Инсониятнинг бу заминда барча неъматлардан баҳраманд бўлишлиги Аллоҳнинг чексиз қудрати соҳиби эканлигидан бир нишонадир. Бу борада Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таъоло Қуръони каримда биз мўминларга хабар қиладики, “биз инсон фарзандини азиз ва мукаррам қилиб яратдик”. Инсоният яралган барча маҳлуқотлардан фикр юритиш қобилияти, ўзида маъсулият сезиш каби жиҳатлари билан фарқланиб туради. Шунингдек шундай хусусият борки у орқали онгу тафаккури нақадар теранлиги ёрқин намоён бўлади.
Албатта, бу кашфиётдир. Ваҳоланки, биз бу сифатларни бежиз келтирмадик ва шу аснода яратувчанлик ва кашфиёт деган тушунчалар бир-биридан ўта фарқланишини англашимиз жуда муҳим бўларкан. Яратувчанлик бу Аллоҳга хос бўлган нарса, яъни йўқдан бор қилиш, кашф этишлик одамизотга алоқадор жижат бўлиб, яралган нарсадан бошқа бирини ўйлаб топишлик ёйинки, Аллоҳни изни ва қудрати ила ихтиро қилишликдир. Дарҳақиқат шундай экан, юқоридаги аниқ ва равшан далилларга илова тарзида гувоҳлик бера оламизки, ихтиро ва кашфиётлар ўзининг ижобий ва салбий самаралари туфайли инсониятнинг жамиятда қандай мавқега эга эканлигини кўрсатиб беради. Биринчи навбатда ихтироларнинг натижаси сифатида самонинг забт этилишида ойга қилинган парвозлар, олис манзилимизни яқин қилувчи уловлар, ёки бўлмаса ўқув муассасаларда иш хоналаримизни безаб турган, қолаверса, мушкулимизни енгил қилаётган замонавий жиҳозлар, яъни, компьютерлар инсоннинг онгу-тафаккури нақадар теранлигидан ишорадир. Умумий тарзда шарҳласак, одамлар бургутдан фарқли ўлароқ, қанотсиз яралди, аммо устомонлиги боис, қанот кашф этди. Буларнинг ҳаммаси ихтироларнинг шахс манфаатига хизмат қилишидан далолат.
Афсус ва надоматлар бўлсинки, шундай унсурлар борки, кези келганда наҳотки, булар ҳам ихтиро ва кашфиётлар самараси бўлса деган вужудимизни ларзага солувчи саволга жавоб қидирамиз. Шак шубҳасиз, бунга жавоб тарзида айни дамда инсониятнинг турмуш сарҳадларида руҳи ва жисмига раҳна солаётган аср фожиаси –гиёҳвандлик балосини мисол қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Она сайёрамизда йил сайин чуқур илдиз отаётган бу заҳри қотилнинг истеъмоли кишилар умрига зомин бўлаётганлиги барчамизга телевидение, матбуот нашрлари ва ташкилотларда, маҳаллаларда ўтказилаётган огоҳликка даъват этувчи тарғибот ва ташвиқотлар орқали маълум.
Танамиздаги жон Аллоҳнинг неъматидир. Наҳотки, бир лаҳзалик сархуш ва карахт ҳолатда бўлиш учун жонни қийнаб, темир игналарни томирга санчиб ёки кашандалик йўллари билан ширин ва осуда ҳаёт онларидан афзал бўлса? Ҳаётда бунақанги мавҳум йўлни танлаган инсон нафақат ўзига, қолаверса, аҳли хонадонига ва яна жамиятнинг равнақига болта уради, замондошларини ҳам жалб этади ва охир оқибат хорликда дунёдан ўтади. Гиёҳвандликнинг замирида аср вабоси деб юритилган бедаво ОИТС ўрнашган бўлиб, у туфайли туғилган зурриётлар ҳам ҳузур ҳаловатли ҳаёт фитратларидан бебаҳра қолмоқда, чунки фаҳш ва зинокорлик каби мазнуб ҳолатлар инсон наслини бузувчи омил саналади. Қалбида иймон ва эътиқоди мустаҳкам бўлган ҳар бир инсон башариятни ларзага солаётган жирканч ва қабиҳ аҳволдан ташвишда. Нуфузли ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам бу борада саъий ҳаракатларни давом эттирмоқда. Айтиш жоизки, бу борада Муҳтарам юртбошимиз жаҳон анжуманларининг минбарларида туриб, барчани ушбу хатарни бартараф этишга чорлаганлари фикримиз далилидир. Ачинарлиси, бизга қўшни Афғонистон ҳалигача гиёҳванд ўсимликлар экинзори бўлиб келмоқда. Ҳалқимиз ибораси билан айтсак, ёнма-ён қўшнимизнинг уйига ўт тушса бизга ҳам зарари тегиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, бўлаётган мудҳиш ва жирканч ҳолатларни олдини олиш учун энг аввало ҳар биримиз аҳли хонадонимизга, камол топиб ўсиб келаётган фарзандларимизга ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз даркор. Бепарво ва лоқайдлик бўлишимиз кези келганда қимматга тушиши мумкин. Биз мўмин-мусулмонлар ҳам бу хайрли ва савобли ишларда четда томошабин бўлиб турмай маърифат ва маънавият билан курашишимиз лозим. Яратганнинг ўзи жаннат макон она юртимизни тинч ва осуда қилиб, ҳеч биримизни ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Улуғ неъмат –Мустақиллигимизга кўз тегмасин.
Абдурахманов Тоир
Конимех тумани Бош имом-хатиби