Инсон ҳаётда яшар экан, икки йўлнинг бирида кетаётган бўлади: Ибодат йўлида ёки маъсият йўлида. Агар қилаётган иши Аллоҳ рози бўладиган иш бўлса ибодатда ҳисобланади, қилаётган иши Аллоҳга хуш келмаса маъсиятда, яъни гуноҳ йўлда кетаётган бўлади. Ана шу маъсият йўлида бўлган киши ҳаддан ошувчи, Парвардигори олам берган неъматларга ношукрлик қилувчи, жиноятчи ҳисобланади. Жиноятлар ҳам икки хил бўлади: Моддий ва маънавий. Моддий жиноятлар ҳаммамизга маълум бўлган дунёвий ва ухровий қоидаларга амал қилмаслик ва таъқиқланган ишларни қилиш билан бўлса, маънавий жиноятларга бошқа инсонларни ноҳақ айблаш, ҳақорат қилиш, обрўсини тўкиш кабилар мисол бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Мўъмин ва мўъминаларга улар бирон гуноҳ қилмасалар ҳам озор берадиган кимсалар бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар” (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Ояти каримада таъкидланишича, ҳеч бир гуноҳ қилмаганларга озор берадиган кимсалар ёлғон, бўҳтон ва тухмат каби улкан гуноҳ содир этган бўладилар.
Бу ҳақда ҳадиси шарифда Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир” деб марҳамат қилдилар (Термизий ривояти).
Инсонни ноҳақ ўлдириб, қонини тўкиши, уни молини ўғирлаб, тортиб олиши, қанчалик катта гуноҳ бўлса, уни обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳдир. Динимизда одамларнинг обрўсини тўкишга сабаб бўладиган ғийбат, чақимчилик, бўҳтон каби маънавий жиноятлар гуноҳи кабира, яъни, катта гуноҳ ҳисобланади.
Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, (сизлардан бўлган) бир қавм, бошқа бир (мўъмин) қавм(усти)дан масхара қилиб кулмасин, эҳтимол (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўъмина) аёллар устидан масхара қилиб (кулмасинлар) – эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар. Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардир” дея марҳамат қилинган (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Ояти каримадан маълум бўладики, инсонлар бир-бирларини масхара қилмаслиги, турли хил лақаблар билан чақирмаслиги лозим экан. Зеро, булар одамлар ўртасини бузадиган иллатлардир.
Жамият ҳаёти ва тартибини издан чиқарадиган яна бир иллат - асоссиз миш-мишлар тарқатишдир. Ислом динида бировлар ортидан миш-миш тарқатиб, уларни бузуқликда айблаш, ҳамда уларга қарата туҳмат тошини отиш “фосиқлик” деб қаттиқ қораланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги, уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар ундан воз кечган ва ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир” деб фосиқликни беодоблик ва уятсизлик эканини эслатиб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда-ким бир кишини “кофир” ёки “Аллоҳнинг душмани” деса ва у бундай бўлмаса, айтгани ўзига қайтиб тушади”дедилар (Муттафақун алайҳ).
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, маънавий жиноятлар кишилар обрўсини тўкилишига сабаб бўлади, динимизда эса инсонни обрўсини тўкиш, уни бошқалар олдида беҳурмат қилишдан қайтарилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Беш нарсанинг каффорати (ювиб юборадигани) йўқ: Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, мўмин кишига бўҳтон қилиш, урушдан қочиш (ватан ҳимоясидаги) ва ёлғон қасам билан ноҳақдан мол ишлаб олиш", деганлар. Аллоҳга ширк келтириш ва ноҳақдан одам ўлдиришнинг нақадар катта гуноҳ эканлигини ҳамма билади. Ҳадисда, бошқа бировга ноҳақ туҳмат, бўҳтон қилиш ҳам улкан гуноҳ экани таъкидлаб ўтилмоқда.
Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ўз биродарининг обрўйини ҳимоя қилса, қиёматда Аллоҳ Таоло унинг юзини дўзах ўтидан ҳимоя қилади", деганлар.
Демак, киши ўз яқинларини ғийбатчиларнинг ғийбатидан, бўҳтончиларнинг бўҳтонидан ҳимоя қилиши қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлишига сабаб бўладиган савобли иш экан. Аллоҳ таоло барчамизга мусулмон киши учун иллат ҳисобланган маънавий жиноятлардан узоқ бўлишимизда ва яқинларимизни бундан огоҳлантиришимиз Ўзи мададкор бўлсин!
Ҳакимов Бектош
Хатирчи туман бош имом хатиби
Хатирчи туман бош имом хатиби