Бугунги кунда ақида ва ақидапарастлик тушунчалари, уларнинг ғояси, моҳияти, амалиёти ва улар мазмунидаги моҳиятан тўқнашув нималарда намоён бўлишини ажрата билиш, ақидапарастликнинг асл бузғунчи ғояларини, унинг ниқоби остидаги асл башарасини фош қила билиш энг долзарб вазифалардан саналади.
“Ақида” сўзи арабча “ақада” феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган барча нарсаларнинг ростлигини тасдиқлаб, қалб ва кўнгил боғлаб ишонилиши лозим бўлган нарсалар “ақида” дейилади. Ислом ақидаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.
Ақида илмининг мақсади – динга бўлган ишончни, диний ақидаларни қатъий далиллар билан исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир; кишини ақидага тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир; тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш, аксинча, бўйин товловчиларга эса, далил ва ҳужжатларни исбот қилишдир; дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилишдир; бу илмнинг асосий мақсади эса, барча шаръий илмлар каби, икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.
Ақидани тўғрилаш ва уни мустаҳкамлаш ҳақида Сўфи Оллоҳёр шундай ёзганлар:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса – елдур.
Ҳаётда жуда кўп яхшиликлар, одамларда катта яратувчанлик бор. Афсус, бузғунчилик ҳам йўқ эмас. Ҳаётда, айниқса ақида масалаларида тўғри йўлдан кетиш, бузғунчиликни эса, ўз вақтида пайқаб, ундан воз кечиб, тўғри яшай олиш – инсон ва жамият такомили, инсон ва жамият поклиги, уларнинг мафкуравий соғломлигини англатади. Тўғри ақидани билиш, уни таниш ва қабул қилиш тарихий воқелик бўлиб, унинг илдизлари узоқ ўтмишимизга бориб тақалади. Ақида тўғрилиги бизнинг миллатимизда ахлоқий сифат даражасига кўтарилган. Демак, ақида масаласида тўғри йўлни кўрсатиш, ҳам инсонпарварлик жиҳатидан, ҳам маънавий мерос жиҳатидан, ҳам исломий қадриятларни тарғиб этиш нуқтаи назаридан энг муҳим маънавий вазифадир.
Бошқа томондан, бу муаммони ҳал этиш бугунги доғули давр, дунё миқёсида турли мафкуравий таҳдидларнинг ортиб бораётгани билан ҳам боғлиқ. Ақида соғломлиги диний эътиқодда умумжамият равнақига тенг келади. Ақидани соғлом ушлаш – ёшларимизнинг тўғри йўлни кўра билиш, манфаатларини бузғунчи ёт ғоялардан асрай олиш қобилиятига таъсирини ўтказади.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний айтадилар: “Қалбнинг саломат бўлиши Ҳақ таоло рози бўлмаган нарсалардан узоқ бўлишдир. Эртага соғлом дилдан ўзга ҳеч нарса ёрдам бермайди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Инсон жасадида бир парча гўшт бор, агар у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади, агар у бузилса, бошқа аъзолар ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, бу қалбдир”. Тўғри танланган ақида қалбни бузилишидан сақлайди.
Ақида, унинг Ислом дини тарихида тутган ўрни ва ривожланиш босқичларини билиш барчамиз учун дастуруламал аҳамиятга эга. Биргина одамнинг ақидада адашиши эса аслида бутун жамият тинчлигига нисбатан таҳдид саналади. Бинобарин, соф ақидани бузғунчи ва ёт ақидапарастлик ғояларидан ажрата олиш кераклиги шубҳасиз.
Ўтган асрда Ислом динини ниқоб қилиб, бузғунчи, фитначи кучларнинг маълум талаблар билан майдонга чиқиши кенг кузатилди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Бундай кучлар асл соф Ислом ақидаларини атайлаб, тажовузкор сиёсий мақсадларини рўёбга чиқариш учун бузиб кўрсатишади. Дин омилидан бузғунчи гуруҳлар манфаатларини рўёбга чиқариш учун устомонлик билан фойдаланишади. Қуролли тўқнашувлар, террордан кенг фойдаланиш, давлат тўнтариши каби сиёсий ғояларни тарғиб қилиш бу гуруҳларнинг асл мақсадлари саналади. Буларнинг бари аслида жамиятнинг тинчлигига қарши қаратилган уринишлардир.
Ақидавий заҳарланиш бугунги кун ва келажак учун қандай ёмон оқибатларга олиб келишини ҳамма аниқ идрок этиши керак. Шунинг учун бузғунчиликка асосланган ёт ғояларга қарши халқ иммунитетини шакллантириш чора-тадбирларини эринмасдан, ҳар куни амалга ошириш зарур. Тарғибот ва ташвиқот ишларини бўшаштирмай, пок динимизга, миллий мустақиллик ғояларига садоқатли ватанпарварларни тарбиялай олсакгина, бутун жамият учун тўғри ақида йўлини танлаган бўламиз.
Хатирчи туман бош имом хатиби Ҳакимов Бектош.