Диний экстремизм ва бузғунчи оқимларнинг сохта ғояларига қарши кураш

3-01-2017, 12:51 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 3 438

Инсоннинг кундалик ҳаёти учун энг зарур эҳтиёжлардан бири тинчлик ва осуда ҳаёт эканлиги, аслида ҳаётнинг ўзи Тангри инъоми, буюк неъмат ва ҳадялигини ҳар бир киши билиши ва тан олиши зарур бўлган қадрият ва қонуниятлардандир. Ислом динида тараннум этиладиган “шукроналик” асосида ҳам ҳар бир куннинг қадри ва бетакрорлиги, ҳаёт - яратган инъом айлаган неъматларининг энг олийси эканлиги тўғрисидаги фикр ётади.
Шу боис ислом динида “динга ҳаддан зиёд кетиш” орқали ўз яқинларини қийин аҳволга солиб қўйиш, диний тақводорлик масалаларини нотўғри талқин қилиш, кибр ва ҳаво, бошқа инсонларга зарар етказиш, ноҳақ қон тўкилишига олиб келадиган амалларни қилиш, ўз жонига қасд қилиш ва ўз танига жароҳатлар етказиш каттиқ қораланади. Бу борада ҳадисларда шундай дейилади: «Қиёмат куни одамлардан биринчи навбатда ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида сўроқ қилинур» .
Қуръони Каримда ўз жонига қасд қилиш энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган:
...ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир . “Нисо” сураси, 29-оят
…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради . . “Бақара” сураси, 195 оят
Яратганнинг бандаси бўлмиш ҳар қандай инсонга моддий ва жисмоний зарар етказиш, айниқса “нафс эгасини” ноҳақ қатл этиш, унинг қонини тўкиш, оиласи ва фарзандларини боқувчисиз қолдириш, инсон ҳаёти устидан ҳукм чиқазиш ислом арконларида “гуноҳи азим” ҳисобланади.
Хозирги кунда матбуотда ҳам, ойнаи жахонда ҳам, кўп бор “диний экстремизм” деган луғат ишлатилаяпди.
Хўш диний экстремизм нима: “диний экстремизм-жамият учун анъанавий булган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш ва ўз ғояларини муросасизлик ва зўрлик билан тарғиб қилишдир”.
Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. У туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини сақлаб қолган.
Шу ўринда ўсмирлар ташқи таъсирларга кўпроқ мойил бўлишини алоҳида қайд этиш лозим. Муайян ҳолларда ҳаётдаги орзу-мақсадларга мустақил эришиш ҳаракатларининг ҳамма вақт ҳам амалга ошавермаслиги оқибатида ёшларда инфантиллик (ўзини ночор, ёрдамга муҳтож ҳис қилиш)дек хусусият шаклланиши кузатилади. Бундай вазиятда уларда "олий мақсадларга интилаётган мен каби кишилар ёки жамоа мавжуд”, – деган тасаввур пайдо бўлишига замин яратилади. Шунда улар ўзларининг мақсад ва интилишларини тушунадиган кишиларни излай бошлайдилар.
Айни пайтда, жиддий масъулиятдан озод бўлган ўсмирлар учун шахсий тажрибанинг етишмаслиги хосдир. У соддадиллик ва хаёлпарастлик билан ёнма-ён келади. Шу билан бирга, ёшлар наздида атрофда кузатилаётган адолатсизлик натижасида юзага келадиган зўриқишни йўқотишда фақат биргина йўл – «буюк ғоя»ни ўзида мужассамлаштирган етакчи билан ҳаммаслак бўлишни танлашга мойиллик юзага келади. Бу йўл ўсмирни диний мутаассиб оқимларнинг домига тортилишига олиб келиши мумкин.
Ҳар қандай диний мутаассиб оқим «ўлжа»сининг ҳаётий муҳим эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, ўз таълимотини жозибадор қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Одамларнинг бундай оқимлар таъсирига тушиб қолиши, шунингдек, одатдаги ахборот доирасидан ташқарига чиқадиган турли шов-шувларга ортиқча эътибори билан ҳам белгиланади. Бундай эътиборни бугунги кунда кенг тарқалаётган ғайритабиий ҳодиса ва жараёнларнинг ҳақиқатан ҳам мавжудлиги ҳақидаги ахборотлар озиқлантириб туради. Турли ахборот манбаларининг доимий таъсири остида бўлган бир пайтда инсон ғайриилмий, сохта диний ғояларни қабул қилишга мойил бўлиб қолади.
Экстремистик гуруҳларнинг асосий мақсадлари зўравонлик ва алдаш усуллари билан сиёсий ҳокимиятга эришиш бўлиб, бу йўлда гуруҳ етакчилари оддий аъзоларни бемалол қурбон қилиб юбормоқдалар. Мутаассиб ғоялар домига тушиб қолган шахслар оиласидан, жамиятдаги ўрнидан, ҳатто ҳаётидан ажрамоқдалар.
Бундай шахсларни ҳар қандай топшириқни ҳеч иккиланишсиз бажариш даражасига олиб келиш учун эса синалган услублардан фойдаланмоқдалар.
Таъкидлаш жоизки, ҳамма вақт ҳам диний мутассиб оқимлар аъзолари илк суҳбатданоқ норасмий адабиётлар ва шахслар ҳақида батафсил сўзламайди. Улар ўз жамоаларига жалб қилиш мақсадида расман тан олинган диний адабиётлар орқали сабоқ олишни тавсия этиши ҳамда бошланғич илмларни ўрганиш учун ўз жамоасига таклиф қилиши мумкин.
Буларнинг бари қанчалик жозибадор ва тўғри бўлиб кўринмасин, диний маълумоти ва аниқ мақсадларини билмаган одамдан диний билимларни ўрганишга ҳаракат қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Республикамиз ёшлари учун диний билимларга бўлган эҳтиёжни Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида таъминлаш энг тўғри йўл бўлади.
Диний таълим ҳақида гап кетар экан, сўнгги йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртларида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилгани, давлат таълим стандартлари билан мувофиқлаштирилган ўқув дастурлари тузилгани ва ижроси таъминланганини таъкидлаш зарур.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда республикамизда фуқароларнинг диний билимларга бўлган эҳтиёжини тўла қондира оладиган ва давр талабига жавоб берадиган таълим тизими фаолият кўрсатмоқда, дейиш мумкин.
Ҳозирги кунда фарзандларимиз дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, ватанпарвар ёшларига айланиши, уларни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. «Қуш уясида кўрганини қилади». Бу борада, албатта, ота-онага ёрдам беришда бутун жамоатчилик – маҳалла оқсоқоли, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, имом, профилактика нозири, «Маънавият ва маърифат» маркази,
Хотин-қизлар қўмитаси ва «Камолот» каби ижтимоий ташкилотларнинг жойлардаги масъуллари биргаликда фаол ишлашлари керак.
Хулоса қилиб айтганда агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига рахна сола олмайди.
Одамлар қалбида бугунги тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳиссини теварак-атрофдаги вайронагарчиликлар, дин номидан содир этилаётган ваҳшиёна ҳатти-ҳаракатлар мисолида ҳис эттириш. Ҳар биримиз жондан азиз фарзандларимизни, ўз оиламизни асраганимиз каби динимизни, юртимизни турли бузғунчи кучлар адоватидан асрашимиз лозимлигини тушунтира олишимиз даркор.

Хатирчи туман “Бадр ота” жоме
масжиди имом хатиби Юнусов Мустафоскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш