё ва пайғамбарларнинг сўнгисига ҳамда у зотнинг оилаларига, асҳобларига – барча-барчаларига энг афзал саловатлар ва энг тугал саломлар бўлсин!