Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Шунингдек, Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Ўқиш – илмнинг калитидир. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган пайтни эсга олайлик. Одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Жоҳилиятнинг бу ҳолатини ёритишга тарихчиларнинг қалами ўтмаслик қилади, дейилган. Шунда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятларини “Ўқи” деб нозил қилди. Нозил бўлган ушбу “оят” инсониятни биринчи бўлиб нима қилиш керак эканлигини кўрсатиб берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бир мусулмон киши учун илм талаб қилиш фарздир” деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ҳам илм олишни фарз даражасига кўтарди.
Мана шу ўринда Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган ояти ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳадисларини келтирдик халос. Аслида илмга таъаллуқли оят ва ҳадисларни қоғозга тушурадиган бўлсак, сиз азизларни ўқиш учун кетадиган кўп вақтларингизни олиб қўйган бўламиз. Шу икки далилни келтирган ҳолда, буюк ватандошимиз Имом-Бухорий ҳазратларининг илм сабабли шу дунёдаги иззату икромларини сизларга ибрат тариқасида айтиб бермоқчиман.
Совет иттифоқ даврида Москвага ливанлик меҳмон, муфтий Надийм ал-Жиср ташриф буюради. У киши ватандошимиз Имом-Бухорий ҳазратларини зиёрат қилиш истаги борлигини айтадилар. Ўша даврда имом-Бухорийнинг қабрларини излаш бошланади ва ниҳоят Самарқандда, Хартанг қишлоғида топилади. Коммунистик партиянинг масъул раҳбарлари ливанлик меҳмонни Москвадан Ўзбекистонга поездда олиб келиш режалаштирилади. Чунки, Имом-Бухорий ҳазратларининг қабри атрофи қаровсиз бир ҳолатда эди. Шояд меҳмон поездда келса-ю, тежаб қолинган 3-4 кунлик вақт давомида озгина бўлсада ҳазратнинг қабрларини тозалашса, йўлларини асфалт қилинса. Ҳуллас меҳмон етиб келадилар. Саҳар вақти роппа-роса соат 4:00да шайх Надийм ал-Жисрни машинада олиб келинади ва у киши машина чироқлари остида зиёрат қилишни бошлайдилар. Чунки қабристонга электр токи келмаган эди. Қайданам келсин, қабристонга боришни ўзи бир мушкул ҳолат бўлса. Надийм ал-Жиср эса Имом-Бухорий ҳазратларини зиёратларига боришда оёқ кийимларини ечиб, қабрлари олдига борадилар ва чўккалаб ўтириб олиб, Қуръони каримдан “Фотиҳа” сурасини, сўнгра бошқа сураларни узликсиз тиловат қила бошлайди. Коммунистик партия раҳбарлари эса, шайх Надийм ал-Жисрнинг бу зиёрати тезроқ тугатилишини сабрсизлик билан кутардилар. Ҳамма ушбу манзарадан ҳайратга тушиб, уни кузатиб туради. Меҳмон эса то пешингача Қуръон оятларини тиловат қилишни давом эттириб боради. Унинг юмилган кўзларидан тўхтовсиз ёш оқарди. Ниҳоят, у Қуръон тиловатини тўхтатгач, ёнларидаги мансаб эгаларига юзланиб, энг каттангиз ким бўласиз дейдилар. Самарқанд шаҳри (ижроия қўмитасининг раиси) раҳбарини кўрсатишгач, (Республика Президенти) Республика Олий Совети Президуми раиси билан учрашиш истаги борлигини билдирадилар. У киши Ўзбекистон Олий Совети Президуми раиси билан учрашадилар. Шунда шайх Надийм ал-Жиср Имом-Бухорий ҳазратларини мақбараси ва унинг атрофидаги тупроғини уларнинг вазнига тенг келадиган олтин баробарига сотиб олиш истаги борлигини билдириб, бу иш бутун Ислом оламининг барча томонларида катта мамнуният ва хайрихоҳлик билан кутиб олинади, деб ишонч билдирадилар. Республика Олий Совети Президуми раисининг жавоби бир қадар хижолатли ва мужмал тусда бўлади.
Юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонларидан Имом Бухорий мақбараси ва унинг атрофи бутун мусулмон оламининг эътиборини ўзига тортиб, гўзал ва файзли, мисли кўрилмаган даражада обод қилинди. Ундан ташқари, У кишининг ором топган масканларида имом-хатибларнинг ўқув ва малакаларини оширадиган “Имом Бухорий халқаро маркази” ташкил этилди.
Ҳақиқатдан ҳам, Аллоҳ таоло Имом Бухорийга катта фазл ва шараф ато қилган эди. Илм йўлида қилган хизматлари самараси ўлароқ у кишининг шуҳратларини бутун дунёга тарқатди. Имом Бухорий асрлар оша мўмин-мусулмонлар қалби тўридан жой олиб, уларнинг мақтовларига ва улуғлашларига мушарраф бўлиб келмоқда. Буларнинг ҳаммасига “илм” сабаблидир. Илм сабабли бутун дунё аҳли У кишини танийди.
Илмга меҳр қўйган, эгаллаган ото-боболаримиздан Мирзо Улуғбек ҳазратлари осмондаги юлдузларни санаган.
Илмга меҳр қўйган, эгаллаган ото-боболаримиздан Аҳмад ал-Фарғоний ҳазратлари ясаган гидротехника иншооти “Нил” дарёси сувининг миқдорини ўлчашда қўлланилмоқда.
Илмга меҳр қўйган, эгаллаган ото-боболаримиздан Абу Али Ибн Сино ҳазратлари Европада Авиценна (Avicenna) номи билан машҳур табиб сифатида танилган. Олимнинг кўп жилдлик тиббий асари – “Тиб қонунлари” бўлиб, бу асар ўз мазмунига кўра тиббий билимларнинг нодир мажмуаси - қомуси ҳисобланади. Медицина сўзи ҳам Ибн Сино ҳазратларининг сўзидан келиб чиққандир.
Ундан ташқари Абу Лайс Самарқандий, имом ал-Мотуридий, Махмуд аз-Замахшарий, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Юсуф Хос Ҳожиб, Лутфий, Абдурахмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби юзлаб олиму, уламоларимизни ҳам илм орқали ҳалқимиз ҳамда бутун дунё илм фанига қўшган ҳиссаларини гапириб адоғига етиб бўлмайди.
Буюк ватандошимиз, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари “Оламдан ғамсиз ўтай десанг, илм-у ҳунар урган” деганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, Қуръони карим илмга даъват қилиш билан нозил бўлган бўлса, Аллоҳнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ҳам илм олишни фарз даражасига кўтарган бўлса, аждодларимиз илм билан бутун дунё аҳлини қалбини эгаллаган бўлса, Ҳурматли Юртбошимиз ҳам барча фуқароларини илм олишга, китоб ўқишга, маърифатли бўлишга даъват қилиб турган бўлсалар, албатта биз китоб ўқишимиз, илмлик, маърифатлик бўлишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
Бобоназаров Сайдулла
Навбаҳор туман бош имом-хатиби