Ҳаётимиз гўзаллиги ўзимизга боғлиқ.

13-10-2022, 16:10 admin Мақолалар 307

Ҳаётимиз гўзаллиги ўзимизга боғлиқ.

Ҳар тонг умримизнинг бир сафаридир,
Ҳар он кунимизнинг бир гавхаридир.
Тинчлик омонликда отган ҳар бир тонг,
Аллоҳнинг бизларга хуш хабаридир...

Бутун дунё нотинчлик ичра қалқиб турган айни замонда юртимизда тинчлик, хотиржамлик, осойишталик ҳукм сурмоқда. Хўш, бу тинчлик нимани эвазига бизга аллоҳ таоло томонидан туҳфа қилинмоқда?
Балки бу юртимизда аллоҳ таолонинг ризолигини истовчи инсонларнинг кўплиги учундир. Балки бу тарбияга эътибор кучлилиги учундир . Балки, одамлар орасида инсофу диёнатни унутмаганлар кўплиги учундир... Балки халқимиз ичида дуогўйлар кўплиги учундир...билмадим, аллоҳ таоло ўзи билгувчироқ... Балки тиниб тинчимас ,фидойи юртбошимиз бўлгани учунми, юрт тинчлиги, хонадонларимиз ободлиги , осойишталигига масъуллик туфайлидир, балки ...
Бизда оқила аёллар, фидойи оналар кўп.
Шу онда бир воқеа эсимга тушди:
- Аёл эрининг вафот этганига бир неча йил бўлган бўлсада, унинг кўйлагини ҳамон жавонга осиб қўйганди. Кўйлакнинг чўнтагига эса доимо бир миқдорда пул солиб қўйишни одат қилганди.
Ҳар сафар фарзандларидан бири эҳтиёжи учун пул сўраганида, хонадонда ота номи янграб туриши учун "Отангнинг чўнтагидан ола қол, болам" дейишни жуда- жуда ёқтирар эди...
Қаранг..ота вафот этган бўлсада, унинг номини такрорлаб туришни ёқтирадиган оналаримиз камми?
Агар ҳамма одамлар бир-бирини шунчалик ҳурмат қилсалар, биз бутунлай бошқа дунёда яшаган бўлардик. Умр йўлдошимизни, қариндош- уруғимизни, қўни- қўшниларимизни ҳурмат қилишимизга нима халақит беради ..
Агар дилимизга ислом нуридан бир зарра тушган бўлса ҳам шу йўлни тутган бўлардик. Бизда шу ёруғ йўлдан бораётганлар кўп.
Афсуски, гуруч ичидан курмак доим топилганидек, айримларимизда баъзи бир қусурлар учраб турадида барибир...
Яқинда бир жойда бир аёл билан ўтириб қолдим. Ҳол- аҳвол сўрашдик. Болалар, келинлардан...
Аёлнинг ичи тўла дард экан...
"Тўртта фарзандим бор. Катта қизим ва катта ўғлим ўзим туғилиб ўсган жойимда яшайди. Юртга тез- тез келай дейман, аммо қизникида куёвнинг, ўғилникида келиннинг қовоғига қарашни истамайман. У куни ўғлимникига келдим. Ўғлим, келиним ишда экан..Неварам онасига қўнғироқ қилиб келганимни айтди, " нима овқат қилай" деб сўради. Кечқурун улар келишди. Картошка, шолғом солиб қилинган кабобни бирга едик.
Кўнглимга ҳеч нарса келгани йўқ.Ётиб ухладик. Бир пайт
" Ойижон ,ўнг тарафга қараб ётинг, хуриллаяпсиз" деган овоз эшитилди. " Болам уйғоқманку, қани хуриллаганим" дедим. " Мен сизга ёлғон гапирмайманку, хурилладингиз, ҳозир" деди.
Уйқуям чала бўлди.
Эрталаб саҳар намозга турдим. Ўғлим таҳорат суви иситиб қўйган экан, барака топсин. Келин ҳали уйқуда. Таҳорат олиб, намозни ўқидим . Сут бўлса, улар тургунча ширчой пишириб қўяй деб музлаткични очсам, не кўз билан кўрайки, букилган чучвара музлаткичда турибди. Шуни пиширишга кўзи қиймабдия деб дилим оғриди. Сут ҳам йўқ экан. Нима қилишни билмай ўтиравердим. Соат етти бўлдиямки, келин ўрнидан турмайди. Бир пайт туриб чой тайёрлади,бир нималар олиб келган бўлди.
" Келин ,хафа бўлманг, энди сизникига келмайман, ўғлимгаям гапириб ўтирмайман. Озиб- ёзиб бир келаман. Иззатингизга арзимайманми, чучвара букиб музлаткичга тиқиб қўйиб, картошка- шолғом пишириб берасиз, кечаси неча марта уйғотиб ухлагани қўймайсиз, эрталаб уйимда меҳмон бор демасдан пешингача ухлайсиз. Иззатим шу қадар паст экан, тинчгина уйимда ўтира қоламан. Уйимдаги келинимдан қўймасин.. Яхшиям ўшани худойим тақдир қилган экан..деб гапирдим йиғладим, гапирдим йиғладим.." дея яна кўзларига ёш айланди. Унга тасалли бердиму, хаёлга чўмдим. Ҳали ёш, эртага ўзиям қайнона бўлади. Қайтар дунё деганлар.Ўзининг бошига шу кун тушса ,чидармикин?
Азизлар, келин бўлсакда, қайнона бўлсакда бир- биримизни қадримизга етиб яшамасак, ҳаёт зерикарли, оғир туюлади.
Ҳаётимизни ширин, гўзал қилиб яшаш ўзимизга боғлиқ.
Қолаверса, хонадонлар кексалар билан файзли бўлади.
Ҳар бир хонадон иззат - ҳурматга, файз-баракага тўлиқ бўлсин илоҳим!!


Навоий вилояти Навбаҳор тумани Сарбозор маҳалласи отинойиси Жабборова Карима ҳожиона
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш