Имомларимиз тадбирларда
2017 йил 13 февраль, душанба куни Навоий вилоят ИИБ бошқармаси мажлислар залида бошқарма ходимлари билан навбатдаги маънавият ва маърифат дарси бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят бош имом-хатиби Рўзиев Тоҳиржон домла иштирок этиб, «Ислом ва ақидапараст оқимлар» мавзусида суҳбат олиб бордилар. Суҳбатда юртимиздаги тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш учун ҳамма вақт огоҳ бўлишга чақириб, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, терроризмнинг мудҳиш қиёфаси, унинг келиб чиқиш сабаблари ва оғир оқибатлари ҳақида сўз юритилди, турли бузғунчи оқимларнинг таъсиридан огоҳ бўлиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири экани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Навоий Педагогика институтида талаба ва устозларга “Гиёҳвандлик кони зарар” мавзусида суҳбат қилди.
Қуйида ушбу маъруза матнини келтириб ўтамиз:
Гиёҳвандлик кони зарар
Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Унга Ердаги жуда кўп нарсаларни бўйсундириб қўйган ва саноғига етиб бўлмас неъматларини берган. Бунинг эвазига инсонларни илоҳий амрларни сўзсиз бажаришга, қайтарганларидан четда бўлишга, Аллоҳ буюрганидай турмуш кечиришга амр этган.
Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонни бошқа мавжудотлардан кўра ақлли ва мукаррам қилиб яратиб, унга жуда кўп неъматларни ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз берганини эслатиб айтади:
وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا
“Дарҳақиқат, Биз, Одам болаларини азизу мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик. (Исро сураси: 70-оят).
Бу билан буюк Парвардигоримиз инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амалларни қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, жисми соғлом, гўзал хулқли, дини ва жамиятига наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Ўзига ибодат қилувчи, зиммасига юклатилган вазифани мукаммал адо қилувчи бўлишга ва фақат покиза нарсаларни истеъмол қилишга даъват этади.
Ана шундай катта вазифалар юкланган инсон зурриёти Аллоҳ буюрганидай яшаш учун жони, соғлиги, ақли ва жисмининг соғлом бўлиши учун қайғуришга масъулдир.
Ислом шариатида инсон жони ва ақлини рисоладагидай сақлаш ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун инсон, Аллоҳ белгилаб қўйган ҳалол ва ҳаромни фарқлаши, ўзига фойдали нарсаларни қилиши, зарар келтирадиган ишлардан четланиши зарур. Агар мусулмон киши Аллоҳ таолонинг бу ҳаётий тавсияларига риоя қилса, унинг икки дунёда ҳаёти намунали кечади ва жамият олдида инсон деган улуғ номни эъзозлаган бўлади. Агар инсон бу борадаги мувозанатнинг бузилишига сабаб бўладиган ёмон йўлларга қадам қўйса, омонат қилиб топширилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган бўлади ва ўзини ҳалокат чўғига ташлаган бўлади.
Маълумки, Шариати Исломия инсон зотини бу дунёда азизу мукаррам бўлиб яшашда давом этиши учун “الضروريات الست” яъни “олти заруриёт” деб аталмиш нарсаларни жорий этган. Улар:
1. حفظ الدين яъни “дину диёнатни, соғлом эътиқодни сақлаш”
2. حفظ النفس яъни “жонни, соғлик-саломатликни муҳофаза қилиш”
3. حفظ العقل яъни “ақлни саломат сақлаш, онгни турли заҳарли ғоялардан асраш”
4. حفظ النسب яъни “насл-насабни покиза сақлаш”
5. حفظ العرض (ҳифзул-ъирз) яъни “обрў эътиборни, номусни сақлаш”. Ва ниҳоят:
6. حفظ المال яъни: “мол-мулкни муҳофаза қилиш, ўз мулкини, умумий мулкни, халқ
мулкини зое бўлиб, нобуд бўлишидан сақлаш”.
Азизлар, юқорида санаб ўтганимиз мазкур олтита зарурат шариатимиздаги барча буйруқ ва таъқиқларнинг юзага келиш сабабчисидир десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Санашда қисқагина бўлиб кўринган бу нарсалар инсониятнинг дунёю охиратда саодатманд бўлиб яшашига кафолат бўлади. Шу боис, ҳам мазкур нарсалар “мақосидуш-шарийъа” яъни “Шариат мақсадлари” деб ҳам аталади.
Маълумки, дину диёнатни сақлаган, соғлом ақидага содиқ қолган кишилар залолат йўлларига, турли туман оқим ва фирқаларга кириб кетмайдилар. Динини, иймонини сақлай билган жамият парокандаликдан ҳимояланган бўлади. Дину диёнатини сақлаган одам охиратда ҳам жаҳаннам азобидан қутулиб қолади, иншааллоҳ... Шу боис, ҳам динни сақлаш мазкур заруриётларнинг биринчиси қилинди. Аллоҳ таолонинг энг биринчи ва энг асосий буйруғи ҳам айнан динни сақлашни ўзида акс эттирган “тавҳид” чақириғи эди.
Кейингиси, “ҳифзун-нафс” яъни жонни сақлаш, соғлик саломатликни муҳофаза қилиш. Ҳаммамизга маълумки, жисму жонимиз, соғлигимиз бизларга вақтинчага, омонат қилиб берилгандир. Омонатни эса сақлаш вожиб. Турли зарарли иллатлар жонимизга, соғлигимизга зарар кўрсатади. Тамаки чекиш, ичкилик ичиш, гиёҳвандлик ва ҳоказолар инсон соғлигига ўта зарарли экани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, сиҳат саломатлигимизга путур етказадиган ана шундай зарарли одатлардан сақланмоғимиз лозимдир. Тамаки, гиёҳвандлик каби ишлар ҳам жонимизга, ҳам молимизга, ҳам ақлимизга зарар келтиради. Обрўйимизни етга уради.
Ҳолбуки, инсон айтиб ўтилганидек, ўз жонини, молини, ақлини ва обрўсини сақлаши вожиб эди.
Ҳозирги асримизда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди. Бежизга уни “аср вабоси” деб сифатлашмаган. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида ҳам, саҳобаю тобеинлар даврида ҳам бундай жирканч иллатлар йўқ эди.
Ваҳолангки, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “لا ضرر ولا ضرار في الإسلام” яъни: “Исломда ўзига зарар бериш хам йўк бошкага зарар бериш хам йўкдир!”, деб марҳамат қилганлар. Гиёҳванд ҳам ўзига, ҳам ўзгаларга зарар етказади.
Гиёҳванд шаръий далилсиз ҳалокатли нарсаларни истеъмол килади ва ўз жонини хилма-хил касаллакларга мубтало килади. Уламолар захар, тупроқ, шиша, тош ва зарарли бўлган барча нарсаларни истеъмол килишни соғликни ҳимоя қилиш учун харом қилдилар.
Расуллуллох саллаллоху алайҳи ва саллам дедилар: «... Заҳар ичиб ўз жонини қатл этган кимса жаҳаннам оловида заҳарларни мангу ичади». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари)
Гиёҳвандлик — ўз жонини аста-секин катл этиш, демакдир. Табиблар ўлимининг сабаби гиёҳвандлик бўлган кимсаларни ўз жонларига суикасд килган деб хисоблайдилар. Аллох сакласин! Бир жонни ўлдириш эса, у бевосита ёки билвосита, секин ёки тез бўлсин, харомдир. Чунки натижа бир хилдир... Кашанданинг ўз жонини катл килиш учун харакат килаётганлигида шак-шубха йўкдир.
Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабабчидир. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабабчидир. Зеро, бу Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид ишдир. Улуғ Аллоҳ азза ва жалла барчамизни огоҳлантириб айтади:
وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ (سورة البقرة/195)
яъни: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”. Бошқа бир оятда эса:
ولا تقتلوا أنفسكم إن الله كان بكم رحيما (سورة النساء/29)
яъни: “...ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”.
Муфассирлар ушбу оятни бир неча хил тафсир қилишган, шулардан бири “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”, яъни, ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай ўзини ўзи ўлдириш таъқиқланмоқда. Ёки шаръан рухсат этилмаган ҳар қандай иллатга, хусусан гиёҳвандликка муккасидан кетиш ҳам шулар жумласидандир.
Шариатимизда барча маст қилувчи, одам ақли-ҳушини карахт қилувчи нарсалар, шу жумладан хамр ичиш ва гиёҳвандлик ҳаром қилинган. Зеро, булар инсонни хорликка, ёмонликларга, расволикка етакловчи иллатлардир.
Ҳадиси шарифда айтилишича, “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир”, дейилади (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда яна бундай ҳадис бор:
“نهى رسول الله صلى الله عليه وسلم عن كل مسكر ومفتر”
яъни: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Уламолар айтишича, мазкур ҳадисда зикр этилган “مُفَتِّرٍ” (муфаттир) лафзи инсон аъзолари фаолиятига салбий таъсир этувчи нарсага нисбатан айтилади. Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу сабаб ҳам уни истеъмол қилиш шаръан ножоиз. Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ман қилинишига Бурҳониддин Марғиноний каби олиму уламолар иттифоқ қилишган. Имом Бадриддин Заркаший ҳам ўз китобида гиёҳвандликнинг зарар ва офатлари ҳақида батафсил маълумотлар берган.
Тарихий маълумотларга кўра, гиёҳвандлик, афюн истеъмол қилиш милодий ўн учинчи асрда мўғуллар истилоси чоғида улар томонидан дунёнинг кўп мамлакатларига, хусусан Ислом ўлкаларига тарқатилди. Улар афюн истеъмол қилиб жангга киргани учун ўта раҳмсиз, қаттиққўл ва ваҳший бўлишган. Милодий ўн биринчи асрда яшаган мовароуннаҳрлик улуғ аллома Абу Бакр Сарахсий: “Банг (афюн) ўнинчи асрдан бошлаб бизнинг диёримизда пайдо бўлди ва кўп кишилар унга мабтало бўлишди”, деб ёзган. Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижорататидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.
Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланди. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда. БМТ Қарорига биноан 1 мартни Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Давлатимизнинг доно сиёсати фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажраб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган ҳукуматимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда.
Динимиз кишининг ҳамма томондан, ички дунёси ҳам, ташқи қиёфаси ҳам гўзал, соғлом, пок бўлишини талаб этади. Инсоннинг ўз танаси ва соғлигини асраши, ўзини ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан четда тутиши вожиб эканига далолат қилувчи жуда кўп ояти карималар ва ҳадиси шарифлари бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
وَكُلُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ حَلالاً طَيِّباً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي أَنْتُمْ بِهِ مُؤْمِنُونَ
(سورة ﺍلمائدة/88)
яъни: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!”
Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай дейдилар: “Аллоҳ таоло (ҳадиси қудсийда) марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Сарвари коинот Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, жисм, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи бўлиб ҳисобланади. Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.
Ҳозирги вазиятда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан мусулмонларимиз ҳам четда турмасликлари, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришлари, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа тинмай тарғиб қилишлари зарур бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом турмуш тарзига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни, Парвардигор ҳаром қилган зарарли иллат ва қусурлардан четда бўлишимизни насиб айласин!
УМИ Навоий вилоят вакиллиги котибияти