Саҳобалар суҳбатлашиб ўтиришган эди. Холид ибн Валид, Абдурраҳмон ибн Авф, Билол ва Абу Зарр розияллоҳу анҳум. Улар бир мавзуда суҳбатлашаётган эдилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтдилар:
-Мен қўшин ичида шундай-шундай қилишни таклиф этаман. Билол розияллоҳу анҳу:
-Йўқ, бу таклиф хато, дедилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтдилар:
-Ҳали сенми фикримни хато дейдиган, эй қора хотинни ўғли !?
Билол розияллоҳу анҳу бу гапдан қаттиқ хафа бўлиб ўринларидан турдилар:
-Аллоҳга қасам, албатта бу гапингни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга етказаман, дедиларда шиддат билан юриб кетдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдилар.
-Ассолату вассаламу алайка я Расулаллоҳ, Абу Зарр мени ҳақорат қилди, дедилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам,
-Нима деди ?, деб сўрадилар. Билол розияллоҳу анҳу бор гапни айтиб ортларига қайтдилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб салом бердилар. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
- Эй Абу Зарр. Уни онаси билан айблаб, сўкдингми!?.... албатта сен жоҳиллиги бор киши экансан, дедилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғладилар. Аллоҳга истиғфор айтиб, йиғлаган ҳолда масжиддан чиқдилар. Тўғри Билол розияллоҳу анҳу нинг олдига бордилар ва Абу Зарр бошларини ерга яқинлаштириб, юзларини тупроққа қўйдилар ва айтдилар:
-Аллоҳга қасам эй Билол, оёғинг билан юзимни босмагунингча бошимни кўтармайман, сен улуғсан, хўрланган менман.
Билол розияллоҳу анҳу ҳам йиғладилар ва энгашиб Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг юзларидан ўпдилар ва айтдилар,
- Аллоҳ учун сажда қилган юзни асло босмайман.
Билол розияллоҳу анҳу ва Абу Зарр розияллоҳу анҳу биргалашиб турдилар, биргалашиб йиғладилар. Бир бирларини маҳкам бағирларига босдилар.Узоқ йиғлашдилар.
Зарафшон жоме масжид имом хатиби Муродуллоҳ Қаршиев