Тўтр девордан иборат, аммо, томи ёпилмаган кичик бир кулбада камбағал бева аёл ва фарзанди яшар эди. Уйларининг ёғоч эшиги бор бўлса-да, ёмғир, қор ёғса, шифти ёпилмаган бу кулба уларни ёғингарчиликдан сақламас эди. Шунга қарамай бу оила бор неъматларга шукр ва қаноат ила кун кечирар эди.
Бу аёлни энг қаттиқ қийнайдиган нарса бу қиш пайтидаги ёғингарчилик эди. Фарзанди тўрт ёшга тўлгунига қадар Аллоҳнинг фазли ила қаттиқ ёмғир ва қор ёғиши бу йилларда бўлмади.
Бир куни осмонни қуюқ булут қоплади ва кеч кирганда қаттиқ ёмғир ёға бошлади. Одамлар уйларига кириб ёмғирдан сақландилар. Аммо бева аёл ва гўдаги жуда қийин аҳволда қолди, ёмғир суви остида кийимлари буткул ивиб ҳўл бўлди.
Она фарзандини ёмғирдан сақлай деб бағрига босса, жиққа ҳўл бўлган кийими билан янада кўпроқ озор берар эди. Шунда она зудлик билан эшикни ечиб олди ва деворга қия қилиб суяди. Эшик остига фарзандини ёмғирдан тўсай деб олди.
Ёмғирдан сақланган гўдак кўзларида бахтиёрлик ва юзида табассум ила онасига қаради ва деди :
— Онажон, эшиклари бўлмаган камбағаллар ёмғир ёғса, нима қиладилар ?!!!
Гўдак шу онларда уйида эшиги бор бўлганини катта бойлик деб ҳисоблади.
Аллоҳнинг қадаридан рози бўлиш катта бахт, шу розилик билан қалб хотиржамлиги келади, тушкунликка тушиш ва норозиликдан сақланиш мумкин бўлади!
Икки дўст ҳақида ҳикоя
Форс мамлакатида икки дўст Чин сари йўлга тушлар. Бири азалдан қаноатли киши бўлиб, иккинчиси унинг акси эди. Йўлда борар эканлар, бир катта тошни кўрдилар. Унинг ярми ерда-ю, ярми юқорида эди. Унга «Ким меҳнат қилса, тошни айлантириб ўз жойига қўйса, ёзилган бир ёзувни кўради ва бу водийдаги бир остона остида катта бойлик яширинганидан хабардор бўлиб, унга эга бўлади. Кимки меҳнат қилиб, алам тортишни истамаса, унинг учун сабру қаноат баридан яхшироқ», деб ёзиб қўйилган экан. Қаноатсиз одам бу хабарни ўқигач, бойликка эга бўлиш учун тош остини қазишга тушди, қаноатли бепарво бўлиб ўтирарди. У ўша атрофни томоша қилиш билан банд бўлди, «Менинг қаноат бойлигидек бойлигим бор, бу меҳнатдан қандай нафъ тегарди? Тангри эҳсон бераман деса, тош ёрилиб ҳам бойлик чиқаверади», деб хаёл сурди-да, эрта туриб шаҳар томон йўналди, шаҳарга кирадиган бир неча дарвоза бўлиб, шаҳарга биринчи бўлиб кирди. Ҳамма ўша дарвоза _ у биринчи бўлиб кирган дарвоза томон интиларди. Бу элда шундай бир одат бор эканки, мамлакат подшоси нариги дунёга риҳлат қилган бўлса, аъёнлар бу гапни шаҳар халқидан яширин тутишар экан-да, кимки саҳарда шаҳарга ҳаммадан бурун кирса, уни подшоҳ сайлаб, бошига тож қўйдиришиб, бармоғига олтин узук тақишар экан. Бу сафар ҳам худди шундай ҳол юз бериб, ҳалиги мусофирни шоҳ кўтардилар.
Унинг тош остини қазиётган дўсти эса оғир меҳнатни бажариб бўлгач, тошни ёнига ағдариб қараса, ундаги хатда «Хом тамаъ бу дунёда алам чекади», деб ёзиб қўйилган экан. Хуллас, қаноат қилгани подшоҳ бўлди, бунисини эса тамаъ ранжи хоксор қилди.
Қилма, Навоий, тамаъ элдин дирам,
Бор эса, берсанг худ эрур ул карам.
Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад, кўра олмаслик каби иллатлардан холи бўлади. Дунёда ҳотиржам ҳаёт кечиради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:
«Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик кўнгилнинг тўқлигидадир», — деганлар (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйган азвожи мутаҳҳаралари, гўё қаноатсизлик қилиб, у зотдан тоқатларидан ортиқ нарсани талаб қилганларида Аллоҳ таоло «тахйиир» оятини нозил қилди (Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар). Шунда улар Аллоҳнинг ризосини, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшашни афзал билиб ва охиратни ихтиёр этганлар ва борига қаноат қилиб, барча муслима аёлларга ўрнак бўлиб ҳаёт кечирганлар.
Демак, хотинлар ўз эрларидан, фарзандлар эса ота-оналаридан уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсани талаб қилмасликлари, балки борига қаноат қилиб, шукр ва сабр билан ҳаёт кечиришлари даркор.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ, нажот топибди» (Имом Муслим ривояти).
Ислом шариати мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга ва шукрини доимий тарзда адо этишга буюради. Шунинг билан бирга мусулмонларни охиратни деб дунёни тарк қилмасликка, дунёни деб охиратни унутмасликка чақиради (Қасос сураси, 77-оят). Лекин дунё топиш учун ҳаром йўлларга кирмасдан, ҳалол йўл билан кифояланиш, қаноатли бўлиш даркор.
Салафларнинг солиҳа аёллари ва қаноатли фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: «Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келманг!», — дер эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Кимки муҳтож бўлиб қолиб, эҳтиёжининг қондирилишини одамлардан умид қилса, ҳеч қачон унинг эҳтиёжи қонмайди. Кимки эҳтиёжини Аллоҳдан сўраса, Аллоҳ унинг эҳтиёжини эртами, кечми албатта қондиради», — деган мазмунда ҳадис ворид бўлган.
Учқудуқ туман “Қизилқум”
масжиди имом-хатиби А.Турдиев