АҚИДА ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ

17-02-2022, 15:54 admin Мақолалар 288

АҚИДА ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ

Маълумки, ҳозирги турли мафкуравий хуружлар, турли ғоявий қарашлар авж олган даврда ақийда ўта долзарб масалага айланиб улгурди. Аслида бу нарса ислом ер юзида шаклланган илк кунлардан жорий этилганини эслатиш лозим. Йигирма уч йил давом этган пайғамбарликнинг ўн уч йили айнан ақидавий маслаларга бағишлангани бунинг мисолидар. Бу даврда нозил бўлган оятлар асосан, ақидани шакллантиришга қаратилган эди. Аллоҳга имон, қиёмат кунига ишонч, пайғамбарлар, фаришталар, китоблар, фаришта ва жинлар, тақдир ва қазо, яхшлик ва ёмонлик каби ақидавий мавзулар бу даврда нозил этилган оятларнинг мазуси бўлди. Аҳкомлар – намоз, рўза, закот, ҳаж, шунингдек, никоҳ, талоқ, қасам, байъ-широ каби муомалага оид ҳукмлар эса Мадина даврида нозил қилинган. Демак, кишилар қалбида ақидани шакллантириш учун ўн уч кетган, аҳкомларни жорий этиш учун эса ўн йиллик давр етарли бўлган. Хўш, ақида ўзи нима?
«Ақида» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуъасидир. Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қоддирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса, ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илм тасдиқланади ва унга бўлган ишонч кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгда мустаҳкам равишда қарор топгач, у ақлга ва банданинг қиладиган ишларига таъсир ўтказувчига айланади. Қачонки маълум бир илм фикрга айланиб, ҳис-туйғуларни йўллайдиган ва ҳаракатларни бошқарадиган ҳолга етса, ақидага айланган бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим.
Уламолар ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. «Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид» номли китоб соҳиби Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий: «У яқийний — ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», дейди.
«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий: «У, ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», дейди.
Имом Ғаззолий «Иҳёу Улумид дин»да: «Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деган.
Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида: «Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деган. Шунингдек, унда , унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, Пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади».
Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони қисқаси, аллома Али Қорининг «Ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида зикр қилинган таърифидир: «У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади». Яхшироқ эътибор берилса, ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади.
Ақида илмининг мақсади — динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир. Кишини ақийдада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир. Тўғри йўл изловчиларга ҳақни очиқ баён қилиш орқали йўл кўрсатиш, бўйин товловчиларга далил-ҳужжатларни исбот қилиш.
Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш. Хулосаси эса, барча шаръий илмлар каби, икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.
Кўриниб турибдики, ақида илм ва унинг мавзуси барча мўмин-мусулмонлар учун ўта муҳим ва зарурдир. Акс ҳолда банданинг қилаётган бирор ибодати, амали мақбул бўлмайди. Мазкур мавзу барча даврларда ҳам ўта долзарб бўлиб келганидек, хусусан, бизнинг бугунги давримизда янда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борда китоблар, илмий асарлар, турли рисолар, шунингдек, номзодлик, докторлик ва бошқа унвонлар остида ақида илмининг тарихи, келиб чиқиши, ривожланиш босқичлари, бу мавзуда асарлар ёзган алломалар ва уларнинг тарихлари, умуман, соғлом ақида, китоб ва суннатга мувофиқ бўлган, уламолар таърифича аҳли сунна вал жамоа ақидасинининг ўрни, аҳамияти ва унинг мусулмон киши шахсияти ва мусуслмонлар жамияти учун кенг манфаатларини ёритиб бериш ўта долзарбдир. Бу борада Саботул ожизин муаллифи келтирган ушбу сўз ибратлидир:
Шариат бехидур илму ақоид,
Томурсиз шоха сув бермак на фоид.
Яъни, шариат бир дарахт бўлса, унинг томири соғлом эътиқоддир. Худди томири йўқ шохга ҳар қанча сув берганида фойда қилмаганидек, эътиқоди соғлом шаклланмаган киши ҳар қанча ибодат қилса қабул бўлмайди.

Вилоят бош имом хатиби Тоҳир Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш