​​ҚАДР КЕЧАСИГА ЯНГИЧА ҚАРАШ

26-04-2022, 15:56 admin Мақолалар 383

​​ҚАДР КЕЧАСИГА ЯНГИЧА ҚАРАШ

Рамазоннинг энг қизғин палласи, энг буюк кечасига етиб келдик. Қадр кечаси айнан шу кеча эканлигини қатъий айта олмасак-да, ҳадиси шарифларга таянган ҳолда Лайлатул Қадр бугун эканлигига умид қиламиз.
Қадр кечасининг яширилиши ҳам унинг баракотидан. Банда шу бир кечани топай, деб ўн кечани бедор ўтказади. Натижада, иншааллоҳ, Қадрнинг ҳам, қолган тўққиз кечанинг ҳам фазилатларини қўлга киритади.
Буюк саҳобий Убай ибн Каъб Қадр кечаси Рамазоннинг 27-кечаси эканлигига қасам ичиб, ўша тонгда қуёш қизғиш, нури, шуъласи заиф ҳолда чиқишининг хабарини берган ҳадис жуда машҳур.
Қанча ҳаёт кечиришимиз бизга номаълум. Балки 40, балки 50, 60, 70 ёки 80 йил... Фараз қилинг, сиз 80 йил умр кўрдингиз. Бир суткада 24 соат деб ҳисобласак, шунинг қанчасини ибодатга ажратдингиз? 80 йилнинг қанчасини ибодат билан ўтказдингиз?!
Бошқа ишларга сарфлаган вақтингизни ҳисоблаб кўрсак, бор-йўғи беш йил ёки ундан ҳам камроқ ибодат қилганингиз келиб чиқади. Буни бир кун – 24 соатга тақсимланг-чи! Энди масаланинг яна бир аҳамиятли жиҳатига эътибор берайлик, хўш, шу 5 йиллик қилган ибодатларимиз тўлиқ ихлос билан адо қилинганми?! Аллоҳ таоло бу ибодатларимизни қабул қилганлигини ишонч билан айта оламизми?!
Ана энди Аллоҳ таолонинг «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқ», деб марҳамат қилган оятига диққат қилинг. 1000 ой 83 йилдан салгина кўпроқ дегани. Бу 83 йил умр кечирмасак-да, 83 йилнинг 24 соатида тинмай ибодат қилдик ва айни пайтда ушбу ибодатлар қабул қилиниб, улкан ажру савобларга эришдик демакдир!
Агар 83 йил ибодат қилганлик савобини юқоридаги ҳисоб-китобга асосан тақсимласак, биз ё 1500 ёки 2000 йил яшашимиз лозим бўлади!
Ояти каримага эътибор беринг-а, унда минг ойга тенг дейилмаяпти, балки минг ойдан яхшироқлиги таъкидланмоқда. Унинг миқдори сир сақланмоқда, балки 100, 200, балки ундан ҳам кўпроқ йил тўлиқ ибодат қилганлик савоби берилади. Аллоҳ таоло Қодир Зотдир!
Модомики Қадр кечаси минг ойдан яхшироқ экан, агар ёз фаслида шомдан тонггача бўлган муддат бор-йўғи 10 соатни ташкил этишини ҳисобга олсак, Қадр кечасидаги 1соатлик ибодат – бошқа пайтдаги 100 ойлик ибодатдан яхшироқдир. Қадр кечаси 1соат ибодат қилишингиз – бошқа пайт тўлиқ 8 йил ибодат қилишингиздан афзалроқдир.
Ибодат – зикр, намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, Аллоҳ таолони ёд этиш, эътикоф, умра зиёрати, Каъбани тавоф этиш, қўйингки, Аллоҳ розилигини истаб қилинган барча солиҳ амаллардир .
Аллоҳ таолонинг бундай ғанимат фурсатларни бизга туҳфа қилгани – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига кўрсатган буюк фазли, марҳамати, карами, эҳсонидир. Шу сабаб аҳли солиҳлар бу кечада ибодатга енг шимариб, қаттиқ киришишган. Расули акрам алайҳиссалом ҳам Қадр кечаси, яъни Рамазоннинг 27-кечасида бошқа кечаларга нисбатан кўпроқ ибодат қилар, бедор бўлардилар. Қадр кечасида ибодатларга шўнғиш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир.
Азизлар, ким мана шу кечани топса, буюк савобларни қўлга киритади. Бу кечада Аллоҳ таолонинг раҳмат эшиклари очилади, бандалар Роббига яқин бўлади, гуноҳлари мағфират қилиниб, ёмонликлари арийди.
Обид бандалар бу кечани бутун йил давомида интиқлик билан кутадилар. Лайлатул Қадр итоатгўй бандаларнинг орзуси, тавба қилувчиларнинг умиди ушаладиган кечадир. Зеро, ким бу кечани буюклигию фазлига ишониб, савоб умидида қоим бўлса, гуноҳлари кечирилади. Қадр Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати ёғиладиган кечадир!
Шундай экан, шомдан бошлаб то тонггача ҳар бир лаҳзани ғанимат билайлик! Бекорчи, охиратимизга фойдасиз нарсалар вақтимизни ўғирлаб қўймасин! Аҳлимизга, оила аъзоларимизга ҳам имконият яратишга ҳаракат қилайлик, ахир улар билан жаннатда жам бўлишни истаймиз-ку!
Қадр кечасининг қадрини топиш барчамизга насиб этсин!

Навоий шаҳар бош отинойиси Бурхонова Чини.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш