Қадр кечаси ҳақида
Абу Саламадан ривоят қилинади: «Қурайшлик бир нечтаси билан Қадр кечасини эслашдик. Абу Саъиднинг олдига келдим. У дўстим эди. «Биз билан хурмо боғига чиқмайсанми?» деб қолди. Чиқдик. Эгнида хамисаси бор эди. «Менга Қадр кечаси ҳақида сўйлаб бер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечасини зикр қилганларини эшитганмисан?» дедим. У шундай деди: «Ҳа. Рамазоннинг охирги ўнлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эътикоф ўтирдик. Йигирманчи тонгида бизга хутба қилиб: «Мен Қадр кечасини кўрдим ва уни унутдим ёки менга унуттирилди. Уни охирги ўнликдан тоқдан қидиринглар. Ким Аллоҳнинг Расули билан эътикоф ўтирган бўлса, қайтсин. Гўё сув ва лойга сажда қилаётганимни кўрдим», дедилар. Биз қайтдик. Осмонда парча булутча ҳам йўқ эди. Бир булут келди-ю, ёмғир ёғди, ҳатто масжиднинг шифтидан сув оқди. Хурмо шохларидан эди. Намозга иқома айтилди. Шунда у зотнинг лойга сажда қилаётганларини кўрдим. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналарида лойни кўрдим – ёки «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналарида лой изини кўрдим», деган».
Муттафақун алайҳ.
Эслатма: Бугун Рамазон ойининг 23-кечасидир.
t.me/bintusodiq