Буюк саҳобалар ҳаёти. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг ҳаёти ва фаолияти.

28-04-2022, 22:32 admin Мақолалар 305

Буюк саҳобалар ҳаёти.
Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг ҳаёти ва фаолияти.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
" Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга сарпо ҳадя қилинди.Саҳобалар унинг юмшоқлигига ажабланиб , ушлаб кўра бошлашди. Шунда у зот:
" Бунинг юмшоқлигига ажабланмоқдамисизлар? Албатта Саъд ибн Муъознинг жаннатдаги дастрўмоллари бундан юмшоқроқдир ", дедилар".
Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари- Саъд ибн Муъоз ибн Нуъмон ибн Имрулқайс ибн ал- Ашҳал ал- Авсийдир.
У зот улуғсифат, қизил юзли, новча инсон бўлиб, ёшликлариданоқ Авс қабиласининг бошлиғи бўлганлар. Ҳаж қилиш учун Маккага келган биринчи Ясриблик ( Мадина) мусулмонларнинг талабига кўра, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам уларга Исломни ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайрни қўшиб юборадилар . Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Қуръон ўргатишнинг ажойиб усулларини билар эдилар.Гоҳида баъзилар у кишини олдига ўлдирмоқчи бўлиб қурол кўтариб кирар эдилар, аммо, у кишининг ширин муомаласи ,қироати, Ислом дини ҳақидаги таълимидан сўнг, ўзгариб шаҳодат келтириб мусулмон бўлиб чиқар эди. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу билан ҳам худди шу нарса такрорланди. Найза кўтариб, Мусъаб ибн Умайрнинг олдига кирган Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу у ердан мусулмон бўлиб чиқибгина қолмай , кечгача бутун қабиланинг барчасини Исломга киритди.Бу инсоннинг Исломга кириши барча мусулмонларнинг жонига оро кирди. Кейинги ҳаж мавсумида Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу ҳам бориб, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан учрашиш бахтига муяссар бўладилар.Яширинча ўтган иккинчи Ақаба байъатида етмиш уч эркак ва икки аёл бор эди. Улар ўз ичларидан ўн иккита вакил сайладилар . Ҳар бирлари ўз қавмларига кафил бўлдилар . Сўнгра Ясрибга қайтдилар.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларида , Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу ва қабиладошларининг эшиклари муҳожирлар учун кенг очилди. Уларга ўз мол-мулкларини ҳам беминнат тутдилар .Барчаси бир-бирлари билан биродар тутиндилар . Муҳожирлар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бошчилигида Мадинада эмин - эркин яшай бошладилар. Аммо, бу узоққа чўзилмади. Орадан бир ярим йилча вақт ўтиб, мушриклар билан Бадр жанги бошланди. Жангга тайёрланиш жараёнида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига маслаҳат солдилар.Бир неча киши ўз фикрини айтди. Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам учун молу жонни аямай, ўлимдан ҳам қўрқмай, жангга тайёрликларини , агар жанг муваффақиятсиз тугаганда нима қилиш лозимлигини ҳам чиройли маслаҳат тарзида ўз фикрларини баён қилиб берадилар . Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам севиниб, " Эй, Саъд! Аллоҳ бундан ҳам яхши ҳукм қиладими? " дедилар .
Бадр жанги мусулмонларнинг улкан ғалабаси билан тугаб, асирлар ҳайдаб келинаётганда, Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу бир гуруҳ ансорийлар билан бирга қилич яланғочлаб, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам учун ўрнатилган капада у кишини қўриқлаб туришарди.
У зот ўта сахий инсон эдилар.
Ҳазрат Али ва Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг тўйлари куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: " Эй, Али , келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак" дедилар Шунда Сахд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу :
" Менда бир қўчқор бор! " дедилар. Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори тўплаб келишди. Мана шу нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
" Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъозникида ифторлик қилдилар ва сўнгра:
" Афтора индакумус - соимуун, ва акала тоъамакумул аброр ва соллат ъалайкумул- малоика" ( " Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилдилар,таомингизни яхшилар едилар ва фаришталар сизга салавот айтдилар), дедилар". Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу Ухуд жанги, Хандақ урушида жонбозлик кўрсатдилар. Хандақ жангида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга енгиллик учун душман тарафга Мадинанинг хурмозорларини ваъда қилганларида, Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу у зотни бу фикрдан қайтариб, охиригача курашишга кўндирдилар ва Хандақ жанги ҳам мусулмонлар фойдасига ҳал бўлди. Ўша жангда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг билак томирларига ўқ тегиб, қаттиқ яраланганларида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам у зотга ўзлари қарадилар. Бу ҳам буюк ансорий саҳоба учун шараф эди.Бани Қурайза ғазоти Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан тузилган аҳдномани буўиб мушриклар тарафига ўтиб кетган яҳудийларга қарши ғазот ҳисобланади. 25 кунлик қамалдан кейин яҳудийлар охири ўзларини Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг ҳукмига топширишга рози бўлишди. Улар у зотнинг ярадорлигини билишмасди
ва Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуга ялина бошлашди. Аммо, у зот ўзларининг қатъиятидан бир қадам ҳам чекинмадилар . Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан изн олиб , шундай ҳукм ўқидилар:
"Мен ҳукм қиламанки, уларнинг уруш қиладиганлари қатл этилсин ! Зурриётлари асир олинсин! Мол- мулклари ўлжа қилинсин!", дедилар
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:
" Батаҳқиқ, Аллоҳ таолонинг етти осмон устида туриб чиқарган ҳукмини қилдинг ", дедилар . Бу шиддатли , аммо адолатли ҳукм эди.
Шундан сўнг,Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг аҳаоллари оғирлашиб борди. Жангда олган жароҳатлар яраси ёрилиб кетиб, аҳволлари оғирлашди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошини қучоқларига олиб, Аллоҳ таолодан унинг руҳини энг яхши руҳлар қаторида қабул этишини сўрадилар.Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу кўзларини очиб:
" Ассалому алайка, ё Расулуллоҳ! Мен шаҳодат берурманки, албатта сиз Аллоҳнинг Расулисиз" дедилар . Шунда у зот:
" Уйдагилар ададича малоикалар Саъднинг вафотига ҳозир бўлиш учун Аллоҳдан изн сўрадилар" дедилар . Сўнгра эртаси куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам уйқудан турганларида ҳузурларига Жаброил алайҳисслом келиб : " Бу кеча умматингдан бир киши вафот этди. Унинг ўлимидан осмон аҳллари хушнуд бўлдилар. У ким?" деди.
" Саъддан бошқасини оғир беморлигини билмайман. Саъдга нима бўлди?" дедилар." Эй Аллоҳнинг Расули, Саъднинг руҳи қабз қилинди. Уни аҳллари ўз диёрига олиб кетишди" дейишди.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бомдодни ўқиб йўлга тушдилар.Шунчалик тез юрдиларки, одамларнинг кавушларининг иплари узилиб, елкаларидаги ридолари тушиб кетди.Шунда бир киши шошилиш сабабини сўради.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:
" Малоикалар Ҳанзалага биздан олдин боргани каби унга ҳам биздан олдин бориб қолишмасин деб қўрқмоқдаман" дедилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни ювиш шарафи ўзларига бўлишини истадилар. Келганларида Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу ўраб қўйилган, уйда у зотдан бўлак ҳеч ким йўқ, аммо уй фаришталарга тўла эди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам :
" Фаришталардан бири мен учун қанотини тушириб турмагунча ўтиролмадим" дедилар ва:
" Эй Абу Амр, муборак бўлсин!
Эй, Абу Амр муборак бўлсин!
Эй, Абу Амр муборак бўлсин!"
дедилар . Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Абу Амр Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни улуғ мақом билан табриклаётган эдилар. Улуғ саҳобийт Абу Саъийд ал- Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар:
" Саъднинг қабрини кавлаётганимизда тупроқдан бир табақа қазисак, мушкнинг ҳиди чиқар эди. Лаҳадни қазиб бўлгунимизча, шундай бўлиб турди" дедилар .
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:
"Саъд ибн Муъознинг ўлимига Роҳманнинг арши ларзага келди" дедилар".
Абу Довуд ривоят қилган.
Яна Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: " Қабр эгасини танимайди. У ҳатто Саъдни ҳам бир сиқиб сўнгра қўйиб юборди" дедилар.
Анас розияллоҳу анҳу дедилар:
" Саъд ибн Муознинг жанозаси кўтарилганда, мунофиқлар " Унинг жанозаси қандай ҳам енгил" дедилар. Бу унинг Бани Қурайза ҳақидаги ҳукми учун айтилган эди. Ушбу гап Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга етганида:" Уни фаришталар кўтариб борар эдилар" дедилар . Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу шундай улкан саҳобий эдиларки, у кишининг жанозаларини фаришталар кўтариб борган эдилар.
Ўттиз бир ёшида мусулмон бўлиб , ўттиз етти ёшида шаҳид кетган Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу дунё ҳавас қиладиган зот эдилар .
Аллоҳ таоло Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!!



Навоий вилояти Навбаҳор тумани Сарбозор маҳалласи отинойиси Жабборова Карима ҳожиона.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш