МУТААССИБЛИК – ЖОҲИЛИЯТ СИФАТИ

22-12-2021, 12:03 admin Мақолалар 391

МУТААССИБЛИК – ЖОҲИЛИЯТ СИФАТИ

Холис мусулмонга ярашмайдиган ёмон иллатлардан бири мутаассибликдир. У жамиятда низо-жанжал қўзғовчи омил, адоват оловини гуриллатувчи зўр ёқилғи бўлиб, жоҳилият аҳлининг хусусиятларидан ҳисобланади. Бугунги кундаги жамият ва халқаро миқёсдаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошишга бориб тақалади.
Мутассиблик луғатда бир нарсага қаттиқ боғланиб, кўр-кўрона эргашиш, ашаддий тарафкашлик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш каби маънолар англатади. “Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида: “Мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”, деб таърифланган.
Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор: кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, қабиласи, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши. Ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси меъёрдан ошса, мутаассибликка айланиб, эгасини ҳалокатга тортади. Чунки мутаассиб ҳақиқатни кўролмайди, кўрса ҳам, ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ дея олмайди, муроса йўлига юрмайди. Суҳбатдошини тинглашни истамайди, ҳар қанақасига ўзининг устози, қабиласи, ватандоши ва ҳоказоларнинг тарафини олиб, тутган маслаги ва ушлаган фикрини маъқуллаб, мутлақо тўғри деб тураверади. Жоҳилият даврида арабларда “Биродаринг золимми, мазлумми, унга ёрдам бер!” деган шиор бор эди. Шу шиор билан оилалар бир-бири билан жиққамушт бўлар, маҳаллалар ўзаро хусуматлашар, қабилалар ўртасида қонли жанглар йилларча давом этарди. Қуръонда фақат мақтов билан зикр этилган икки атама – “муҳожир” ва “ансор” лафзлари арабларнинг эски чақириғи услубида тилга олиниб, одам тўпланган чоғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни жоҳилият деб атадилар ва қораладилар: “Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда бирга эдик. Муҳожирлардан бир киши ансорларнинг бирини урди. Шунда ансорлардан бўлган киши: “Эй ансорлар”, деди. Муҳожир киши: “Эй, муҳожирлар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу қандай жоҳилият одати?!”, дедилар: Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, муҳожир киши ансорлардан бирини урди”, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ҳолатни ташланг, албатта, у нарса бадбўйдир”, дедилар” (Муслим ривояти).
Мутаассиблик турларидан яна бири диний мутаассибликдир. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири динлараро мулоқотга раҳна солишдир. Сўнгги вақтларда бу иллат кўпинча Ислом дини билан боғлиқ ҳодиса сифатида шов-шув қилинаётган бўлса-да, ашаддий диний тарафкашлик барча дин ва конфессияларга эътиқод қилувчилар орасида учрайди.
Диний мутаассиблик икки кўринишда намоён бўлади: Бошқа динларга нисбатан мутаассиблик ва динда мутаассибона ҳаракат.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Динга зўрлаб киритиш йўқ. Зеро, тўғри йўл залолатдан ажраб бўлди” (Бақара сураси: 256-оят). Уламолар бу оятни диний мутаассибликдан қайтарувчи далил сифатида келтирадилар.


Мутаассибликнинг хавфли томони шундаки, таассубга мойил одамлар жамиятда беқарорлик тўлиқинини келтириб чиқаришга қодирлар. Оммавийлик унсури эса муайян бир хатти-ҳаракатлар учун шахсий жавобгарлик ҳиссини йўқотиб юборади, ҳаракатга оммавий тус беради. Ўзининг шубҳасиз ҳақлигига, ҳақиқатни фақат ўзи билишига ишонч ҳисси зўравонлик ҳаракатларига мойиллик пайдо қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишга буюрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли зиммага заҳмат етказган кимсага Қиёмат куни хусуматчи бўлишларини эълон қилганлар. Аллоҳдан қўрққан мўмин учун бу ўта қаттиқ огоҳлантириш ҳисобланади. Чунки пайғамбарга озор берган кимсага аламли азоб ваъда қилинган. Эътибор берилса, оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон келтирмаган инсонни мўминман, деган одамдан ҳимоя қиляптилар. Бу эса ўзгача эътиқоддагиларга зулм қилиш ҳаромлигини яққол кўрсатувчи далилдир.
Динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қораланган. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетиш тушунилади. Бу чиқиб кетиш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, фарқи йўқ. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир” (Бақара сураси, 229-оят).
“Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки, У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир” (Ҳуд сураси, 112–оят).
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир”, деганлар (Ибн Можа, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган).
Динда ҳаддан ошмай мустақим туриш васатийликдир. Аллома Юсуф Абдуллоҳ Қарзовий ўзининг «ал-Хасоисул омма лил-Ислом» номли китобида васатияни қуйидаги таърифини келтиради: «Васатиянинг ўрнига «мувозанат» иборасини ишлатиш ҳолатлари ҳам бор. Бу билан икки бир-бирига қарши тарафлар орасида ўртамиёналик ва адолат ирода қилинади. Токи улардан бири ўз таъсирини ўтказиб бошқасини йўққа чиқармасин. Тарафлардан бири ўзига тегишли ҳақдан кўпни олиб қарши тарафга устунлик қилмасин ва уни йўқ этмасин. Қарама-қарши тарафлар дейилганда руҳонийлик ва моддийлик, якка шахс ва жамоат, воқеъийлик ва хомхаёл, собитлик ва турғунсизлик каби нарсалар кўзда тутилган бўлади. Мазкур қарама-қарши нарсалар орасида васатийликнинг жорий қилиниши уларнинг ҳар бирига ўзига яраша ва керакли имкон бериш ҳамда бунда зарар етказиш ва чегарадан чиқиш, ҳаддан ташқари қаттиқ тутиш ва ҳаддан ташқари бўш қўйиб юбориш ҳолатларига йўл қўймаслик ила бўлади».
Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлийнинг қуйидаги сўзлари Ислом динининг мутаассибликка муносабатини ихчам тарзда ифода этади: «Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…».

Навоий вилоят бош имом хатиби Тоҳиржон Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш